Хабарингиз бор, 9-11 апрель кунлари Олий Лигада 4-тур учрашувлари бўлиб ўтди. Мазкур тур доирасидан ўрин олган беллашувларнинг аксарияти жуда муросасиз ва қизиқарли кўриниш олди.
Биласиз, SPORTS.uz интернет-портали ҳар тур якунида ўйинларда ўзларини яхши томондан намойиш этиб, ишқибозлар олқишига сазовор бўлган футболчилардан иборат рамзий жамоа тузиб келади. Бу сафар ҳам анъанамизга амал қилган ҳолда 4-тур рамзий терма жамоасини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Дарвозабон: Санжар Қувватов (“Насаф”)
Сўзсиз,турнинг марказий матчида мамлакатимизнинг икки етакчи жамоаси – “Пахтакор” ва “Насаф” ўзаро тўқнаш келишди. Анчагина қизиқарли руҳда кечган ўйинда қаршиликлар посбони Санжар Қувватов ўзининг ишончли ҳаракатлари билан жамоасининг пойтахтдан очко олиб қайтишида муҳим роль ўйнади. Маҳоратли дарвозабон бир неча бор рақибинг аниқ зарбаларини қайтара олди. Шу сабабли ҳам тур терма жамоамиз дарвозаси Санжар Қувватовга “ишониб топширилди”.
Ҳимоячилар: Камолиддин Тожиев (“Пахтакор”), Мурод Холмуҳаммедов (“Сўғдиёна”), Мақсуд Каримов (“Насаф”), Артём Филипосян (“Бухоро”)
“Пахтакор” – “Насаф” баҳсида ўзини ижобий томондан кўрсата олган футболчилардан яна бири – “шерлар” ҳимоячиси Камолиддин Тожиев бўлди. Тажрибали ўйинчи “аждарлар”нинг хавфли ҳужумларини бартараф этишда жонбозлик кўрсата олди. Қолаверса, Камолиддин Тожиев жамоасининг ягона голига муаллифлик ҳам қилди. Шу боисдан уни ҳам рамзий жамоага киритишга қарор қилдик.
Тур доирасидан ўрин олган яна бир шиддатли баҳслардан бирида Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоаси Тошкентнинг “Локомотив” клубини қабул қилди. Жуда кескин руҳда ўтган матчда томонлар муроса кўчасини танлашди – 1:1. Ушбу ўйинда жиззахликлар сафида Мурод Холмуҳаммедов ўзининг фаоллиги билан ажралиб турди. Маҳоратли ҳимоячи “Локо” олдинги чизиғи вакилларини бир неча бор тўхтатиб қолишга эришди. Шунингдек, Холмуҳаммедов ўйиннинг 47-дақиқасида рақиб дарвозаси томон белгиланган пенальтини аниқ амалага оширди. Якунда “Сўғдиёна” кучли рақибдан очко олиб қўя олди.
“Насаф”нинг “Пахтакор” майдонидан очко билан қайтишида ўзининг муносиб хиссасини қўша олган футболчилардан бири – бу тажрибали ҳимоячи Мақсуд Каримовдир. Қаршиликлар мудофаа қўрғони вакили “Пахтакор” футболчиларига ўтиб кетиш имконини бермади. Жамоа дарвозаси яқинида юзага келган хавфли вазиятларни йўққа чиқаришда Мақсуд Каримов беназир ҳаракат қилди.
Жорий йилги мавсумда яхши ўйин намойиш этиб, мухлисларини хушнуд этаётган “Бухоро” 4-турда ҳам ғалабага эришди. Бухороликлар бу гал “Қўқон-1912” уйига сафар уюштиришди ва кичик ҳисобдаги ғалабани қўлга киритишди. Мазкур беллашувда мезбонларнинг кўп сонли ҳужумларини қайтарган “Бухоро” ҳимоячилари ичида Артём Филипосян айниқса, ажралиб турди. У қўқонлик футболчиларга кўп вазиятларда ўз дарвозаси томон зарба беришга йўл бермади.
Ярим ҳимоячилар: Шаҳзод Шайманов (“Машъал”), Алишер Шоғуломов (“Андижон”), Сато Минори (“Бунёдкор”), Аббос Маҳсталиев (“Нефтчи”), Илҳом Юнусов (“Қизилқум”).
Муборакнинг “Машъал” жамоаси эса 4-турда Наманганнинг “Навбаҳор” жамоасини қабул қилди ва қийинчилик билан ғалаба қозонди – 2:1. Ўйинда “газчилар” сафида энг фаол ҳаракат қилган футболчи – маҳоратли ярим ҳимоячи Шаҳзод Шайманов бўлди. Шайманов ўйин давомида тез-тез рақиб дарвозаси яқинида хавфли вазиятлар яратиб турди. Қолаверса, футболчи гол киритишга ҳам муваффақ бўлди.
Тур доирасидаги яна бир қизиқарли қарама-қаршилик Водийда кузатилди. Унда “Андижон” “Нефтчи”га қарши баҳс олиб борди. Ўйинда “бургутлар” 2:1 ҳисобида ғалабага эришишди. Ғалабага чап қанотда жуда фаол ўйин намойиш этган футболчи Алишер Шоғуломов ҳам ўз улушини қўша олди. Шоғуломов муттасил қанотдан ёриб кириб турди ва ўз ҳисобига гол ёзидириб қўйишга ҳам эришди.
Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби 4-турда Ғузорга сафар уюштирди ва “Шўртан” меҳмони бўлди. Ўйинда “қалдирғочлар” кичик ҳисобда зафар қучишди. Баҳс тақдирини ҳал қилган ягона гол эса япониялик футболчи Сато Минори ҳисобига ёзилди.
“Андижон” – “Нефтчи” қарама-қаршилигида ўзини кўрсата олган футболчилардан яна бири Аббосбек Маҳсталиев бўлди. Футболчи “Андижон”га қарши кечган ўйинда жуда фаол тарзда ўйин намойиш этди. Маҳсталиев тез-тез жамоадошларини олдинга бошлаб турди. Лекин якунда “Нефтчи” меҳмонда имкониятни бой бериб қўйди.
Жорий йилги чемпионатимизда жуда яхши старт олган “Қизилқум” 4-турда ҳам мағлуб бўлмади. Навоийликлар сафарда “Обод” майдонида 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади. Мазкур баҳсда ҳам Илҳом Юнусов худди ўтган турлардаги каби жуда яхши ўйин кўрсатди. Футболчи жамоасининг ҳужумларини ташкил этишда ҳам жуда яхши ҳаракат қилди. Қолаверса, Юнусов 15-дақиқада Дилшод Ҳамроев дарвозаси томонига белгиланган 11 метрли зарбани аниқ амалга оширди.
Ҳужумчи: Бобир Абдухолиқов (“Насаф”)
Бу гал ҳужум чизиғидан фақат бир нафар ўйинчи ўрин олди. “Пахтакор”га қарши ўйинда “Насаф”га муҳим очко олиб келган гол муаллифига айланган ёш ҳужумчи Бобир Абдухолиқов чиндан рамзий жамоадан ўрин олишга лойиқ, наздимизда. Зеро ҳали 18 ёшда бўлган ушбу форвард ўйин давомида тез-тез кўзга ташланиб турди. У тўп билан бўлганда ҳам, тўпсиз ҳам ёмон ҳаракат қилмади. Агар Абдухолиқов ўз устида ишлашда давом этса, яқин вақт ичида терма жамоамиз яна бир яхши савиядаги ҳужумчига эга бўлади.