Бугун Европа Чемпионлар лигаси ярим финалининг 2-жуфтлик баҳси ўтказилади.
Мадриддаги "Висенте Кальдерон" стадионида "Атлетико Мадрид" клуби ўз мухлислари кўз ўнгида, Мюнхеннинг "Бавария"сини қабул қилади.
Диего Симеоне жамоаси рақибга қандай "совға" тайёрлаб қўйган? Пеп Гвардиола собиқ жамоаси “Барселона”нинг қасосини ола биладими? Бу каби саволлар кўплаб мухлисларни қизиқтираётган бўлиши табиий.
Келинг, бугун майдонга тушадиган ҳар икки жамоанинг имкониятларини чамалаб ўтсак ўтсак:
"Атлетико Мадрид"
Диего Симеоне. Айнан шу мутахасис Мадридга келмасидан аввал бу жамоага қандай таъриф берардик? Шунчаки, грандлардан кейинги поғонада юрадиган "қаттиқ ёнғоқ" сифатида тўғрими?
Аргентиналик "бузғунчи" эса бу каби таърифларни йўққа чиқарди ва жамоани ҳеч кимдан қўрқмайдиган, ғалаба йўлида эса ўзини ҳам, рақибларини ҳам аямайдиган жамоа барпо этди. Мадридликлар айни дамда Ла лига баҳсларида чемпионлик йўлида икки гранд орасида юришган бўлса, кўҳна қитъанинг энг нуфузли турнирида "Бавария Мюнхен" жамоасига дуч келди.
"Атлетико" футболчиларининг айни дамда қандай кучга эга эканликларини биз чорак финалда гувоҳига айландик. Сўнгги вақтларда Антуан Гризманн ўзининг нималарга қодир эканлигини намойиш этаётган бўлса, унинг ҳужумдаги шериги Фернандо Торреснинг ҳам ниҳоят "иштаҳаси очилди".
Ярим финалдаги учрашув "болакай" учун аввалги босқичдаги "айби"ни ювиш учун қулай фурсат ҳисобланади. Мадридликлар олдидаги муаммо, бу Диего Годиннинг жароҳат сабаб учрашувни ўтказиб юборишидир. Лекин, ўйлаймизки, Симеоне уругвайлик ҳимоячининг ўрнини муносиб футболчи билан тўлдира олади.
"Бавария Мюнхен"
Чемпионлар лигаси ярим финалининг сўнгги вақтлардаги доимий вакили саналган ушбу жамоага бу тўқнашувда осон бўлмаслиги мумкин. Лекин "Бавария" ҳам ҳар қандай чақириққа тайёрлигини "Ювентус" билан ўйинда яна бир бора исботлаб берган эди.
Пеп Гвардиола жамоаси билан Бундеслигада зафар қучиши, эндиликда ҳеч кимни ҳайрон қолдирмайди. 45 ёшли мурабийдан талаб қилинаётган ягона соврин, бу чемпионлар лигасидир. Шу совринни ютиб берса, хотиржам тарзда Манчестерга йўл олиши мумкин. Финал олдидан бу жамоани "бўйсунмас" испан клуби кутиб турибди.
Лекин айтиб ўтиш жоизки, Мюнхен жамоасида турли услубларда ҳаракатлана оладиган футболчилар ҳам талайгина. Гувоҳ бўлмоқдамизки, Артуро Видалдек "стоппер" футболчи ҳам сўнгги вақтларда кетма-кет голлар урмоқда. Жамоадаги йўқотишларга тўхталадиган бўлсак, Мадриддаги учашувни Арьен Роббен ва Жером Боатенг жароҳати сабаб ўтказиб юборишади.
Мазкур икки жамоа узоқ тарихда, яъни Европа чемпионлар кубоги 1973/74- йилги мавсумининг финал босқичида дуч келишган ва унда икки ўйин натижасига кўра, немис жамоаси устун келган.
15.05.1974. "Бавария"-"Атлетико" 1:1
17.05.1974. "Бавария"-"Атлетико" 4:0
Қисқа қилиб айтганда, мазкур учрашувнинг қизғин ва муросасиз ўтишига шубҳа йўқ.
Эслатиб ўтамиз, мазкур баҳсни 27 апрель куни соат 23:45 дан бошлаб, "УЗРEПОРТ ТВ" телеканали орқали тўғридан-тўғри томоша қилишингиз мумкин.