Москванинг "Локомотив" жамоаси собиқ ҳужумчиси, айни вақтда "Эвертон" шарафини ҳимоя қилаётган Умар Ниас Англияда йўловчига ҳужум қилганлик гумони билан қўлга олинган. Бу ҳақда Liverpool Echo хабар тарқатган.
Сенегаллик футболчи темирйўлчилар сафидан инглиз клуби сафига 2016 йилнинг февралида келиб қўшилганди.
Бу ҳодиса 13 май куни тонгида Манчестер шаҳрида рўй бергани айтилган. Полицияга исми айтилмаган шахс томонидан йўловчига ҳужум қилингани тўғрисида маълумот келиб тушган. Воқеа жойига етиб борган полициячилар 26 ёшли Ниасни қўлга олишган. Кейинчалик у текширувлар якунланмагани туфайли қўйиб юборилган.
"Зобитлар йўлда йўловчилардан бирига ҳужум қилингани бўйича сўроқ бериш учун бир йигитни маҳкамага келтиришди. У 27 май кунигача, текширувлар натижаси аниқ бўлгунича қўйиб юборилди", - деган Манчестер шаҳри полицияси вакили.
"Клуб зўравонликнинг ҳар қандай кўринишини қоралайди", - деган бу хабарга муносабат билдирган "Эвертон" клуби расмийси.