Белоруслик ярим ҳимоячи Александр Глеб «Барселона»да ўйнаган пайтда ҳужумчи Златан Ибраҳимовичнинг жамоадаги ўрни борасида ўз фикрларини билдириб ўтди.
«Златан — даҳшатли футболчи. Миллати швед, лекин — тоза славян. У шум табиатли инсон. У келарди-да, барчага қарата: «Мен Златко! Мен – энг зўрман!», — дерди. У Месси ва Анридан ташқари ҳаммани югуртирарди. Масалан, машғулот пайтида Пуйолнинг елкасига оёғини қўярди. Карлес эса шокка тушарди: «Ибра, нима қиляпсан?!» У эса куларди. Бошқа футболчи Пуйолга нисбатан бундай қилишга ҳадди сиғмасди. Ибра ростдан ҳам ўзини барчадан зўр деб биларди. Унинг хатти-ҳаракатлари ўзига хос эди.
Масалан, машғулот пайтида ҳавода елкама-елка курашни машқ қилаётгандик. Барча жуфтликларга бўлинди. Ибра билан иккимиз қолдик. У "Кел, иккимиз бажарамиз", — деди. Мен: "Йўға, сен мени ўлдириб қўясан", - дедим. У: "Йўқ, енгилроқ, эҳтиёт бўлиб ҳаракат қиламан", — деди раҳмдил қиёфа билан. Рози бўлдим, сакрадим ва кейин қоронғулик. Кўзимни очсам, 10 метр нарида ётибман. Златан эса тепамда туриб, ҳоҳолаб куляпти», – деди Глеб.