Риёд Маҳрез - бу йигит жорий мавсум барчани бирдек лол қолдирди. Англия профессинал футболчилар асоциацияси айнан асли жазоирлик ярим ҳимоячини АПЛ-2015|2016нинг энг яхши футболчиси сифатида тан олдики, шунинг ўзи кўп нарсадан далолат беради. Оддий айтганда, «Лестер»нинг чемпионлик рутбасини олганида Риёднинг хизматлари жамоа голеадори Жейми Варди ёки чин етакчи Н~Голо Кантеникидан кам бўлмади. Эътиборлиси, Англия чемпионатининг энг ёрқин кашфиётларидан бирига айланган Маҳрез «Манчестер Юнайтед»га қарши кечган «олтин ўйин» (1:1) арафасида L~Equipe нашрига интервью бериш учун вақт ажрата олди. Маълум бўлишича, у аввалига «Лестер» сафига қўшилганидан ҳаттоки, афсусланган экан. Риёд яна Клаудио Раньери уни тинмай югуришга мажбур қилаётганини ҳам яшириб ўтирмади. Ўйлаймизки, жаҳон футболидаги энг кучли лигада бош қаҳрамон ўлароқ гавдаланган ярим ҳимоячининг бошқа фикрлари ҳам кўпчиликни қизиқтирса керак.
«Мактабда доимо дакки беришарди: «Овозингни ўчир»
- Риёд ҳозирда бутун Европанинг «Лестер Сити»га мухлислик қилаётганини биласизми?
- Ҳа, лекин бу ҳолатга чалғимаймиз ва ўз ишимизни бажаришда давом этамиз. Бизнинг таркибимизда энг кучли футболчилар йиғилишмаган, бюджет ҳам ҳаминқадар, аммо жамоамиз ғоят жипслашган. Тан оламан, баъзан озгина омадимиз юришди. Миямизда эса битта фикр тўхтамай чарх урди: «Бу йил ёки ҳеч қачон!» Тўғри, январгача чемпионлик ҳақида ўйламадик. Ҳа, кейинчалик ҳам бундай хаёллар билан бошимизни оғритмадик.
- Жейми Варди ва Н~Голо Канте каби сиз ҳам футбол академиясида таҳсил олмагансиз.
- Шундай. Тўғриси, профессионал футболчига айланишимни билдирувчи қандайдир аломат ҳам йўқ эди. Ҳаммаси ўз-ўзидан ривожланди - ҳайратланарли тарих! Гоҳида Н~Голо билан бу мавзуда ҳазиллашиб турамиз. Ростини айтсам, қандай йўл билан футболчи бўлганимиз аҳамиятсиз. Асосийси, барчамиз ўйиндан бирдек роҳатланяпмиз. Мен Париж атрофидаги шаҳарчада туғилганман ва у ердаги футбол мактабида шуғуллана бошлаганимда, доимо танбеҳ эшитардим: «Оғзингни ёп, ўчир». Негаки, мудом ким биландир ҳазиллашишга асос топардим. Хуллас, табиатан хушчақчақ йигитман. Дейлик, Варди билан ҳаттоки, ўйинлар пайти ҳам ҳазил-мутойиба қилишимиз мумкин. Муҳими, аввало, жангчиман, барибир. Шунга мувофиқ, ғалабадан бошқасини тан олмайман.
- Варди дейлик, Ибрагимович, Агуэро ва Роналдудан фарқли ўлароқ, доимо кулиб юради.
- Жамоамизда асосий ҳазилкашлар - айнан у ва мен. Эътиборлиси, Клаудио Раньери ҳазил-ҳузул учун бизни ортиқча койимайди. Фақат бир марта, Ньюкаслдаги ўйин танаффусида ўшқирди. Умуман олганда, у кўпинча бизга қўшилиб, хандон отиб кулишдан тийилмайди. Айниқса, машғулотлар жараёнида ўткир ҳазилга йўл қўйиши мумкин. Бироқ бордию, йигитларнинг бор кучлари билан ҳаракат қилишмаётганини сезса, тамом, дарров ўзгариб, жуда жиддий қиёфага киради. Мен эса шунда ҳам Клаудиони кулдиришга уринаман. Мисол учун, оёқ кийимини калака остига олишим мумкин. Лекин мураббийимиз ҳаттоки, кулиб турсада, фақат футбол ҳақида ўйлайди. Нуқул бир гапни қайтаради: «Эй, сен, ҳазилни йиғиштириб, ўйинга шайлан!» Раньерининг битта зўр ибораси бор: «Унутмангки, сизлар - тулкилар!» Бу клуб рамзи.
- Сиз Риберининг «Лестер»даги ўзига хос нусхасимисиз?
- Йўқ, мен у каби шеригим қаҳвасига туз қўшиб қўймайман. Шунчаки, сўз орқали қувноқликни юзага келтираман. Рақиблар билан эса мутлақо гаплашмайман. Тўғри, гоҳида нимадир мени издан чиқариши мумкин, лекин бунақаси аҳён-аҳёнда юз беради.
«Тактикани тушунмасдим, «очилиш»ни билмасдим»
- Кўча футболи вакили эканлигингиз билан мақтанасизми?
- Ҳа. Кўча футболида битта қоида бор - рақибни алдаш ва яна алдаш. Профессионал футболга ўтганимдан сўнг бу масалада ҳеч қандай янгилик кашф этганим йўқ. Яъни дриблинг ишлатишни олдин ҳам билардим. Бироқ тактика бобида камчиликларим кўп эди, ахир кўча футболида ўйиндан ташқари ҳолат йўқ. Яна «очилиш»ни билмасдим ва рақибларни алдаб ўтишга киришиш учун тўпнинг оёғимга келиб тушишини кутардим.
- Ҳимояланиш - бу иш ҳам сиз учун эмас. Шундайми?
- Менинг ишим эмас, лекин ҳимояга қарашиш зарур. «Лестер»да ҳамма ҳар бир тўп учун курашади. Йигитларнинг қандай жон куйдираётганларини кўрганингдан кейин беихтиёр бор кучингни сарфлайсан. Жипслашган жамоа белгиси айнан шу!
- Англиядаги профессионал футболчилар сизни мавсумнинг энг яхши ўйинчиси сифатида танлашди. Бундан ҳайрон қолдингизми?
- Бахтиёрликни ҳис этдим. Яширмайман, умид қилаётгандим, бироқ мен кимман? Мисол учун, Жон Террининг менга овоз берганини биламан. У эса кўп нарсага эришган катта профессионал. Ўтган йили «Челси»га қарши ўйнаганимизда, Терри мени шунчаки, «ўлдириб» қўя қолганди. Яъни уни бирор марта алдаб ўтолмадим, барча уринишларимни барбод қилди. Тўғри, жорий йил лондонликлар билан учрашувда гол уришдан ташқари, самарали «пас» бериш уддасидан ҳам чиқдим.
«Лестер»? Бу регби
жамоаси-ку!»
- 2013 йили «Лестер» таклифини қандай қабул қилгандингиз? Зеро, клуб ўша пайт иккинчи дивизионда ўйнарди...
- Жамоа олдимга ўз вакилини юборгач, қатъий жавоб берганим эсимда: «Ҳеч қачон у ерга бормайман, тамом!» Умуман, бу мен учун хатодек туюлганди, «Лестер» регби жамоаси-ку», деб ўйлаганман. Рост гапиряпман! Бир ҳафтадан сўнг агентлар алоқага чиқиб, кўндиришга урина бошладилар: «Риёд, аввал эшит, жамоа чиндан ҳам, сенга муҳтож. Интернетга кириб, қандай стадиони борлигини бир кўр...». Улар шунчалик қисташдики, охир-оқибат интернетга назар ташладим. Кейин онамдан маслаҳат сўрасам, у бир нима дейишга қийналди: «Лестер»? Эшитмаган эканман. Ўзинг ўйла». Шундан сўнг таваккал қилиб, Лестерга йўл олдим - жамоани ўз кўзларим билан кўриш учун. 7 ёки 8 январь эди ва 2 кундан сўнг амалдаги клубим - «Гавр» лига доирасида «Мец»га қарши ўйнарди. Хуллас, машғулотлар базаси ва стадион билан танишдим. Ўша вақт «Лестер» ўз дивизионида пешқадамлик қилаётганди ва бу ҳолат қароримга таъсир ўтказган. Яъни «Гавр» билан 10-ўринда юришдан кўра, «Лестер» билан биринчи бўлиш яхши», деб ўйлагандим.
- Ушбу қарорингиздан бирор марта афсусланганмисиз?
- Жуда. Бошида ҳаттоки, ўзимни койирдим: «Бу ерга нима учун келдим-а?»
- Жазоир термасидан айнан Англиядаги муваффақиятлар самараси ўлароқ, таклиф олдингизми?
- Ҳа, «Лестер»да ўйнай бошлагунимча Жазоирда ҳеч ким менга эътибор қаратмаган. Ваҳоланки, «Гавр»даёқ ўзимни кўрсата бошлагандим. Лекин факт шуки, айнан Англияда ўйиним жиддий кучайди. Раньери бизни тактик жиҳатдан янги даражага олиб чиқди. «Риёд, позицияни ёп, орқага югур» - у жуда талабчан. Мудом шахсий кўрсаткичларингга қарайди ва оз югурган бўлсанг, майдонга тушмайсан. Хуллас, битта ўйинда нақ 11 километр югуришга мажбурсан, акс ҳолда...
- «Лестер» ҳамон иккинчи рақам остида ўйнаяптими?
- Жамоамиз «Барса» эмас, албатта. Демак, кўпроқ қарши ҳужумларга таянамиз. Бироқ рақиблар буни билишади ва шунга яраша тайёргарлик кўришади. Айниқса, ўз майдонимиздаги учрашувларда қийин. Лекин сизлар айтгандек, бутун Европа бизга мухлислик қилаётган экан, ҳужумкорликка зўр бермасдан, яна нима ҳам қилардик?
МАЪЛУМОТ УЧУН
Риёд МАҲРЕЗ
Туғилган санаси ва манзили: 1991 йил 21 февраль, Сарсель шаҳри (Франция)
Амплуаси: ярим ҳимоячи
Бўйи:179 см. Вазни: 61 кг.
Фаолияти: «ААС Сарсель» клуби мактаби тарбияланувчиси. «Кемпер» (2009-2010) ва «Гавр» (2010-2014) жамоалари шарафини ҳимоя қилган, 2014 йилдан «Лестер» аъзоси. Англия элит дивизионида жами 84та ўйин ўтказиб, 24та гол урган
Ютуқлари: Англия чемпиони - 2015|2016; Англия профессионал футболчилар ассоциацияси талқини бўйича мавсумнинг энг яхши ўйинчиси - 2016; Жазоирнинг энг яхши футболчиси - 2015
2014 йилдан буён Жазоир миллий жамоаси аъзоси - 22та ўйин, 4та гол
Манба: «ССФ»