«Шахтёр»нинг бразилиялик ҳужумчиси Тайсон Украинадаги олти йиллик фаолиятидан сўнг кетмоқчилигини маълум қилди. Футболчи GloboEsporte.com сайтига берган интервьюсида АПЛда ўйнаш орзуси ва Бразилиянинг «Интернасьонал»ига қайтиш имкониятлари ҳақида гапириб ўтди.
- «Шахтёр»нинг ҳозирги ҳолати ёмон эмас. Чемпионлик учун курашмоқда, Европа Лигасида ярим финал масаласини деярли ҳал қилди. Мавсумнинг сўнгги лаҳзаларига тайёргарлик қандай кечмоқда?
- Ҳа, натижалар ҳозирча яхши. Гарчи ЕЛда ишимиз юришаётган бўлсада, Украина чемпионатида пешқадамликни бериб қўйдик. Аммо олдинда «Динамо»га қарши ўйин кутиб турибди. Тўғриси, «Брага»ни биринчи ўйинда мағлуб этган бўлсакда, ҳали ярим финал масаласини 100 фоизга ҳал қилмадик.
- «Шахтёр»нинг Европа Лигасида ғолиб чиқишига ишонасизми?
- Бу жуда қийин масала. Биз Чемпионлар Лигасидан чиқиб кетдик. Европа Лигасидаги рақиблар эса олдинги йиллардагидан кучлироқ. «Боруссия», «Ливерпуль», турнирда қаторасига икки марта ғолиб чиққан «Севилья». Бир сўз билан айтганда, олдиндан ҳеч нима деб бўлмайди.
- Декабрь ойида «Шахтёр»дан кетиш истагингиз борлигини айтгандингиз. Ҳозир ҳам ўша фикрдамисиз?
- Энг аввало, ўз жамоам билан Европа Лигаси ва Украина чемпионатида муваффақиятли иштирок этмоқчиман. Лекин ҳамиша кучлироқ чемпионатда ўйнаш истагида бўлганман. Агар Европа Лигасида яхши тўп сурсам, бошқа чемпионатлар клублари эътиборига тушишим мумкин. Украинада «Металлист» ва «Шахтёр» сафида олти йил ўйнадим. Менимча, бошқа клуб ва бошқа чемпионатга ўтиш вақти келди.
- Қайси чемпионатда ўйнашни истардингиз?
- Ҳамиша АПЛ ҳақида орзу қилганман. Ўтган йили «Челси»га ўтишим деярли ҳал бўлганди. Аммо хорижликларга жорий қилинган лимит туфайли трансфер амалга ошмай қолганди. Меҳнат қилишда давом этишим керак. Айрим клублар ўйинларимни кузатиб боришмоқда.
- Бирор- бир аниқ таклиф борми?
- Вариантлар ҳамиша топилади. Лекин «Шахтёр» мамлакатдаги қийин вазиятга қарамай, менга энг керакли шароитларни яратиб бермоқда. Жамоа билан яна икки йиллик шартномам бор. Бу мавсум Украина чемпионати ва Европа Лигасида ўзимни кўрсатишим лозим. Кейин нима бўлишини вақт кўрсатади.
- Шу йил «Интернасьонал» сизга қизиқиш билдирганди. Улар аниқ таклиф билан чиқишганми?
- Бу жамоани жуда ҳурмат қиламан. Ҳаммаси учун уларга раҳмат. Бейра-Риолик мухлислар ҳар сафар Бразилияга борганимда жамоага қайтишимни сўрашади. Балки қачондир бу содир бўлар. Лекин яқин орада эмас. Юқорида айтганимдек, бошқа чемпионатда ўйнамоқчиман.
- Ҳаммага маълумки, «Шахтёр» ўзининг етакчи футболчиларини сотишни истамайди. Аммо сўнгги пайтларда жамоани Луис Адриано, Дуглас Коста, Алекс Тейшейра каби футболчилар тарк этишди. Раҳбарият анча либерал бўлиб қолганми?
- «Шахтёр»дан кетиш осон эмас. Аммо ҳар бир трансфер дарчасида клуб бирор-бир кучли футболчини сотади. Коста, Адриано ва Тейшейралар кетиб бўлишди. Янги жамоаларида ҳам ишлари ёмон эмас. Бундай трансферлар Европада «Шахтёр»нинг обрўсини янада оширмоқда.
- Сизнингча, «Шахтёр»дан кетишингиз терма жамоага чақиришларини тезлатадими? Ёки бу ҳақда ўйламадингизми?
- Дуглас Коста ва Луис Адрианолар «Шахтёр»да ўйнаб ҳам терма жамоадан таклиф олишган. Менинг энг катта орзум - терма жамоа аъзоси бўлиш. Бунинг учун қаттиқ меҳнат қилиб, кутишим керак.
- Бразилиялик футболчилар ҳамиша «Шахтёр»дан кетиш истагини билдиришади. Клубдаги муҳит шунчалик ёмонми?
- Йўқ. Ҳозиргача клубдан ҳеч ким нолимаган. Жамоада бизга керакли ҳамма нарса бор. Бунинг учун «Шахтёр»га фақат миннатдорчилик билдирамиз.
- «Шахтёр»нинг Киевга кўчиб ўтганига анча бўлди. Пойтахтдаги муҳит қандай?
- Аввалига меҳмонхонада яшадик. Кейин клуб ҳар биримизга яшаш жойини ташкил қилиб берди. Ҳамиша керакли нарсага эга бўлганмиз. Киевга ўрганиб қолдик. Шаҳар ҳам Донецкдан катта, инфратузилма яхши ривожланган. Энг асосий муаммо - «пробка»лар. Шунингдек, жонажон стадионимиз ҳам етишмаяпти.
- Олдингизга дўтларингиз, оила аъзоларингиз боришяптими? Уларни соғиняпсизми?
- Ака-укаларим ва дўстларим тез-тез келиб туришади. Онам ҳам кўп вақтларини мен билан ўтказадилар. Лекин ҳамиша етти ёшли қизим билан Бразилияга қайтиб кетадилар. Оилам мен билан фахрланади. Дўстларим ҳам ўз омадларини футболда синаб кўришмоқчи.