Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Хамес «Реал»га керакмасми?

Баҳо:
+ | -

Жорий мавсум «Реал»нинг колумбиялик футболчиси Хамес Родригес учун кўнгилдагидек кечмаяпти. Тўғри, у яқиндагина бўлиб ўтган «Валенсия»га қарши ўйинда ҳам самарали тўп узатди. Аммо энг муҳими, у майдонга ҳадеганда тушавермаяпти. Тушганида эса, ўйини унчалик қовушавермаяпти. Мураббийлар унга эътибор беришмаяпти, мухлислар эса Хамесга нисбатан ишончни йўқотишган. Хуллас, Хамесга нима бўляпти ўзи?

«Реал Сосьедад»га қарши учрашувда Хамес майдонга тушганидан 20 дақиқа ўтиб, тўпни йўқотди. Бироздан кейин ўта ноаниқ «пас» берди-да, бу ҳам камлик қилганидек, деярли 100 фоизли имкониятни қўлдан чиқарди. Бу сўзларни колумбияликнинг бутун бир мавсумига қиёсан ишлатиш ҳам мумкин.

73-дақиқага келиб, захирадан унинг ўрнига Иско майдонга туширилди ва орадан 7 дақиқа ўтгач, «Реал» гол урди.

Хамесни Рафа Бенитес хушламасди. Афсуски, янги бош мураббий - Зидан ҳам унга ишонч билдирмаяпти. Шу боис, айни пайтда журналистлар уни гоҳ у, гоҳ бу жамоага кетиши мумкинлиги ҳақида бонг уришмоқда. Хамеснинг ўйин амалиётисиз қолиб кетаётгани эса унинг ватандоши, машҳур собиқ футболчи Карлос Вальдерраманинг асабини бузмоқда.

- Карло Анчелотти унга ишонч билдириб, ҳар ўйинда майдонга туширарди. Хамес эса шунга яраша ҳамманинг ишончини оқларди. Бенитес даврида ҳам у чакки ҳаракат қилмади. Бироқ Зиданга келганда, барчаси ўзгарди. Улар ўртасида қандай муаммо борлигини эса билмайман, - деди афсонавий Вальдеррама.

Чиндан ҳам, сўнгги пайтларда Хамеснинг ўйинлари шу қадар ёмонлашиб кетдики, ҳатто мухлислар Анчелотти даврида у қанчалик фойдали футболчи бўлганини ҳам унутиб юборишди. Зеро, ўша пайтлари 63 миллион евро эвазига «Монако»дан Мадридга кўчиб ўтган Родригес 29 ўйинда 13та гол уриб, яна шунча марта шерикларини тўп билан таъминлаганди.

Тарихни ёдга олсак, италиялик мураббий уни аввалига 4-3-3 чизмасининг ўртасига жойлаштирди. Бироқ кейинроқ Хамес ўз ўрнини қанотга кўчирди ва улар Иско билан биргаликда қанот бўйлаб ҳаракат қилиб, ҳужумлардаги кескинликни оширишди. Лекин ёзга келиб, Мадрид жамоаси италиялик мутахассисдан айрилди ва суперюлдузлардан иборат жамоадан бирдамлик руҳи йўқолди. Бенитес эса ҳамкасбининг ғояларини давом эттира олмади. Аниқроғи, у «Реал» ўйинига ўз режаларини киритди, аммо бу Хамес учун фойдали бўлмади.

Боз устига, Хамес жуда оғир ўтган Америка кубогидан кейин бироз ҳордиқ чиқармоқчи бўлиб, ниятини Бенитесга айтди. Рафа эса уни ҳатто эшитишни ҳам истамай, Хамесни умумий мақсаддан бўйин товлашда айблаб, футболчини захира ўриндиғига ўтқазиб қўйди. Шу тариқа, ўтган мавсумни майдон ташқарисида бошлаган Хамес «Бетис»га қарши ўйинга келиб, аввалги формасини тиклади ва айнан шу учрашувда иккита ажойиб голга муаллифлик қилди. Ана шу пайтларда Бенитес ҳам Хамесга ишонч билдира бошлаганди. Минг афсуски, шундан кўп ўтмай, колумбиялик футболчи кутилмаган жароҳатга йўлиқиб, етти ҳафтага сафдан чиқди. Родригес тузалиб, жамоага қайтганидан сўнг «Севилья» дарвозасини ишғол қилишга эришди. Бироқ унинг спорт формасини аввалги даражада деб бўлмасди.

Жамоадаги омадсизликлар давомий тус олгач, журналистлар, табиийки, дарров Бенитеснинг ёқасидан ушлашди. Хамес ҳам улардан қочиб қутулолмади. Зеро, «Реал»нинг ўйини қовушмаётган бир паллада у машинасини соатига 200 км|с тезликда ҳайдаб, полициячилар қўлига тушиб қолди. Устига-устак, футболчи тартиб посбонларининг тўхташ ҳақидаги ишорасига бўйсунмай, қочиб кетган ва олти километрдан кейингина таъқиб қилиб келаётган полицияларга мажбуран таслим бўлганди.

Шубҳасиз, ҳар қандай киши ёшлик пайтларида бундай майда можароларга йўлиқиб туради. Лекин футболчи энг аввало, майдондаги вазифасини қойиллатиб қўйиши лозим. Шунда унинг бебошликлари тезда унутилади. Аксига олиб, бу вақтда «Реал»да жорий ўзгаришлар бўлаётган, яъни Зидан ўз фалсафаларини амалга оширишга уриниб кўраётганди. Юқоридаги кўнгилсиз ҳолат сабаб бўлдими, Зидан негадир Хамесга эмас, Искога ишонч билдиришни маъқул топди ва шундай қилиб, колумбиялик футболчи захира ўриндиғига бутунлай «михланиб» қолди. Тўғри, яна ўша «Бетис»га қарши навбатдаги учрашувда Зидан Родригесни ҳам ниҳоят, майдонга туширди ва у «Реал»нинг ягона голига муаллифлик қилди. Аммо кучсиз жамоага қарши 1:1 ҳисобидаги дуранг билан қаноатланишга мажбур бўлган жамоа раҳбарлар ва мухлислар олдида уядга қолди. Колумбиялик футболчини эса жисмоний тайёргарлиги яхши бўлмагани учун койишди.

- Анчелотти ва Зидан - бир-биридан кескин фарқ қиладиган мутахассислар. Ўғлимнинг ўйин амалиётисиз қолаётгани ҳеч нарсани англатмайди. Лекин шуниси аниқки, «Реал»да мураббийлар алмашгани Хамеснинг фойдасига ишламади, - дейди Уилсон.

Хамес, шубҳасиз, ажойиб футболчи. Лекин айни пайт Зидан унинг хизматларига эҳтиёж сезмаяпти. Демак, Перес вақтни ўтказмай, колумбиялик истеъдодни бирор-бир бақувватроқ харидорга пуллагани маъқул, чоғи.

И.РАҲИМОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 22:58, 25.05.2016.
Ўқилди: 3468 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.