Футбол шундай ўйинки у яккакурашларга бой бўлади. Бу ўйинни кузата туриб айрим пайтлари турли спорт турларини ёдга олишингиз мумкин. Масалан, волейбол, баскетбол, бокс, шарқ яккакурашлари бўлган карате, таеквандо, керак бўлса миллий курашимизни эсга солувчи воқеаларни ҳам кўришингиз мумкин. Баъзи мухлислар футболчиларни майдонда борини бериб ҳаракат қилмаётганликда айблашади. "Уруш қурбонсиз бўлмайди". Бугунги мақоламизда турли тўқнашувларда тишини майдонга қолдириб ўйинни тарк этган футболчиларни эслаб ўтамиз.
1. Микел Артета
"Арсенал" таркибида ажойиб ўйинларни ўтказган ярим ҳимоячи Испания гўзалига уйланади. Испан гўзалини футболчининг табассуми ром этган дейишади. Артета ҳар гал майдонга чиққач ўзининг чиройли ўйинини кўрсатишга ҳаракат қилади. "Халл Сити"га қарши учрашувда Артета рақиб футболчиси Шейн Лонгнинг елкасига бориб урилади. Бу тўқнашувда футболчи тишларидан бири билан хайрлашади. Кейинги бекат стоматология...
2. Хоссам Гали
"Тоттенхем" клубининг мисрлик легионери Хоссам Галини “Порсмут”га қарши учрашувда Ное Парамот томонидан бош билан берилган зарбани қабул қилиб олади. Натижада мисрлик футболчи нақ тўртта тишидан ажралади. Унга шу пайтда ҳавас қилмаган бўлардик.
3. Даниэль Аггер
2008 йили «Болтон» клубига қарши учрашувда Аггер тишидан ажралади. Бироқ шунга қарамай ўйинни давом эттиради.
Даньел Аггер уни тарк этган тишини қўлида ушлаб турибди.
4. Неманья Видич
Сербиялик ҳимоячи Видич Дидье Дрогба томонидан тизза билан берилган зарбадан кейин оғзидаги тиши тушиб кетганини кўради. Бу жароҳат натижасида футболчи “Барселона” клубига қарши Чемпионлар Лигасининг ярим финал жавоб учрашувини ўтказиб юборади. Орадан бир ой ўтгач мазкур мусобақа финалида Дрогба чала қолган ишини тугаллаш мақсадида Видичнинг юзига уради. Натижада ҳакам томонидан "тақдим" қилинган "супер ютуқ" - қизил карточка соҳибига айланади.
5. Питер Крауч
2012 йили новча ҳужумчи Фабрисио Колоччини билан юқоридан келаётган тўп учун курашга киришади. Ҳавода бўлиб ўтган қисқагина жангдан кейин Крауч тишларидан бири билан хайрлашади. Бироқ шифокорлар томонидан кўрсатилган ёрдам туфайли тезда ўзига келади ва майдонга қайтади.
6. Гаспар Иньигес
“Аргентинос Хуниорс” клубининг ёш футболчиларидан бири Иньигес “Бока Хуниорс” клубига қарши кечган миллий биринчилик доирасидаги ўйинлардан бирида рақиб ўйинчиси Кристиан Эрбис билан ҳаводаги тўп учун курашлардан бирида тўқнашиб кетади. Натижада футболчи учта тишидан ажралди. Буниси майли, учрашувни бошқариб бораётган ҳакам эса айни пайтда “Удинезе” сафида тўп сураётган Иньигесга қўполлиги учун сариқ карточка кўрсатади.
Тилмочбек