«Ливерпуль» ярим ҳимоячиси Стефан Байчетич болалик даврида тўп сурган «Сельта» клубига қайтишга яқин турибди. Испания клуби футболчининг мерсисайдликлар билан шартномасини муддатидан бир йил олдин бекор қилиш бўйича музокара олиб бормоқда.
Faro de Vigo маълумотига кўра, 21 ёшли футболчининг эҳтимолий трансфери бўйича музокаралар ижобий кечмоқда. Байчетичнинг «Ливерпуль» билан амалдаги шартномаси 2027 йилга қадар мўлжалланган.
Сўнгги мавсумларда жароҳатлар футболчининг ривожланишига жиддий тўсқинлик қилди ва у «Ливерпуль»нинг асосий таркибидан мустаҳкам жой эгаллай олмади. Ярим ҳимоячи икки йилдан ортиқ вақтдан буён «қизиллар»нинг асосий жамоаси сафида расмий ўйинда майдонга тушмаган.
Испания U21 терма жамоаси аъзоси бу давр мобайнида «Ред Булл Зальцбург» ва «Лас-Пальмас» клубларида ижара асосида тўп сурди. Аммо яна бир узоқ муддатли жароҳат унинг «Ливерпуль» асосий таркибига қайтиш имкониятларини янада камайтирди.
«Сельта» ўз академияси тарбияланувчисини Испанияга қайтариш ниятида. Бироқ клуб Байчетични дастлаб асосий жамоага эмас, балки «Сельта Фортуна» захира жамоасига жалб қилишни режалаштирмоқда.
Бу режа футболчига жисмоний ҳолатини босқичма-босқич тиклаш имконини беради. Кейинчалик у захира ва асосий жамоалар ўртасида навбатма-навбат ўйнаши мумкин.
Байчетич 2020 йилда Юрген Клопп даврида «Ливерпуль»га келиб қўшилган ва қисқа вақт ичида клубнинг энг истиқболли ёш ярим ҳимоячиларидан бири сифатида кўрилганди. Бироқ кетма-кет жароҳатлар унинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатди.
Ушбу ёзда «Севилья» ва «Хетафе» ҳам футболчига қизиқиш билдиргани ҳақида хабарлар тарқалди. Аммо ҳозир «Сельта» Байчетични қайтаришга ҳар қачонгидан ҳам яқинроқ экани айтилмоқда.
«Сельта» бош мураббийи Клаудио Хиральдес ҳам Байчетичнинг қайтиш эҳтимолига муносабат билдирди:
«Агар у хурсанд бўлса ва биз келишувга эриша олсак, бу яхши вазият бўларди. Аммо ҳозир мен бу ҳақда ўйламаяпман.
У — клубимиз тарбияланувчиси. Мен жамоамизда бўлмаган футболчилар ҳақида гапирмайман.
Агар шундай футболчилардан бири ҳақида гапирсам, бу фақат аввал биз билан бирга бўлганлар ҳақида бўлиши мумкин. Чунки улар билан доимо кучлироқ алоқамиз бўлади. Қолаверса, Байчетич билан муносабатларимиз жуда яхши.
Мен унга мураббийлик қилганман. Агар трансфер амалга ошса — ажойиб. Аммо яна такрорлайман, жамоамизда бўлмаган футболчилар ҳақида гапирмайман», — деди Хиральдес.
Байчетичнинг эҳтимолий кетиши «Ливерпуль»даги яна бир трансфердан сўнг рўй бериши мумкин. Жума куни клуб Кёртис Жонснинг «Интер»га ўтганини тасдиқлади. Италия чемпиони англиялик футболчи учун бонуслар билан бирга 30 миллион фунтгача етиши мумкин бўлган маблағ тўлайди.













