Мексика миллий терма жамоаси ҳамда Грециянинг «Олимпиакос» клуби ҳужумчиси Алан Пулидонинг ўғирланиши ташкилотчиси ўз қариндошининг йигити – Освальдо Веласкес Гарсиа бўлиб чиқди. Бу ҳақда Тамаулипас штати бош прокурори Исмаэль Кинтанилья 31 май, сешанба куни маълум қилди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
La Jornada газетасининг маълум қилишича, жиноятчи шу куниёқ қўлга олинган. Прокурорнинг сўзларига қараганда, Веласкес уни қўлга олишга етиб келган полиция ходимларига қарата ўқ узган. Ҳуқуқ-тартибот органлари Веласкеснинг хатти-ҳаракатларига жавобан уни ўққа тутиб, қўли ва елкасини жароҳатлаган. Аввалроқ Тамаулипас ҳукумати Пулидонинг ўғирланиши ижрочиларини қўлга олганди. Маълум қилинишича, улар қилган жиноятларига иқрор бўлмоқда. Шунингдек, уларнинг бошқа жиноят ишларига ва гиёҳвандлик савдо-сотиғига алоқадорлиги текширилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Алан Пулидо 29 майга ўтар кечаси Тамаулипас штатида, қиз дўсти билан кечки зиёфатдан қайтаётган вақтида ўғирлаб кетилган эди. Футболчи ўғрилардан бири билан муштлашиб, унинг телефонини олиб қўйишга ва ёрдам чақиришга муваффақ бўлган. Пулидо қариндошларининг айтишича, жиноятчилар унинг озодлиги учун 6 миллион песо (чамаси 330 минг доллар) талаб қилган.
Маълумот учун, 2014 йилги Жаҳон чемпионатида Мексика терма жамоаси шарафини ҳимоя қилган Алан Пулидо, 2015 йилдан буён Грециянинг «Олимпиакос» клуби шарафини ҳимоя қилади.