Биласиз, Олий Лиганинг 9-турида мусобақа жадвалида етакчилар қаторида бораётган “Бунёдкор” жорий йилги мавсумни ёмон ўтказмаётган “Бухоро”ни қабул қилди. Учрашувда майдон эгалари меҳмонлар дарвозасига жавобсиз 3 та тўп киритишди.
Ўйин якунлангач ҳар икки жамоа футболчилари ОАВ вакиллари учун ажратилган микст-ҳудудда журналистларнинг саволларига жавоб қайтаришди. Хусусан, “қалдирғочлар” етакчиларидан бири Шакер Зуаги “Бухоро”га қарши баҳс тўғрисида қуйидагиларни таъкидлади.
- Бугунги ўйинда йирик ҳисобда ғалаба қозонган бўлсак ҳам учрашувни осон ўтди, деб айтиб бўлмайди. Сабаби рақиб ҳам етарлича қаршилик кўрсатди. Ўзи умуман олганда, “Бухоро” жамоаси жорий йилги мавсумда анча мазмунли ўйин намойиш этмоқда. Биз учрашувга ҳозирлик кўриш жараёнида бу клуб иштирокидаги бир қатор матчларни кузатдик. Шахсан менда бу жамоа жуда яхши таассурот қолдирди. Лекин биз уйда ўз ишқибозларимиз қаршисида майдонга чиқдик ва олдимизга фақат ва фақат ғалаба қозониш вазифаси қўйилган эди. Шукр, буни уддалай олдик. Сўнгги ўйинларни жамоамиз ёмон ўтказмаяпти. Айниқса, мудофаа чизиғимиз охирги пайтларда деярли бехато ўйнамоқда. Бу кишини қувонтиради, албатта. Умид қиламанки, кейинги ўйинларда ҳам шундай ғалабалар билан жамоамиз ишқибозларини хушнуд этамиз, - дейди тажрибали ярим ҳимоячи SPORTS.uz интернет-портали мухбирига.