Хабарингиз бор, Малайзия пойтахти Куала Лумпур шаҳрида Жаҳон чемпионати-2018 саралашининг сўнгги ҳал қилувчи босқичига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.
Қуръа натижасига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси “А” гуруҳидан ўрин олди ва Эрон, Жанубий Корея, Хитой, Қатар ҳамда Сурия терма жамоалари билан тўқнаш келадиган бўлди.
Биз миллий терма жамоамиз дарвозабони Александр Лобановнинг қуръа бизга тақдим этган рақиблари борасидаги фикрлари билан қизиқдик.
- Ўйлашимча, қуръа натижасига кўра бизга ўйнаса ва ютса бўладиган рақиблар тўғри келди. Рост, бу терма жамоаларнинг ҳеч бирини кучсиз деб бўлмайди. Аммо мағлуб этиб бўлмайдиган жамоанинг ўзи йўқ! Мисол учун, Эрон термаси билан Ўзбекистон илгари ҳам бир неча марта тўқнаш келган. Балки биз форслар билан доим ҳам муваффақиятли ўйнамагандирмиз… Лекин ҳар қандай нохуш серия ҳам қачондир тугайди.
Жанубий Корея эса гуруҳдаги энг ноқулай рақиб. Бундай кучли термалар билан бўладиган уйдаги ўйинда имкон қадар 100 фоизлик натижа қайд этиш керак. Меҳмонда эса очко олиш учун уриниш лозим.
Ўйлашимча, олдимизда турган бош вазифани бажара оламиз. Бунга кучимиз етади. Биз энг эзгу ниятимизни амалга ошириш учун қўлдан келганча уринамиз, - дейди маҳоратли посбон SPORTS.uz интернет-портали мухбирига.