Англиянинг "Манчестер Юнайтед" жамоаси раҳбарияти бош мураббий Луи ван Гаалга ёзги трансферларда ўзи истаган харидларни амалга ошириши учун 100 млн евро миқдорида маблағ ажратади. Бу ҳақда Нидерландиядаги De Telegraaf нашри хабар ёзган.
Манбанинг маълумотига кўра, жамоанинг ёзги трансферлардаги асосий мақсади "Эвертон" ҳужумчиси Ромелу Лукаку бўлади. Унга жамоа 70 млн евро тўлашга тайёрлиги айтилган.
Бундан аввалроқ, ОАВда ҳолландиялик мураббий жамоани тарк этиши мумкинлиги, унинг ўрнини португалиялик мутахассис Жозе Моуриньо эгаллаши мумкинлиги айтилганди.
Ван Гаал "МЮ" билан 2014 йилнинг ёзида, Нидерландия терма жамоасидан кетгач шартнома имзолаганди. У ўз вақтида "Аякс", "Барселона" ва "Бавария" жамоаларида муваффақиятли равишда ишлаганди.
Унинг манчестерликлар билан амалдаги шартномаси 2017 йилнинг ёзига қадар тузилган. 64 ёшли мутахассис "МЮ"дан кетганидан кейин фаолиятини якунлаши ҳақида маълум қилганди.
Айни вақтда, 31 турдан кейин "МЮ" Англия чемпионатининг бешинчи ўринида жойлашган.