Le Parisien нашрининг хабар беришича, «ПСЖ» ёзги трансфер ойнасида ярим ҳимоя чизиғига янги футболчи сотиб олиш фикридан воз кечган. Клуб раҳбарияти «Манчестер Сити» ярим ҳимоячиси Родрига бўлган қизиқишлар ҳақидаги хабарларга қарамай, жамоада мувозанатли таркиб шаклланган деб ҳисоблайди.
Бунинг ўрнига Париж клуби бошқа нозик позицияларни кучайтиришни, хусусан, янги вингер, чап қанот ҳимоячиси ва марказий ҳужумчи харид қилишни устувор вазифа сифатида белгилаб олган.
Аввалроқ, «Реал» Ян Диоманде трансферини «ПСЖ»дан тортиб олганига жавобан парижликлар мадридликларнинг асосий нишони бўлган Родрини сотиб олишни кўриб чиқаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Француз клуби кот-д’Ивуарлик вингер учун асосий даъвогар бўлиб турган эди, аммо «қироллик клуби» сўнгги паллада курашга қўшилиб, «Лейпциг» билан келишувга эришган.
Бироқ «ПСЖ» эндиликда Родри учун курашга аралашмайдиган бўлди, бу эса «Реал»ни ушбу трансфер пойгасида яққол фаворитга айлантирмоқда.
Шу билан бирга, Европа чемпионлари ҳужум чизиғини кучайтириш мақсадида «Барселона» форварди Ферран Торрес ва «Монако» вингери Магнес Аклиушнинг трансферлари устида иш олиб бормоқда.













