Футбол бўйича ЖЧ—2018 3-саралаш босқичида Ўзбекистон терма жамоаси Эрон, Жанубий Корея, Хитой, Қатар ҳамда Сурия билан бир гуруҳдан жой олганди. Хитойнинг Dong Qiudi нашри Ўзбекистондан ташқари қолган барча мамлакат термалари бош мураббийларининг гуруҳ ҳақидаги фикрларини чоп этди.
Унга кўра, «А» гуруҳида ўз термаси билан иштирок этаётган мутахассисларнинг бирортаси ҳам асосий рақиб сифатида Ўзбекистон терма жамоасини кўрмаслиги ойдинлашди. Хитой нашри Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаяннинг қуръа ҳақидаги фикрини чоп этмаган.
Карлуш Кейруш. Эрон терма жамоаси бош мураббийи.
«Гуруҳимизда Жанубий Корея ва Қатар бизга жиддий рақиб бўла олади. Гарчи ФИФА рейтингида энг олдинда бўлсакда, гуруҳ фаворити сўзсиз Жанубий Корея. Терма жамоага 3-4 нафар ёш иқтидорларни жалб қилдик, улардан умидим катта».
Ули Штилике. Жанубий Корея терма жамоаси бош мураббийи.
«Энг кучли рақибимиз албатта Эрон. Шунга қарамай, гуруҳда 1-ўринни эгаллаш учун ҳаракат қиламиз. Эронни мағлуб эта олсак, мақсадимизга эришамиз ва Россияга борамиз. Хитойга қарши ўйинлар ҳам осон ўтмайди, аммо ғалаба қозона оламиз».
Гао Хонг Бо. Хитой терма жамоаси бош мураббийи.
«Гуруҳ биз учун омадли келди. Апрель ойи якунида голландиялик ва италиялик 3 нафар машҳур мураббий сафимизга қўшилади. Биз учун жиддий рақиблар бу — Жанубий Корея, Эрон ва Қатар. Ўзбекистон терма жамоасини Осиё Кубогида мағлуб этганмиз. ФИФА рейтингида улар биздан олдинда бўлсада, октябрь ойида 6 очко олимизга ишонаман».
Хосе Даниэль Каррено. Қатар терма жамоаси бош мураббийи.
«Эронга қарши бизни қийин ўйинлар кутиб турибди. Форсларни гуруҳ фаворити, деб биламан».
Фажир Иброҳим. Сурия терма жамоаси бош мураббийи.
«Кучлилар етиб келган бу босқичда табиийки, ҳамма жаҳон чемпионатига боришни хоҳлайди. Тайёргарликни кучайтиришимиз керак, бироқ ҳозир Сурияда аҳвол яхши эмас. Шунга қарамай, Россияга бора олишимизга ишонаман. Эрон ва Жанубий Кореядан кейин асосий рақибимиз деб Хитойни биламан».
Dong Qiudi 12 апрель куни бўлиб ўтган қуръа маросимидан сўнг Хитойнинг «CCTV» телеканали футбол шарҳловчисининг фикрини ҳам ўз саҳифасига жойлаштирган: «Ўзбекистонни сўнгги ўйинда мағлуб этганмиз. 2014 йилги жаҳон чемпионати саралаши вақтида Ўзбекистон футболи яхши ривожланиб келаётганди. Бу нарса Луис Фелипе Сколари «Бунёдкор» мураббийи этиб тайинланганидан бошланди. «Бунёдкор» ўзбек футболи ривожида муҳим рол ўйнаганди. Аммо сўнгги вақтларда Ўзбекистон футболида ривожланиш тезлиги анча пасайган. Уларга қарши ўйин бизга катта қийинчилик туғдирмайди», — деб фикр билдирган хитойлик футбол шарҳловчиси. Нашрда шарҳловчининг исми эмас, балки у фаолият олиб борадиган канал номигина кўрсатилган.