Олий лигада 9-тур ўйинларига якун ясалди. Биз 9-турнинг эътиборга молик воқеаларини рақамларда акс эттирамиз.
Бўлиб ўтган 8 учрашувда рақиблар дарвозаси 19 марта "ўққа" тутилди. Бу 8-турдаги натижа билан бир хил. Мезбонлар 16 марта меҳмонлар дарвозасини ишғол қилишди! 3 марта меҳмонлар меҳмонларча жавоб қайтаришди, холос. Бўлиб ўтган учрашувларда дуранг ва меҳмонларнинг ғалабаси кузатилмади. 4 марта 1:0, 2 марта 2:1, бир мартадан 3:0 ва 5:1 ҳисоблари қайд этилди.
Ҳакамлар, аниқроғи ҳакам Виктор Серазетдинов "Нефтчи"-"Обод" учрашувида 3 марта пенальти белгилади. Мезбонлар амалга оширга икки пенальтидан фақат Шукурали Пўлатов рақиб дарвозасини ишғол қилган бўлса, Павел Соломин мўлжалда адашди. Шунингдек, иккита автогол кузатилди. Георгий Квесиашвили ("Қизилқум") ва Умид Хонимқулов ("Олмалиқ") ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйди.
Ҳакамлар футболчиларга 40 та сариқ ва иккита қизил карточка кўрсатишди. Энг қўпол ўйин сифатида "Қизилқум"-"Андижон" (10 та сариқ ва битта қизил карточка) учрашуви қайд этилган бўлса, "Сўғдиёна"-"Олмалиқ" ва "Бунёдкор"-"Бухоро" учрашувларида 2 тадан сариқ карточка кўрсатилган.
Равшан Эрматов доимгидек энг юқори баҳога лойиқ кўрилган - 9,0. Навоийлик Зокир Қодиров эса аксинча - 7,6.
Энг кўп мухлис "Қизилқум"-"Андижон" ўйинига тушган - 10 231. "Бунёдкор"-"Бухоро" ва "Нефтчи"-"Обод" учрашувларини деярли бир хил 1 504 ва 1 507 нафар томошабин кузатган.
Мазкур турда футболчилардан ҳеч бири дубль қайд эта олмади. Фақатгина "Навбаҳор" ҳужумчиси Александр Пишур "Қўқон-1912"га қарши ўйинда хэт-трикка эришиб, тур қаҳрамони бўлди.
Турнинг энг тезкор голини "Қўқон-1912" ҳимоячиси Миржалол Қурбонов 5-дақиқада "Навбаҳор" дарвозасига киритган. "Машъал" ҳужумчиси Зафар Тўраев 90+3 дақиқада "Шўртан" дарвозасига ғалаба тўпини киритди.
ПФЛга тақдим қилинган энг яхши ўйинчилар: Александр Пишур ("Навбаҳор"), Азиз Тўхтабоев ("Қўқон-1912"), Сервер Жепаров ("Локомотив"), Жалолиддин Машарипов ("Пахтакор"), Элдор Шомуродов ("Бунёдкор"), Шавкат Саломов ("Бухоро"), Илҳом Юнусов ("Қизилқум"), Бобур Акбаров ("Андижон"), Мансур Саидов ("Нефтчи"), Дониёр Ҳасанов ("Обод"), Қаҳрамон Баҳодиров ("Сўғдиёна"), Зоҳир Пиримов ("Олмалиқ"), Зафар Тўраев ("Машъал"), Аббос Амонов ("Шўртан"), Дилмурод Каримов ("Металлург"), Артур Геворкян ("Насаф").