«Милан»нинг собиқ дарвозабони Нельсон Дида айни пайтда мураббийлик курсларига қатнамоқда. У La Gazzetta dello Sport нашрига берган интервьюсида қачонлардир «россонери» бош мураббийи бўлиш истаги борлигини айтиб ўтди.
Бразилия терма жамоасининг собиқ посбони миланликлар сафида 10 йил фаолият олиб борди. Бу вақт оралиғида бир нечта совринларни қўлга киритди. Улар орасида иккита Чемпионлар Лигаси бош соврини ҳам бор. Шунингдек, у «Интернасьонал» шарафини ҳимоя қилган. Айни пайтда 42 ёшли дарвозабон бирор-бир клуб билан шартнома имзолашга қарши эмас. Аммо Бразилия олий дивизиони жамоаси бўлиши шарт.
- Келажакда «Милан»ни бошқаришга нима дейсиз?
- Ҳаммасини вақт кўрсатади. Айни пайтда Терезополисдаги курсларга қатнаяпман. Келгуси йилда эса Коверчанода ўқийман. Энг аввало, буни исташ ёки истамаслигимни тушуниб олишим керак. Айни истак мени футболда ушлаб турибди. Албатта, осон бўлмаслиги аниқ. Аммо буюк ўқитувчилардан сабоқ олганман. Хусусан, Карло Анчелоттидан. Агар ўзимга ишонсам, яхши мураббий бўлишим мумкин. Италияда ишлашни истайман. Шундай экан нимага «Милан»ни бошқармаслигим керак?
- Яқинда Кларенс Зеедорф ва Филиппо Инзагилар шу ишни қилишди. Уларнинг жамоа бош мураббийлари бўлишларини кутганмидингиз?
- Бундан ҳайрон бўлмадим. Яхши мураббийлардан олинган сабоқлар бежиз кетмайди. Агар юқори савияда кўп ўйнасангиз, кўп ўқисангиз, бошқалардан кўра бу соҳага кўпроқ тайёр бўласиз. Уларнинг иккисига ҳам келажакдаги фаолиятларида омад тилайман.
- Энди навбат Броккига келди. Унинг «Милан» бош мураббийи бўлишини кутганмидингиз?
- Кристиан ўта ақлли инсон. Яқинда Миланга борганимда кўришдик. Лекин у мени ажаблантирмади. Броккининг барча билан тил топишиб кетиш қобилияти эсимда. Унинг жамоаси яхши ўйнагани ва ўз услубига эга бўлганини биламан. Бир сўз билан айтганда, Кристиан жамоани қандай бошқариш кераклигини биладиган инсон.
- Ҳозир «Милан»нинг ишлари унчалик яхши эмас...
- Жамоа янги даврни бошлаши керак. Биринчи навбатда, менталитетга эътибор қаратиши лозим. Ҳозирги клуб янги «Милан»нинг пойдевори бўлиши мумкин. Умид қиламанки, жамоа тез орада ЕЧЛда ғолиб чиқиш учун даъвогарлик қилади.
- Жанлуижи Доннарумманинг ўсиши кутилмаган бўлдими?
- Бир тарафдан ҳа, бошқа тарафдан эса йўқ. Брокки менга Жижи ҳақида айтганди. Унинг ўйинини кўрдим ва келажаги порлоқ, деб ўйладим. У «Милан»нинг асосий таркибига муносиблиги учун ҳам ўйнамоқда.
- Марио Балотелли ҳақидаги фикрингиз қандай?
- Марио - буюк футболчи. Мен «Милан»даги сўнгги йилларимни ўтказаётганимда у «Интер»да ўйнарди. Кучли жамоалар Балотеллини таркибга қўшиб олишни исташарди.
- Айни пайтда жаҳоннинг энг яхши дарвозабони ким?
- Жижи Буффон ўзининг қўлга киритган барча совринларига муносиб. Ҳамон ютишда давом этмоқда. Бугунги кунда Буффон Мануэль Нойер билан энг яхши бўлишга асосий даъвогар.
ЖАЪФАРАЛИ тайёрлади