Қатар ҳукумати 2022 йилги жаҳон чемпионатини қабул қилиш мақсадида қурилаётган объектларда ишлаётган хорижий ишчиларнинг аҳволини яхшилаган. Бу ҳақда ФИФА баёнотида маълум қилинди.
Бундан олдинроқ, Amnesty International нотижорий ташкилоти томонидан мамлакат ҳудудида 2 миллион нафарга яқин меҳнат муҳожири меҳнат қонунчилигидан ташқарида меҳнат қилаётгани ҳақида эълон қилганди. Бу ишчилар 2022 йилги ЖЧ учун қурилаётган объектларда ҳам меҳнат қилаётгани айтилганди.
31 март куни ташкилот янги ҳисоботини чоп этди. Унда ФИФА ўтган вақт ичида Қатарда бу борада ўзгаришга эриша олмагани баён этилган. Amnesty International кейинги 2 йил ичида мундиал учун қурилаётган объектларга ҳозирдагидан кўра кўпроқ муҳожирлар жалб этилиб, уларнинг сони 36 минг нафарга етишини прогноз қилган.
ФИФА эса буни инкор этмоқда.
"Биз Қатардаги қурилиш ишлари ҳукумат томонидан тегишли меъёрлар асосида йўлга қўйилганига тўла ишонч билдирамиз. Чемпионат учун қурилаётган майдонларда меҳнат қилаётган хорижлик меҳнат муҳожирларининг аҳволи яхшиланган", дейди ФИФАнинг барқарор ривожланиш бўлими директори Федерико Аддиеки.
У ташкилот вазиятни диққат билан кузатиб бораётганини қайд этган ва Қатар ҳукумати билан алоқада бўлиб турилганини айтган.
"Албатта, ҳали ҳал қилинмаган муаммолар ҳам етарлича, лекин биз тўғри йўлдан кетмоқдамиз ва қурилиш ишларида меҳнат қилаётган ишчиларнинг ҳуқуқлари таъминланишига интилишда давом этамиз", деган у.
Қатар 2010 йилнинг 2 декабрида Цюрихдаги маросимда 2022 йилги мундиалга мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритганди. Иқлимдаги ноқулайлик туфайли Қатардаги жаҳон чемпионати одатдагидек ёзда эмас, куз ва қишда ўтказилади (21 ноябрдан 18 декабргача). Турнирни мамлакатдаги 7та шаҳар ўзида қабул қилади: Доҳа, Лусайл, Ал-Вақра, Ал-Ҳор, Ал-Райяан, Умм-Салал ва Мадинат-аш-Шамал.