Ўзбекистон XXV миллий чемпионатининг 6-тур ўйинлари доирасида Тошкентнинг «Обод» ва «Бунёдкор» жамоалари ўзаро куч синашишади. Мазкур учрашув 23 апрель куни “Жар” стадионида соат 17:00да бошланади.
“Дерби” мақомида ўтадиган ушбу учрашувга қизиқиш юқори, десак муболаға бўлмайди. Боиси, «Обод» футболчилари шу кунга қадар “қалдирғочлар” билан Ўзбекистон кубоги баҳслари доирасида уч бора тўқнаш келишган ва ҳар сафар номдор рақибга муносиб қаршилик кўрсата олган. Ёдингизда бўлса, ўтган йили мамлакат кубоги 1/8 финал босқичида дастлаб «Обод» ўз майдонида кичик – 0:1 ҳисобида ютқазган, аммо меҳмонда дуранг қайд этганди. Лекин икки ўйин натижасига кўра кейинги босқичга «Бунёдкор» йўл олганди.
Жорий йилда ҳам бу икки клуб яна Ўзбекистон кубоги 1/8 финалида тўқнаш келиб қолишди ва “ЖАР” стадионида ўтган дастлабки учрашувда кучлар тенг келди – 2:2. Ушбу омиллар таниш рақибларнинг навбатдаги тўқнашувига бўлган қизиқишни ҳам оширмоқда. Негаки, эртанги (23 апрель) ўйинда «Бунёдкор» ғалабага эришиб, пешқадамлар сафидан тушиб қолмасликка интилса, «Обод» мавсумдаги дастлабки ғалабасини тантана қилиш учун астойдил баҳс олиб боради. Буларнинг барчаси учрашувнинг кескин ва муросасиз курашлар остида ўтишини таъминлайди. Сиз «Обод» - «Бунёдкор» учрашувини бевосита стадиондан туриб томоша қилишни истасангиз, “Жар” стадионига марҳамат!
Учрашувга чиқарилган чипта-таклифномаларни “Жар” стадиони кассаларидан бепул қўлга киритишингиз мумкин. Шошилинг!
Ўзбекистон XXV миллий чемпионати. 6-тур
23 апрель, соат 17:00. “Жар” стадиони
«Обод» (Тошкент) – «Бунёдкор» (Тошкент)
Ҳакамлар: Ҳ.Рўзиев (Тошкент), О.Абдувасилов (Тошкент), С.Шоюсупов (Тошкент), А.Рубаков (Тошкент)
Назоратчи ҳакам: Б.Тоғаев (Тошкент).
ПФЛ вакили: Ф.Магометов.