«Лестер» жамоаси бош мураббийи Клаудио Раньери ўз шогирдларидан бири, жазоирлик Риёз Маҳрез билан фахрланиши ҳақида айтиб ўтди. Бу футболчи 25 апрель куни Англия профессионал футболчилар ассоциацияси (PFA) томонидан АПЛ мавсумининг энг яхши футболчиси деб топилганди.
«Мен жуда ҳам фахрланаман, чунки Риёз — шунча шуҳратга қарамасдан камсуқумлигини сақлаб қолди. У ҳамиша мендан нима қилиш кераклигини сўрашда давом этади: „Мен янада ўсиш учун яна нима қилишим керак?“. Бу фантастикага ўхшайди. Уни даҳо дейиш мумкин.
Шундай илиқ фикрларни бошқа шогирдларим ҳақида ҳам айтишим мумкин. Улар мавсумни ажойиб ўтказиб, ўзларининг профессионал футболчилар эканликларини кўрсатиб беришди», — дея Раньеридан иқтибос келтиради Reuters.
Қайд этиш керакки, Маҳрез АПЛ тарихида мавсумнинг энг яхши футболчиси сифатида тақдирлангани илк африкалик футболчига айланди.