«Барселона» ёзда «Арсенал» ярим ҳимоячиси Месут Ўзилни сотиб олишга ҳаракат қилади.
"As" тарқатган маълумотга қараганда, германиялик футболчи Испания чемпионатига қайтиши мумкин. Бироқ унинг «Барселона»га ўтиши осон кечмайди. Боиси, "Реал" 2013 йилда Ўзилни «Арсенал»га сотар экан, трансфер шартномасига бир қатор шартларни киритган. Жумладан, Испаниянинг бошқа жамоаси футболчини сотиб олишни истаса, «Реал» 48 соат ичида Ўзилни қайта сотиб олиш имконияти бўлади.
Бундан ташқари, Месутнинг трансфер баҳоси 50 миллион евродан ошадиган бўлса, мадридликлар трансфер суммасининг 33 фоизини олишади.
Юқоридаги шартларнинг биринчисидан қутулиб қолиш учун «Барселона» клуби «Реал»га қўйиладиган трансфер тақиқига умид қилмоқда. Шунда мадридликлар Ўзилни қайта харид қила олишмайди.
Иккинчи шарт бўйича: каталонияликлар «Арсенал»га нафақат пул, балки ўзининг айрим ўйинчиларини таклиф қилмоқда. Маълумотларга қараганда, «Барса» Ўзилни қўлга киритиш учун Арда Туран, Мунир эл-Ҳаддодий ва Сандро Рамиресни лондонликларга бериши мумкин.