Бугун Ўзбекистон кубоги нимчорак финал дастлабки учрашувлар доирасида Тошкентнинг икки клуби – “Обод” ва “Бунёдкор” ўзаро баҳс юритишди ва анчагина қизиқарли кўриниш олган матч 2:2 ҳисобида якунига етди.
Ўйин якунлангач микст-ҳудудда футболчиларга ўйин борасидаги саволларимиз билан мурожаат қилдик. “Бунёдкор” етакчиларидан бири Шакер Зуаги мазкур баҳс юзасидан қуйидагиларни таъкидлади.
— Учрашув қийин кечди. “Обод” футболчиларида ғалабага бўлган иштиёқи катта эди. Кўпчилик етакчи футболчиларимиз майдонга тушмади. Кубок баҳслари доим ҳам қийин ўтган. Айниқса, “Обод”га қарши ўйинлар осон кечмаслигига ўтган йили ҳам гувоҳ бўлгандик. “Обод” яхши таркибга эга, ёш футболчилари кўп. Улар яхши тўп суришди. Футболчиларнинг техникаси яхши. Ҳали жавоб учрашуви бор. Иккинчи ўйинда ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.
— Рақибдан бундай қаршиликни кутганмидингиз?
— Ҳа, албатта. Кутилган эди. Уларнинг ўйинини кузатдик. Ғалабага бўлган иштиёқи катта эди.
— Дарвозабоннинг хатоси?
— Бу каби вазиятлар бўлиб туради. Ким ҳам хато қилмайди? Бу ноодатий ҳолат эмас. Асосийси бир-биримизни қўллаб-қувватлашимиз керак.