Кириш Регистрация
19/11 17:00 Хитой 1-3 Япония
19/11 17:00 Индонезия 2-0 Саудия Арабистони
19/11 17:00 КХДР 0-1 Ўзбекистон
19/11 19:00 Фаластин 1-1 Жанубий Корея
19/11 19:00 Қирғизистон 2-3 Эрон
19/11 21:00 Уммон 0-1 Ироқ
19/11 21:00 БАА 5-0 Қатар
19/11 23:15 Баҳрайн 2-2 Австралия
19/11 23:15 Кувайт 1-1 Иордания
20/11 01:00 Боливия 2-2 Парагвай
20/11 04:00 Колумбия 0-1 Эквадор
20/11 05:00 Аргентина 1-0 Перу
20/11 05:00 Чили 4-2 Венесуэла
20/11 05:45 Бразилия 1-1 Уругвай

Арда Турон:«Ҳеч кимдан чўчимаймиз»

Баҳо:
+ | -

Туркия терма жамоаси сардори ҳисобланган Арда Туроннинг «Барселона»да дебют қилиш учун бир неча ой кутганидан хабарингиз бор. Лекин футболчининг ўзи бундан афсусланмайди. Чунки «Ноу Камп»да илк бор майдонга тушиш олдидан у бир нечта китоб ўқиди. Шунингдек, Каталония пойтахти билан яқиндан танишиб олди. Бу ҳақда туркиялик футболчи FourFourTwo нашрига берган интервьюсида гапириб ўтди.

- «Барселона» сафига ўтган йили қўшилгандингиз. Аммо трансферларга қўйилган тақиқ туфайли етти ой майдонга туша олмадингиз. Бу қийин кечдими?

- Қийналган пайтларимда болалигимни эсладим. Чунки ўшанда «Барса»га мухлислик қилардим. Бу жамоа либосини кийиш, Андрес Иньес­та, Лионель Месси, Луис Суарес ва Неймарлар билан бир жамоада ўйнаш... Олдинлари мавсум давомида 40-50та учрашувда майдонга тушардим. Январгача бўш вақтим кўп бўлди. Шу билан бирга, ўзим учун кўп вақт ажратишга имкон юзага келди. Ўзи кўпдан буён китоб ўқишни режалаштириб юргандим. Шунингдек, Луис Энрике шаҳарни яхшилаб ўрганиб олишим учун алоҳида дам олиш кунларини белгилади. Тўғри, қийинчиликлар ҳам бўлди. Лекин уларга эътибор бермасликка ҳаракат қилдим.

- Нима учун ижарага кетмадингиз?

- «Барселона» мен учун катта пул сарфлади. Шу боис ҳам клубга ҳурматсизлик қилишни истамадим. Мисол учун, ижарада ўйнаб, жароҳат олишим мумкин эди. Бу эса жамоа учун ноҳақлик бўларди.

- Сизнинг трансферингиз «Барселона»нинг президентлик сайловлари натижасига боғлиқ эди. Агар Хосеп Мария Бартомеу мағлубиятга учраганида, «Атлетико»га қайтардингиз. Бу ҳолатдан хавотирга тушдингизми?

- Йўқ. Чунки мен Луис Энрикега керак эдим. Айнан шу нарса муҳим аҳамият касб этарди. Хосеп Мария Бартомеу ҳам менга яхши муносабатда бўлди. Шу боис ҳам умуман хавотирланмадим.

- Алейш Видаль ҳам сизнинг ҳолатингизга тушганди...

- Алейш мендан кичикроқ. Шу боис ҳам унга ёрдам беришга мажбур эдим. Жамоа ўйнаганда бирга машғулот ўтардик. Биз ўзимизни бегона ҳис қилмадик. Луис Суарес ҳам бизга ўхшаш ҳолатга тушганди. У ўз тажрибалари билан ўртоқлашди. Албатта, бошқалар ҳам ёрдамларини аяшмади.

- Январда ниҳоят, майдонга тушдингиз. Март ойида эса дастлабки голингизни «Райо Вальекано» дарвозасига урдингиз. Ўшанда ўзингизни қандай ҳис қилдингиз?

- Бу жамоамизнинг ўша учрашувдаги бешинчи голи эди. Лекин мен учун унинг аҳамияти катта. Юқорида айтганимдек, «Барса»да ўйнашни орзу қилганман. Олти ойдан кўпроқ ўйиндан ташқарида юрганим боис ҳам бу гол менга ўзгача таъсир ўтказди. «Барселона» жаҳондаги буюк клуб ва жамоанинг ўйин услуби менга мос келади. «Галатасарой» ва Мадриднинг «Атлетико» клубларида ўйнаб юрган кезларим менга камроқ эътибор беришарди. «Барселона»да эса вазият бошқача. Бутун жаҳон футбол фанатларининг кўзлари шу жамоага қаратилган. Лекин мен бундай босимга эътибор бермайдиган даражада тажрибага эгаман. Олдин ҳам яхши футболчи эдим. «Барса»да эса янада кучайдим.

- Луис Энрике ва Диего Симеоненинг машғулотлари нимаси билан фарқ қилади?

- Симеоне қўл остида кўп нарсани ўргандим. Олдин ҳимояланишим керак бўлса, рақиб футболчиси ортидан 90 дақиқа чопаверардим. Диего эса менга  позицион ўйнашни ўргатди. Симеоненинг услуби кўпроқ ҳимояга асосланади. Унинг қўл остида шуғулланиш осон эмас. Луис Энрикенинг йўналиши эса бошқача. Маш-ғулотларда ҳамиша тўп билан ишлаймиз. У бизга қулай бўлишини таъминлайди. Анча қувноқ.

- Месси, Суарес ва Неймар — тарихдаги энг яхши ҳужум триосими?

- Улар шубҳасиз, энг кучлиларидан. Уларга тўп оширсангиз бўлди - таблодаги ҳисоб ўзгаради. Улардан тўпни олиб қўйишнинг деярли имкони йўқ. Йигитлар ҳеч нимадан чўчишмайди. Кийиниш хонасида ҳазиллар кўп бўлади. Бир сўз билан айтганда, бир оиладекмиз.

- Еврода «оила аъзоларингиз» билан учрашишни кутяпсизми (Испания ва Хорватия Туркия билан бир гуруҳдан жой олган)?

- Қуръадан сўнг «Барса»да бу борада кўп ҳазиллашамиз. Испанияга қарши учрашувдан сўнг Серхио Бускетс билан футболкаларимизни алиштирамиз. Улар Туркиянинг чақилмас ёнғоқлигини билишади. Рақиб қанчалик кучли бўлмасин, шунчаки жон бермаймиз. Иван Ракитич ва «Атлетико»даги собиқ жамоадошим Марио Манжукичлар ҳам турнирни интизорлик билан кутишяпти. Ўйлайманки, Евро-2016даги гуруҳимиз қийин бўлиш билан бирга қизиқарли ҳамдир.

- Туркия Европа чемпионатига энг яхши учинчи ўрин эгаси сифатида йўл олди. Омадларингиз келмай қолиши ҳам мумкинмиди?

- Охирги ўйинимиз олдидан Фотиҳ Теримнинг қизи унга «плей-офф»­да тўқнаш келиши мумкин бўлган рақиблар борасида SMS ёзганди. У эса «Бунга ҳожат йўқ. Биз тўғридан-тўғри йўл оламиз» деб жавоб берган. Кўпчилик омадимиз келгани ҳақида гапиради. Аммо биз охирги учта ўйинда ўз дарвозамиздан бирорта тўп ўтказиб юбормаган ҳолда ғалаба қозондик. Ўзимизга ишонгандик. Айниқса, Голландияни мағлуб этганимиздан сўнг кучимизга куч қўшилди. Жамоамизда тажрибасиз футболчилар йўқ эмас. Лекин улар ҳам юқори савияда ҳаракат қилишди. Балки таркибимизда жаҳон даражасидаги юлдузлар йўқдир. Лекин футбол жамоавий спорт тури. Таркибида Мессидек сайёранинг энг яхши футболчиси бўлган Аргентина ҳам кези келганда ҳеч нима юта олмаяпти. Биргаликда кучмиз. Демак, Евро-2016да сюрпризларни кутишингиз мумкин. Биз ҳеч кимдан чўчимаймиз.

Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:00, 26.05.2016.
Ўқилди: 2901 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.