Россиянинг "Славянка" тикув фабрикасининг тижорий директори Юрий Косенков корхона "Реал" бош мураббийи Зинедин Зидан учун чидамли шим тикишга тайёрлигини маълум қилди.
Чемпионлар лигасининг қаторасига икки ўйинида француз мутахассисининг шими йиртилиб қолмоқда.
"Биз албатта, бундай инсонга йиртилмайдиган буюм тикиб берамиз. Уни олиб келинг, Зиданни кийинтирамиз", - дея Косенковнинг сўзларини келтиради "Лайф" интернет нашри.
Директорнинг қўшимча қилишича, корхона "Реал" мураббийига яхши чегирма қилиши, ўз нархида бериши ва умуман совға қилиши мумкин. Шунингдек, француз мутахассиси фабрикага шахсан ташриф буюриши керак.
"Одамнинг ўзидан ўлчам олиш керак, костюм лойиқ келиши учун қўлда тикилиши керак. Почта орқали юбориб бўлмайди, шим яна сўтилиши мумкин", - дейди Косенков.