Мадриднинг “Реал” клуби жамоа етакчиларидан бири Винисиус Жуниорга шартномани узайтириш бўйича таклиф юборди. Бу ҳақда таниқли инсайдер Флориан Плеттенберг ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали хабар берган.
Манба маълумотларига кўра, мадридликлар раҳбарияти 26 ёшли бразилиялик ҳужумчи билан бир неча ойдан бери музокаралар олиб бормоқда ва уни жамоада сақлаб қолишга уринмоқда. “Реал” мутасаддилари Лондоннинг “Арсенал” клуби футболчига жиддий қизиқиш билдираётганидан хабардор. Қайд этилишича, лондонликлар ҳам тез орада Винисиусга расмий таклиф билан чиқишни режалаштирмоқда.
Маълумот учун, бразилиялик вингер 2018-йилдан буён “қироллик клуби” шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Ўтган давр мобайнида у жамоа сафида жами жами 375 та ўйинда майдонга тушиб, 128 та гол ҳамда 100 та голли узатмага муаллифлик қилган.
Винисиус “Реал” таркибида 3 марта Испания чемпиони, 2 марта клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ғолиби, Испания Кубоги ва Суперкубоги соҳиби ҳамда икки карра Чемпионлар Лигаси ғолибига айланган.
2026-йилги Жаҳон чемпионатида Винисиус Бразилия миллий терма жамоаси сафида 5 та учрашув ўтказиб, 4 та гол ва 1 та ассист қайд этди ҳамда терма жамоанинг энг яхши тўпурарига айланди. Эслатиб ўтамиз, бразилияликлар ЖЧ-2026 турнирининг 1/8 финалида Норвегия терма жамоасига 1:2 ҳисобида имкониятни бой бериб, мусобақани эрта тарк этган эди.













