«Олимпиакос» ва Мексика терма жамоаси ярим ҳимоячиси Алан Пулидо якшанба куни ўз Ватанининг Тамаулипас штатида ўғирлаб кетилиб, сўнгра қутқарилганди. У қутқарилиш жараёни қандай кечгани ҳақида сўзлаб берди.
25 ёшли футболчи қиз дўсти билан кечадан қайтиши чоғида уни ўғирлаб кетишганди. Ўғрилар Пулидонинг машинасини бир неча машиналар билан ўраб олиб, ниқоб кийган бир неча кишилар футболчини асирга олишган. Ўғрилар унинг дугонасига тегишмаган.
Маҳаллий органлар ўғирланган футболчининг қаердалигини аниқлаш учун кўп ҳаракат қилишган, аммо Пулидонинг ўзи алоқага чиққан. Алан ўзига қўриқчилик қилаётган ўғрининг қўлидан тўппонча ва телефонини уриб туширган ҳамда полицияга 3 марта қўнғироқ қилишга улгурган.
Пулидо ойнадан ташқарига қараган ва қўшни бинонинг кўринишини тасвирлаб берган. Иккинчи қўнғироқ пайтида оператор ундан тўппонча орқали бир нечта ўқ отишни сўраган. Мақсад — полициячилар унинг жойлашган ўрнини янада аниқроқ билиб олишлари учун. Пулидо эса ўзида патронлар йўқлигини айтиб, уни ўғрилар билан адаштириб юбормасликлари учун эгнидаги кийимини тасвирлаб берган. Футболчи учинчи марта қўнғироқ қилганида полиция керакли жойга етиб келганини тасқдиқлаган.
Пулидо ойнадан қочишга уринаётганида билагини кесиб олди. Ўйинчига тиббий ва психологик ёрдам кўрсатилди. Қутқарилган футболчи Худога шукрона келтирди ва ўзининг тақдиридан хавотир олган мухлисларга миннатдорчилик билдирди.
Пулидо «Олимпиакос» сафида 2015/16 йилги мавсумда 6та гол урди. Ярим ҳимоячи Мексика терма жамоаси сафида ЖЧ-2014да иштирок этганди.