ФУТБОЛ ҲАҚИДА АЙТИЛГАН 100та ЭЪТИБОРЛИ ИБОРА (иккинчи қисм). Газетамизнинг аввалги сешанба куни чоп этилган 27 (1339)-сонида «Қизиқ, киноя аралаш ва доно...» сарлавҳаси остида буюк мураббийлар ҳамда шундай футболчилар томонидан турли вақтларда зикр этилган энг сара ибораларни ҳавола қилгандик. Тўғрироғи, Championat.com сайти ижодкорлари саралаган топ-100 тўпламининг ярми, яъни 50та иборани баён этгандик. Бугун эса ўша рўйхатдан ўрин олган яна 50та кинояли, қочирим ва доно гапни ёдингизга соламиз. Айтиш жоиз, британиялик журналист Фил Шоу китобидан олинган бу иборалар футболчи ва мураббийларнинг автобиографик асарлари, шунингдек, интервьюларидан сараланган.
1. - Агар «Уэмбли»да вақтни чоғ ўтказишни хоҳласангиз, унда немисларни сира таклиф қилманг. Алан Ширер.
2. - «Милан»дан юқорида фақат осмон борлигини айтганманми? Тўппа-тўғри. Бироқ «Интер» осмондан ҳам юқорида. Антонио Кассано.
3. - Италия футболи - бу қўрқув ўйини. Икки киши ҳужум қилади, 10 киши ҳимояланади, ёш футболчилар эса захирада ўтиришади. Арриго Сакки.
4. - Футбол - муҳим саналмайдиган ишлар ичида энг муҳими. Арриго Сакки.
5. - Агар сен жарима майдонида тўп билан нима қилишни билмасанг, шунчаки, гол ур. Яна қандай йўл тутишинг мумкин бўлганини эса, ўйиндан сўнг ўзимиз муҳокама қилиб олаверамиз. Боб Пэйсли.
6. - Бўлажак хотинимнинг отаси нима билан шуғулланишимга қизиқди. Мен унга футболчи эканлигимни айтсам, юзини буриштириб, бирор касбим бор-йўқлигини сўради. Шунда жавоб бердим: «Футбол ҳам касб». Аммо қиёфаси ўзгармаганини кўриб, ғишт териш қўлимдан келишини қўшимча қилдим. Қарангки, буни эшитиши ҳамоно унинг чеҳраси очилиб кетди. Боб Пэйсли.
7. - Менинг «Ливерпул»даги ишим доим ҳам омадли чиқмаган. Бир сафар биз иккинчи ўринни олганмиз... Боб Пэйсли.
8. - Ҳакамларнинг муаммолари шундаки, улар ўйин қоидаларини жуда яхши билишадию, унинг ўзини сира тушунишмайди. Билл Шенкли.
9. - Биринчи бўлимда майдонда қўлларида таёқча ушлаган ЦСКА либосидаги академикларни кўрдим. Иккинчисида эса профессионал футболчилар намоён бўлишди. Валерий Газзаев.
10. - Ўйин унутилади, натижа қолади. Валерий Лобановский.
11. - Мураббийлик иши? Мен ўзимдаги футболчилик хусусиятларини йўқотишни истамайман, бу омадли мураббий бўлиш учун жуда муҳим. Деннис Бергкамп.
12. - Дарвозани қўриқлаш учун энг яхши жой - рақиб жарима майдони. Жок Стейн.
13. - Бу менинг қўлим эмас, Яратганнинг қўли эди... Диего Марадона (ЖЧда қўл билан урган голига изоҳ).
14. - Ҳаётдан кўз юмсам, кимлар билан учрашиб юрганим, кимлар билан муштлашганим ва нечта машинани пачоқ қилганимни биров эсламайди, негаки, булар аҳамиятсиз. Ҳамма менинг ўйинимни эслаб қолади. Жорж Бест.
15. - 1969 йили алкоголь ва аёллардан юз ўгирдим, фақат, иродам атиги 20 дақиқага етди. Жорж Бест.
16. - Мактабда жамоа тузишганида, мени доимо энг охирида таркибга қўшардилар. Чунки жуда кичик эдим. Дэвид Бекхэм.
17. - Мен томон отилган тошлар битта ёдгорлик мажмуаси қуришга етиб ортади. Жозе Моуриньо.
18. - Ғалабалар ҳеч қачон жонга тегмайди. Сиз кетма-кет 10та ўйинни ютинг, 11-ютуқни нишонлашга иштиёқингиз янада ошади. Зайниддин Зидан.
19. - Ҳаёт афсус-надоматларга тўла, лекин улар сарфланган вақтга асло арзимайди. Зайниддин Зидан.
20. - «Феррари» сотиб олиб, уни «Фиат»дек ҳайдашингдан қандай маъно бор?». Златан Ибрагимович.
21. - Агар тўп сизларда бўлса, майдонни имкон қадар кенг олишингиз лозим. Бордию, тўп рақибларга ўтса, унда майдонни имкони борича торайтиринг. Йохан Кройфф.
22. - Ҳар бир камчилик бора-бора устунликка айланиши мумкин. Йохан Кройфф.
23. - Итальянлар ҳеч қачон ҳеч кимни ютолмайдилар, бироқ уларга ютқазиш доимо осон. Йохан Кройфф.
24. - Мен собиқ футболчи, собиқ мураббий, собиқ директор ва собиқ фахрий президентман. Шу рўйхат ҳам ҳар нарсанинг хотимаси борлигига далолат. Йохан Кройфф.
25. - Асабларни тинчлантириш ва мушакларни меъёрий ҳолатга келтириш сири борми? Очиғи, бундан хабарим йўқ. Лев Яшин.
26. - Ишончим комил, бир неча ҳафтада инглизчада гапиришни мени ҳар қандай немис тушунадиган даражада ўрганиб олиш қўлимдан келади. Лотар Маттеус.
27. - Сак-сак югуриш - бу ҳайвонларга хос. Бизга эса футбол ўйнаш учун ақл ва тўп керак. Луи ван Гал.
28. - Мен термани қабул қилдим, бироқ умидворманки, ўзимдан жамоа қолдираман. Луис Арагонес.
29. - Ихтиёрингда энг кучли футболчиларнинг жамланишгани энг яхши жамоага эгалигингни англатмайди. Марчелло Липпи.
30. - Табиатан мақтовларни ёқтирмайман. Танқид эшитишим ва уларни инкор этишим маъқулроқ. Пол Скоулз.
31. - Мен 3та жаҳон чемпионатини пенальтилар серияси туфайли бой бердим. Агар бу нарса асабларимга таъсир эта бошлаганини айтсам, мени тушунарсизлар... Роберто Баджо.
32. - Ишим - оддий тажовузкорлик. Мен ҳар сафар урушга чиқаман. Яъни майдонда бажарадиган ишимни футбол ўйинидаги иштирокка менгзаш қийин-ов. Рой Кин.
33. - Одамларнинг айтишларича, оқимга қараб сузиш керак экан. Бироқ биласизми, нима оқим бўйича сузади? Ўлик балиқ. Рой Кин.
34. - Агар Патрик Виейра билан жанжалимиз муштлашувгача етганидами, у мени шунчаки, ўлдириб қўярди. Рой Кин.
35. - Агар кечаси клубга бормасам, унда кундузи гол уролмайман. Ромарио.
36. - Мен чиройли эмасман. Аммо майдондаги хатти-ҳаракатларим барчани ром этади. Роналдиньо.
37. - Жаҳон чемпионатидаги ғалаба олий даражадаги кўнгилхушликдан ҳам яхши. Йўқ, кўнгилхушлик у қадар ёмон эмас, аммо мундиал ундан фарқли ўлароқ, 4 йилда бир марта бўлади. Роналдо.
38. - Одатда футболка алмаштирилганида, уларнинг ҳаммасидан тер ҳиди анқийди. Лекин Бекхэм формасидан фақат одеколон ифори димоққа урилади. Демак, у тер ҳидини нимадир қилиб йўқотади ёки баданидан шунчаки, парфюмерия воситаси чиқади. Роналдо.
39. - Мен ақл эмас, балки қалб билан ўйнайман. Бошқача айтсам, майдонда ўйламайман -ҳаракатланаман. Тьерри Анри.
40. - Итальянлар футбол ўйинини худдики урушдек бой беришади. Урушда эса мисли футбол ўйинидек ютқазишади. Уинстон Черчилль.
41. - «Фейеноорд» ҳақида билганим фақат шуки, бу клуб ҳам «Аякс» ўйнайдиган мамлакатдан. Фабио Капелло.
42. - Футболда кучлилар ғалаба қозонишмайди, аксинча, ким ғалаба қозонса, ўша кучли. Франц Беккенбауэр.
43. - Устунлик ҳеч нарсани англатмайди, агарда рақибда имкониятлар туғиладиган бўлса. Франц Беккенбауэр.
44. - Кийиниш хонасига кириб, гоҳида ўзимни Голливудга тушиб қолгандек ҳис қиламан. Франц Беккенбауэр.
45. - Мен тики-такани сира ёқтирмайман ва у ҳақда бошқа эшитишни ҳам истамайман. Тики-така - чиқинди уюми, «пас» йўлида яна бир «пас». Мен шогирдларимни бундай бемаънилик билан вақт ўтказишга мажбур қилолмайман. Хосеп Гвардиола.
46. - Бугун Лео Мессини тўхтатиб қолишингиз учун сизга шунчаки, пулемёт керак бўлади. Христо Стоичков.
47. - Отам менга шундай деганди: «Эдик, футбол - яхши юмуш, бу ишга ёрдамчи. Агар футболда ногаҳон омадсизликка учрасанг, заводда иш топишинг анча осон». Эдуард Малофеев.
48. - Футболнинг ҳоли не кечарди, агарда мен бўлмаганимда...? Элленио Эррера.
49. - Чайка нега нуқул траулер ортидан учади? Чунки майда балиқларни қайта денгизга улоқтиришларини кутади. Эрик Кантона.
50. - Спорт тўлиқ назорат қилинади. Ҳозир футбол учрашувлари ва ҳовлидаги ўйинлар ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик қолган эмас. Бу ерда ижодкорликка ўрин йўқ. Яри Литманен.
Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади