Кириш Регистрация
19/11 17:00 Хитой - Япония
19/11 17:00 Индонезия - Саудия Арабистони
19/11 17:00 КХДР - Ўзбекистон
19/11 19:00 Фаластин - Жанубий Корея
19/11 19:00 Қирғизистон - Эрон
19/11 21:00 Уммон - Ироқ
19/11 21:00 БАА - Қатар
19/11 23:15 Баҳрайн - Австралия
19/11 23:15 Кувайт - Иордания
20/11 01:00 Боливия - Парагвай
20/11 04:00 Колумбия - Эквадор
20/11 05:00 Аргентина - Перу
20/11 05:00 Чили - Венесуэла
20/11 05:45 Бразилия - Уругвай

Рустам Умаров:«Осиё чемпионати медаллари учун курашамиз»

Баҳо:
+ | -

Пойтахт вилоятининг «Олмалиқ» жамоаси футзал бўйича клублар ўртасидаги Осиё чемпионатига тайёргарликни бошлади. Александр Петров шогирдлари тоғли ҳудудда машғулот олиб боришади. Йиғин доирасида ўртоқлик учрашувлари ўтказилиши ҳам режалаштирилган. Яқинда Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида Осиё чемпионатининг финал босқичига қуръа ташланиб, унга кўра, «Олмалиқ»нинг гуруҳдаги рақиблари маълум бўлганди. Қитъамизнинг энг кучли 12 клуби 4та гуруҳга бўлинган ҳолда бош мукофот учун кураш олиб боришади. Ўзбекистон чемпиони «B» гуруҳида мусобақанинг амалдаги ғолиби - Эроннинг «Тасисат Дарёи» ҳамда Ливаннинг «Ал-Маядин» клубларига қарши баҳс олиб боради. Гуруҳда дастлабки икки ўринни эгаллаган жамоалар чорак финалга йўл олишади. Осиё чемпионати 15-23 июль кунлари Бангкокда бўлиб ўтади. Биз нуфузли мусобақа олдидан «Олмалиқ» сардори Рустам Умаровдан интервью олдик.

- Рустам, қуръани жамоадошларингиз билан қандай қабул қилдинглар?

- Гуруҳимизга кучли рақиблар тушишди. Ливан ва Эрон футзали жуда кучли. Ички чемпионатда савияси юқори жамоалар ўйнашади. «Тасисат Дарёи» клуби Осиё чемпионатининг амалдаги ғолиби ҳисобланади. Табиийки, улар ўз унвонларини ҳимоя қилишга уринадилар. Тан олиш керак, иккинчи йўлланма учун Ливан клуби билан курашамиз. Чорак финал тақдири «Ал-Маядин» билан ўйинда ҳал бўлса, бундан ажабланмайман. Қолаверса, гуруҳдан чиққан тақдиримизда ҳам бизни жиддий рақиблар қарши олишади. «А» гуруҳида Таиланднинг «Чонбури Блювейв» ҳамда Япониянинг «Нагоя Оушенс» клублари икки йўлланма учун асосий даъвогарлар ҳисобланишади. Австралиянинг «Вик Виперс» жамоаси ҳам осонликча таслим бўлмайди. «Нагоя» ва «Чонбури» клублар ўртасидаги Осиё чемпионати финалида майдонга тушишган. Демак, ҳар икки жамоа бу йилги мусобақада ғолибликка даъвогарлик қилишади. Ҳали қитъа чемпионати бошлангунча анча вақт бор. Рақибларни ўрганиш, ўзимиз ҳам бевосита ўйинларга тайёргарлик кўришимиз учун фурсат етарли, деб ўйлайман.

- Демак, қуръа жамоангиз учун омадсиз келибди-да?

- Худди шундай. Нафақат биз, балки Таиланд клуби ҳам худди шундай ҳолатга тушди. Мезбонлар ўз иштирокларини чорак финалдаёқ тўхтатмаслик учун гуруҳда япон жамоасини ортда қолдириб, биринчи ўринни эгаллашлари шарт. Осиёда футзал савияси ошяпти. Олдин Эрон клублари қитъада етакчилик қилишган бўлса, бугунга келиб қолган мамлакатлар жамоалари ҳам даража бобида етакчиларга тенглашиб олишди. Эндиликда ҳеч бир ғалаба осонликча қўлга киритилмайди.

- Осиё чемпионатига тайёргарлик режаси ишлаб чиқилдими?

- Маҳаллий мусобақалар якунланди. Энди бор эътибор Осиё чемпионати тараддудига қаратилади. Мураббийлар штаби жамоамизга 10 июнгача дам беришди. Қисқа муддатли ҳордиқдан сўнг мусобақага тўлақонли тайёргарлик бошланади. Айнан 10 июнь куни Тошкент вилоятининг тоғли ҳудудида ўқув-машғулот йиғини ўтказиш учун йиғиламиз. Бу ерда асосан тикланиш ва жисмоний тайёргарликка йўналтирилган машғулотлар ташкил этилади. Таиландга жўнаб кетиш олдидан ўз базамизда, яъни спорт залида шуғулланамиз. Табиийки, ўртоқлик учрашувлари ўтказиш ҳам режалаштирилган. Ўз навбатида, таркибда баъзи ўзгаришлар рўй бериши мумкин.

- Ўзбекистон кубоги финалида принципиал рақиб - «Ар- дус»га имкониятни бой бердинглар. Ваҳоланки, чемпионатдаги ҳар иккала ўйин­да бу жамоани таслим этгандинглар. Ушбу мағлубиятни нима билан изоҳлайсиз?

- Муваффақиятсизликнинг ўзига яраша сабаблари бор. Энг асосийси - таркиб билан боғлиқ ҳолат. Жароҳатланган бўлишсада, жамоамизнинг етакчи футзалчилари - Жавлон Аноров, Константин Свиридов, Андрей Шлёма майдонга тушишди. Табиийки, бундай ҳолатда футзалчи тўлиқ куч билан ўйнай олмайди. Жасур Содиқов эса дисквалификация сабаб жамоамизга ёрдам беролмади. Мақсуд Файзуллаевда ҳам жароҳат бор эди. Қолаверса, финалдан бир кун олдин «Когон» билан қийин ўйин ўтказганимиз салбий таъсир ўтказмай қолмади. Йигитларнинг кўп куч йўқотишгани «Ардус» билан ўйинда имкониятларимизни тўлиқ намоён этишга тўс-қинлик қилди. Юзага келтирилган қулай вазиятларни голга айлантира олмадик. Қолаверса, ҳимояга бироз «ўтириб» қолдик. Рақиб эса бундан унумли фойдаланди. «Ардус» футзалчиларининг ҳужумлари аксинча, самарали чиқди. Улар шу куни ғалабага ҳақли эдилар. Энди бор эътиборни Осиё чемпионатига қаратамиз. Ўз вақтида, «Ардус» ОЧ финалида ўйнаб, клублар ўртасида қитъа вице-чемпионига айланганди. Мақсадимиз - камида шу натижани такрорлаш. Бунинг учун эса биринчи галда гуруҳдан чиқиб олишимиз керак.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 13:46, 21.05.2016.
Ўқилди: 2748 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.