9 апрель куни Қўқонда Олий лига 4-тур доирасидаги “Қўқон-1912” – “Бухоро” жамоалари ўртасидаги ўйин бўлиб ўтади. Бу жамоаларнинг статистик маълумотларини ҳукмингизга ҳавола этамиз.
Ўзаро ўйинлар
Ушбу жамоалар Олий лигада 20 бора тўқнаш келишган. Шулардан 8 тасида вакилларимиз ғолиб бўлишган, 2 та ўйин дуранг натижаси билан интиҳо топган. 10 та учрашувда бухороликларнинг қўли баланд келган. Тўплар нисбати 40:30, “Бухоро” фойдасига. Ўзаро ўинларда “Бухоро” 32, “Қўқон-1912” эса 26 очкони қўлга киритган.
Ушбу жамоалар ўртасидаги сўнгги икки учрашувда томонлар бир мартадан ғалаба қозонишган.
Қўқонда бўлиб ўтган баҳсда 2:1 ҳисоби қайд этилган бўлса, Бухородаги ўйин 2:0 ҳисобида майдонга эгалари фойдасига ҳал бўлган.
Йўқотишлар
4-тур олдидан жамоамиз сафида бир қатор ўзгаришлар мавжуд. Алишер Зиявуддинов ва Наврўз Алимовлар жароҳат боис машғулотларда иштирок эта олмаётган бўлса, Нодир Қўзибоев якка таркибда шуғулланишни бошлади. Ушбу футболчилар бўлажак учрашувни ўтказиб юборишлари мумкин.
Қўшимча номга эга шаҳарлар
Шанба куни узоқ тарихга эга икки шаҳарнинг жамоалари ўзаро майдонга тушишади. Айтишларига қараганда, қўшимча номи бор шаҳарлар дунёда жуда кам экан. Аниқроғи, Ҳуқандли латиф ва Бухорои шариф номи билан аталувчи шаҳарларни бутун дунёда тан олишган.
Яна бир қизиқ жиҳати шундаки, бу икки жамоа олдин бошқа номлар билан фаолият юритишган ва кўплаб ютуқларга эришган.
Собиқ футболчилар
Айни дамда бухороликлар шарфани ҳимоя қилаётган бир қатор футболчилар илгари “Қўқон-1912” жамоаси тўп суришган ёки Қўқон футбол мактаби тарбияланувичиси саналишади.
Масалан, Руслан Мелезиддинов Қўқон шаҳрида туғилган бўлиб, футболдаги фаолиятини айнан шу ерда бошлаган.
Асилбек Омонов эса ўтган мавсумнинг иккинчи даврасида “Қўқон-1912” жамоасида тўп сурган. Шунингдек, ўтган йили жамоамиз сафида бўлган Шохрух Холматов ҳам ҳозирда Бухорода фаолият юритмоқда.
“Қўқон-1912” жамоаси сафида ҳам “Бухоро”нинг собиқ ўйинчилари йўқ эмас. Илья Ильинни бухоролик футбол мухлислари яхши танишади. Илья фаолиятнинг маълум қисмини “Бухоро”да ўтказган. Шунингдек, Ойбек Нурбоев ҳам маълум муддат “Бухоро” шарафини ҳимоя қилган.
Адашлар
Шанба куни ўзаро ҳисоб-китоб қиладиган жамоалар сафида иккита адаш футболчилар тўп суришади. Аниқроғи, “Қўқон-1912” сафида ҳам, “Бухоро” таркибида ҳам Азиз Ибрагимов номли футболчилар бор. Ҳар икки футболчи ҳам 1986 йилда туғилган.
Ҳакамлар
9 апрель куни Қўқон шаҳридаги “Марказий” ўйингоҳда бўлиб ўтадиган “Қўқон-1912” – “Бухоро” учрашувини Ҳасан Рўзиев бошчилигидаги ҳакамлар бошқариб борадиган бўлди.
Ушбу ҳакам ўтган йили ҳам 4-турда Қўқондаги ўйинни бошқарган экан. Ўшанда жамоамиз ўз майдонида “Андижон” жамоасини қабул қилганди.
Умуман олганда, Рўзиев ўтган йили “Қўқон-1912” жамоаси иштирокидаги иккита баҳсни бошқариб борган.
Ҳасан Рўзиев Олий лига-2015 16-тур доирасидаги “Динамо”га қарши бўлиб ўтган баҳсда ҳам ишлаган. Ушбу беллашув ҳам Қўқонда ўтган. Демак, бу ҳакам учинчи марта Қўқонга ташриф буюрмоқда.
Олий лига
4-тур
9 апрель
«Қўқон-1912» (Қўқон) – «Бухоро» (Бухоро)
Ҳакамлар: Ҳ. Рўзиев (Тошкент), О. Абдувасилов (Тошкент), С. Шоюсупов (Тошкент), Д. Мухторов (Тошкент)
Назоратчи: С. Нажафалиев (Тошкент).
Қўқонда ўтган сўнгги учрашувлар
02.05.2015
Қўқон 1912 – Бухоро – 2:1 (0:0)
23.06.2003
Қўқон 1912 – Бухоро – 1:0 (0:0)
21.09.2002
Қўқон 1912 – Бухоро – 1:0 (0:0)
05.11.2000
Темирйўлчи – Бухоро – 1:6 (0:3)
18.09.1999
Темирйўлчи – Бухоро – 4:1 (2:0)
06.11.1998
Темирйўлчи – Бухоро – 3:1
01.10.1995
Темирйулчи – Нурафшон – 3:0 *
25.09.1994
Темирйўлчи – Нурафшон – 1:0
18.09.1993
Темирйўлчи – Нурафшон – 4:0 (2:0)
10.05.1992
Темирйўлчи – Нурафшон – 1:1 (0:1)
Факт: Қўқонда ўтказилган ўйинларнинг 8 тасида “Қўқон-1912” жамоаси ғалаба қозонган. Битта ўйин дуранг натижа билан якунланган. “Бухоро” атиги бир марта Қўқондан уч очко билан қайтган. Қўқондаги баҳсларда мезбонлар 24 очкони қўлга киритишган.
Эслатиб ўтамиз, ўйин 9 апрель куни Қўқон “Марказий” ўйингоҳида соат 16:30да бошланади.