Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Ҳар кимнинг ўз вазифаси бор?!

Баҳо:
+ | -

«Ливерпул»нинг  АПЛда қайд этган натижаси жамоа мухлисларини сира  қониқтирмагани аниқ. Лекин «қизиллар» ЕЛ финалига чиқиб, ички мусобақадаги омадсизлик ўрнини тўлдиришди қайсидир маънода, яъни маълум даражада ўзларини оқлашди. Хуллас, Юрген Клопп янги иш жойида ўз ғояларини шогирдларига сингдириб, ижобий ўзгаришларни амалга оширмоқда. «Ливерпул»нинг етакчи ҳужумчиси Даниэль Старриж ЕЛ финали арафасида ана шу ўзгаришлар, жамоанинг янги мавсумдаги режалари ва германиялик мутахассис билан шахсий муносабатлари хусусида интервью берди.

Даниэль Старриж суҳбат аввалидаёқ «Ливерпуль» билан Клопп даврида дурустроқ совринга сазовор бўлишдан умидвор эканлигини таъкидлаб, германиялик мутахассис ва футболчилар ўртасида ҳеч қандай муаммо йўқлигини билдирди: «Бу ердаги барча шароитлардан мамнунман. Ҳеч қачон бирор нарса ёки кимдир ҳақида салбий фикр айтган эмасман. Шунчаки, кўпчилик ғийбат-иғво қилиб, ўзгача лаззатланишга одатланган. Баъзан таркибдан четда қолаётганимни кўриб, «Старриж қаттиқ хафа ва ўта норози», деб ўйлашлари мумкин. Лекин аслида ундай эмас. Ҳар кимнинг ўз вазифаси бор. Мураббий муайян учрашувга яхшироқ тайёргарлик кўрган футболчиларни танлаб олади. Шогирднинг вазифаси эса битта - майдонда устози ишончини оқлаш».

 - Жиддий назорат остида эканлигимни яхши биламан. 3 йилдан буён Ливерпуль ҳавосидан баҳра оляпман. Майдонга тушганимда, ўзимни бахтиёр ҳис этаман. Маълум муддат жароҳатлар туфайли сафдан четда юрдим, лекин асло нолимайман. «Челси»дан кейин мени шунчалик кутиб олишганига, жамоага таклиф қилган Брендан Рожерсга раҳмат!

 - Энди Юрген Клопп билан мароқли ишлаяпман. Асосийси, у мени ўйин амалиёти билан таъминлаяпти. Ҳа, иложи борича кўпроқ ўйнашни хоҳлардим, лекин борига барака. Демоқчиманки, сабр қилишни ҳам билиш керак.

Старриж суҳбат давомида Клоппга нисбатан қандайдир эътироз билдиролмаслигини яна бир марта алоҳида таъкидлади: «Ҳеч қандай муаммо йўқ, ҳаттоки, икир-чикирларда ҳам. Таркибни танлаш - унинг вазифаси. Бу борада ранжишим ноўрин. Футбол - жамоавий ўйин. Мураббий бошқа ўйинчига ишонч билдирса на илож? Лекин асосий таркибдан четда қолиш нафақат мен, балки барчага ёқмаслиги турган гап. Майдонга тушдингми, ишончни оқлашга ҳаракат қилишинг шарт. Бошқа гаплар эса бефойда».

 - Шахсан мен ўз имкониятларимга тўлиқ ишонаман. Майдонда ҳаракатланаётганимда, тинмай голли вазиятлар яратишга уринаман. Ўзим дарвозани ишғол қилолмаган тақдирда рақиб кўнглига ғулғула солиш орқали жамоадошларимга ёрдам бераман. Авваллари Луис Суарес билан рақобатлашардим. Мана, у «Барселона»да голлар «конвейри»ни йўлга қўйди. Яна бир жамоадошим Раҳим Стерлинг ҳам номдорроқ жамоага ўтиб кетди. Демак, «Ливерпуль»  янги футболчилар харид қилиш орқали таркибини кучайтириши лозим. Қайтараман, ҳар қандай ҳолатда, ким келишидан қатъий назар, майдонда нимага қодирлигимни яхши биламан.

26 ёшли Старриж «Энфилд»даги дастлабки совринини интиқлик билан кутмоқда:  «Умид қиламанки, янги мавсум қандайдир ўзига хос ўзгаришларни тақдим этади. Очиғи, чемпионлик унвонисиз юришдан зерикдим. Мисол учун, Лига кубоги финалидан кейин кўз ёшларимни тиёлмадим. Мағлубиятга учраганимиз туфайли эмас, ўта муҳим имкониятни қўлдан бой берганимиз учун. Зеро, биз янги даврни бошламоқчи эдик, лекин омадимиз чопмади. Бу аччиқ сабоқ бўлиши керак».

Ҳужумчи шунингдек, жароҳатлар даври ортда қолганига астойдил ишонмоқда: «Сафга қайтганимга бир неча ой бўлди. Шу давр ичида бир кун ҳам дам олмадим. Машғулотларга қатнашдим, жисмоний ҳолатимни яхшилаш учун ўз устимда жиддий ишладим. Бу билан кимдадир шафқат ҳиссини уйғотмоқчи эмасман - бизга меҳнатимиз учун ҳақ тўлашади. Боз устига, мен айнан шуни орзу қилганман».

«Ливерпуль» бош мураббийи Юрген Клопп эса жамоанинг ЕЛдаги муваффақиятида ҳеч қандай ғайритабиийлик йўқлигини таъкидлаб, ижобий ўзгаришларга қуйидагича изоҳ берди: «Мўъжиза дейсизми? Йигитларнинг қанчалик тер тўкаётганлари бошқаларга маълум бўлмаса, мен барчасини кўриб-билиб турибман. Шундай экан, бунинг нимаси мўъжиза? Қаранг, жамоамиз «Дортмунд» тўсиғидан ўтди. Яна бир мисол, 2016 йили нечта дурангга эришиб, неча марта мағлубиятга учрадик? Аввалгидан анча кам. Эҳтимол, «Боруссия»га қарши жавоб учрашуви танаффусида шогирдларимни руҳлантириш учун қандайдир ибораларни айтгандирман. Лекин ғалабани айнан улар қайд этишди!»

Мураббийнинг футболчиларга нисбатан яхши муносабатда эканлиги «Ливерпул»да ўз самарасини бермоқда: «Шогирдларимга доимо яқин бўлгим келади. Барча йўллар Римга элтиши мумкин. Лекин ҳар кимнинг ўз йўли бор. Сайёрамиздаги омадли касбдошларим ўз шогирдлари билан бошқачароқ муносабатда бўлишлари мумкин. Аммо мен ўз табиатимни ўзгартирмоқчи эмасман. Бошқа қайсидир жиҳатни ўзгартиришга кучим етар, лекин табиатим масаласида мутлақо ожизман».

Содиқ СОБИР тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:13, 24.05.2016.
Ўқилди: 3539 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.