Хабарингиз бор Европа чемпионлар лигаси финалида "Реал" жамоаси ғолиб чиқди. Гарчи Қироллик клуби ушбу финалда ғолиб бўлган бўлса-да, ўйинда жамоа етакчиси Роналду деярли кўринмади ва бу ҳолат кўплаб мухлисларнинг танқидига сабабчи бўлди. Португалиялик футбол юлдузи ушбу танқидларга ўз муносабатини билдириб ўтди.
"Ундай танқидларга эътибор бермайман. Мени севадиган инсонларни ҳар доим ўзимга яқин тутаман. Ва ушбу Чемпионлар лигаси кубоги мени ҳар доим қўллаб қувватлаган Португалиядаги ва бутун дунёдаги менинг мухлисларим учун".
Ушбу мавсум билан қўшиб ҳисоблаганда Роналду олти мавсумдан буён 50 тадан гол урмоқда ва португалиялик футболчи бу борада ҳам ўз фикрларини айтиб ўтди.
"Финал билан бирга ҳисоблайдиган бўлсак, мен бу мавсумда 4000 дақиқадан кўпроқ майдонда ҳаракат қилдим. Бу борада жамоада биринчиман ва бу мен учун кўп нарсани англатади: демак, мен ҳали ҳам яхши формадаман, жисмоний ва руҳий жиҳатдан яхши ҳис қиляпман. Агар мендан "чарчадингизми?" деб сўрасангиз, "ҳа" деб жавоб бераман. Мен жуда кўп дақиқаларни югуриб ўтказдим, бироқ ҳали ҳам шу ердаман ва ҳар доим шу ердаман. Жамоамнинг яхши ва ёмон лаҳзаларида бирга эканлигимни кўрсатдим. Бу мен учун фахр. Етти йилдан буён ҳар йили 50 тадан кўп гол уряпман, лекин ҳар куни ўзимдан янада кўпроғини сўрайман".