Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Германияда ўзбек ёшлари ўртасида футбол турнири бўлиб ўтди

Баҳо:
+ | -

15 май куни Германиянинг пойтахти Берлин шаҳрида Европада яшаб турган ўзбекистонлик юртдошлар ўртасида 4-футбол турнири бўлиб ўтди. Турнир Берлин шаҳрида жойлашган "Давра" — олмон-ўзбек маданий жамияти томонидан ташкил этилди. Турнирда 220 дан зиёд Ўзбекистонлик юртдошлар иштирок этди.

"Давра" — олмон-ўзбек маданий жамиятига 2013 йилда Берлин шаҳрида ўзбек ватандошларимиз томонидан асос солинган. Жамият бу кунга қадар турли хил маданий тадбирлар билан бир қаторда, ҳар йили Германиядаги ўзбеклар ўртасида ҳам футбол турнирини кенг кўламда ташкил қилиб келмоқда. Бу йилги 4-турнир, нафақат Германия, балки Европанинг Франсия, Австрия, Польша ва Хорватия каби давлатларидан келган ҳамюртларимизнинг иштироки билан катта аҳамиятга эга бўлди. Бундан ташқари, турнирга Ватанимизнинг Берлиндаги бош элчихонаси ходимлари ҳам ўз жамоаси билан қатнашиши юртдошлар томонидан жуда ижобий баҳоланган бўлса, бошқа тарафдан мусобақаларнинг юқори савияда öтказишга катта ҳисса қўшди. Берлинда тўпланган ватандошларимиз, ўзлари истиқомат қилаётган шаҳарлардан, энг сара футболчилардан иборат 12 рақиб жамоалар тузиб, «Давра кубоги» учун тўп суришди. Ўйинларни кузатар эканмиз, жамоаларнинг турнирга муттасил тайёргарлик ила келганига амин бўлдик. Масалан, Дортмунд, Франкфурт-ам-Майн, Мюнхен, Триесдорф, Прага ёки Берлиндаги ватандошларимиз ўзларининг чиройли ўйинлари билан, турли ўлкалардан келган кўп сонли тамошабинларнинг олқишига сазовор бўлишди.

Қизғин кечган учрашувлар финал босқичига "Рейн Маин Юнайтед" ва "Мюнхен" ФК жамолари йўлланма олишди. Бу иккала жамоа 2015 йил ҳам, «Давра» томонидан ташкил этилиб, Кёльн шаҳрида бўлиб ўтган ўзбекларнинг 3-футбол турнири финалисти эдилар. Ўтган йилги финалда "Рейн Майн Юнайтед" жамоаси ғалабага эришган бўлса, бу йил "Мюнхен" ФК жамоаси 2:0 ҳисобида устун келиб, кубокни қўлга киритди.

Бу ерда нафақат футбол, балки чет элдаги ҳамюртларимизнинг аҳиллиги кўпчиликка яхши таассурот қолдирди. «Футбол баҳонасида, Европада ўқиётган, илмий изланаётган ва турли ташкилотларда фаолият кўрсатаётган юзлаб ҳамюртларимиз ўртасдаги ўзаро муносабатлар ва ҳамжиҳатликни кўриб, шунга амин бўлдимки, бу йигитлар келажакда ватанимиз Ўзбекистонни ривожига албатта ўз ҳиссаларни қўшишади", — дейди турнирга ташриф буюрган Гулистон Давлат Университитети, Табиий фанлар факультети декани профессор Хуршиев.

Дарҳақиқат, ватандошларимиз мусобақа мобайнида соғлом рақобат остида астойдил курашган бўлсаларда, ўзаро ижобий муносабат, яхши кайфият ва ўзбекона ҳурматни ҳар доим намойиш қилиб туришди. «Берлинда бундай қизиқарли футбол турнири ташкил этилганини кўриб, жуда хурсанд бўлдим. Бундай мусобақалар чет элда юрган ўзбек юртдошларининг ҳамжиҳатлигини ва ўзаро алоқаларнинг яхшилашда ёрдам беради. Қолаверса, бундай тадбирлар соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишнинг энг яхши воситасидир», — дейди Тошкент Ирригатсия-Милоратсия Институти ассистенти, ҳозирда Хорватиянинг Загреб Университетида ЭРАСМУС-МУНДУС лойиҳаси бўйича малака ошираётган ҳамюртимиз Учқун Алимов.

Чехиянинг Прага Университетида қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича илмий изланаётган Санжар Хўжаев ҳам турнирда ўз жамоаси билан иштирок этиб, бу мусобақанинг кўтаринки руҳда ўткатзилганини айтди ва турнир ташкилотчиларига ўз миннатдорчилигини билдирди. Санжар бу каби учрашувлар Европада ўқиб, изланиб ва илмий фаолият кўрсатаётган ҳамюртларимиз учун катта ютуқ эканлигига урғу бериб ўтди. Турнирнинг ярим финалигача чиқиб, ТИИМ (Тошкент ирригация институти) жамоасида тўп сурган, ҳозирда Франциянинг Лилль университети докторанти, Ғуломбек Мирзаев ҳам бу каби мусобақаларда ғолибликдан кўра, дўстона учрашув муҳимлигини, қолаверса, танишув, дўстлик ришталари ва ўзаро алоқаларни йўлга қўйилиши учун имконият яратилганидан мамнунлигини билдирди.

Турнирга мамлакатимизнинг Германия Федератив Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси др. Дурбек Амонов ҳам ташриф буюриб, турнир ғолибларини табриклади ва ташкилотчиларга ўз миннаддорчилигини билдирди. Ҳурматли элчи жаноблари қисқача нутқ сўзлаб, бундай учрашувлар чет элда турли соҳаларда фаолият юритаётган ҳамюртларимизнинг бир-бирлари билан яқиндан танишувига ёрдам беради, ўзбек ёшларини жипслаштиради ҳамда янги келяётган ёшларга намуна бўлади, деб айтди. Қолаверса, бу ердаги ўзаро фикр алмашуви имконияти инноватив ғоялар шаклланишида муҳим рол ўйнашини, бу эса ўз новбатида, Ватанимиз Ўзбекистоннинг равнақига хизмат қилади, деб таъкидлаб ўтди элчи жаноблари, др. Амонов.

Шундан сўнг махсус тайёрланган совға ва эсдаликлар топширилди: Турнирнинг энг яхши ўйинчиси совринига, "Мюнхен" ФК жамоаси марказий ҳимоячиси Мухтор Эшматов муносиб, деб топилди. Энг кўп тўпурарликни ҳам "Мюнхен" ФК жамоаси ҳужумчиси Аброр Шоназаров қўлга киритди. Энг яхши дарвозабон соврини ТИИМ дарвозабони Дилшод Дадабоевга насиб этди.

Чет элларда истиқомат қилаётган ватандошлармизнинг тадбирларини ўзбек ош-паловисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шунинг учун, бу йил Берлинда ҳам, турнир давомида стадион қошида ўчоқ-қозон ўрнатилиб, ош дамланди ва мусобақа қатнашчилари ҳамда тамошабин меҳмонларга тортилди. Бу эса тадбирга кўтаринки руҳ, аввало, ўзбекона кайфият бағишлади. «Давра» олмон-ўзбек маданий жамияти, навбатдаги «Европадаги ўзбеклар ўртасида футбол турнири»ни, турнирда қатнашган жамоа сардорлари билан келишган ҳолда, 2017 йилнинг май ойида ўтказишни режалади.

Стадион.уз учун махсус

Ифтихор ШОМУРОДОВ,

Берлиндан.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Манба: https://www.facebook.com/Davra.e.V
Киритилди: 23:36, 19.05.2016.
Ўқилди: 4734 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.