Олий лиганинг 8-тур ўйинлари якунига етди. Биз эса мазкур турнинг статистик маълумотларини эътиборингизга ҳавола қиламиз. Дарвоқе, ушбу тур Игорьларга аталган тур бўлди!
Бўлиб ўтган саккиз учрашувда дарвозаларга 19 та гол киритилди. Шундан 13 тасини мезбонлар, қолган олтитасини меҳмонлар киритишди.
Иккита пенальти белгиланди ва иккаласи ҳам аниқ бажарилди. Игорь Сергеев "Навбаҳор"га қарши кечган учрашувда дубль қайд этган бўлса, "Шўртан" ҳужумчиси Игорь Таран хэт-трикка эришди. Қизиғи, ушбу Игорьлар пенальтидан ҳам гол киритишган.
8-турда битта автогол қайд этилди. "Пахтакор"-"Навбаҳор" учрашувининг 59-дақиқасида "Навбаҳор" ҳимоячиси ИгорьГолбан ўз дарвозасига тўп киритиб қўяди.
Ҳакамлар томонидан 21 та сариқ карточка кўрсатилди. Қизил карточкалар йўқ. Ҳакамлар ҳақида гап кетганда, Равшан Эрматов бу турда ҳам энг яхши баҳога лойиқ кўрилган - 9.0 балл. "Навбаҳор"нинг кейинги учрашувини бошқариб борадиган Ильгиз Танташев эса Андижондаги ўйинда энг паст баҳо олган - 7,8 балл.
Ушбу турда энг кўп томошабин "Бухоро"-"Металлург" (0:0) учрашувига ташриф буюрган - 21 300. "Пахтакор"-"Навбаҳор" (3:0) учрашувини эса 1 848 мухлис кузатган. Бу кўрсаткич тур ўйинларидаги энг кам томошабинлар ташрифи.
Турнинг тезкор голини "Насаф" аъзоси И.Рашидхонов 3-дақиқада "Қизилқум" дарвозасига киритган. Энг сўнггиси ИгорьТаран 75-дақиқада "Сўғдиёна"га урган.
ПФЛ га тақдим қилинган энг яхши ўйинчилар: Игорь Сергеев ("Пахтакор"), Сардор Азимов ("Навбаҳор"), Шавкат Саломов ("Бухоро"), Суҳроб Султонов ("Металлург"), Игорь Таран ("Шўртан"), Фаррух Шотурсунов ("Сўғдиёна"), Эркин Бойдуллаев ("Насаф"), Илҳом Юнусов ("Қизилқум"), Хуршид Хўжаев ("Андижон"), Зафар Тўраев ("Машъал"), Арслонмурод Омонов ("Олмалиқ"), Мурод Бобожонов ("Нефтчи"), Дониёр Ҳасанов ("Обод"), Сервер Жепаров ("Локомотив"), Миржалол Қурбонов ("Қўқон-1912"), Элдор Шомуродов ("Бунёдкор").