Федерико Бернардески якунланган мавсум «Фиорентина»нинг асосий футболчиларидан бирига айланиб, кенг жамоатчилик эътиборини қозонди. Уни «А» серияси бош кашфиёти сифатида тилга олишмоқда. «Бинафшаранглар» ҳужумчиси энди Францияда ўтадиган қитъа чемпионатига катта умид билан қараяпти. Умуман олганда, ёш футболчини «Скуадра Адзурра»нинг бўлажак етакчисилари қаторида кўрсак, ажабмас. Хўш, Федериконининг ўзи якунига етган мавсумдан қандай таассурот олди, яқин йилларга боғлиқ режалари қандай? «Фио» мухлисларида фахр туйғусини уйғотган ҳужумчи ўз интервьюсида гарчи келажагига доир аниқ гапирмаган бўлсада, La Gazzetta dello Sport мухбирлари илтимосига кўра, «А» сериясида ўзи каби порлаган ёш ҳамкасбларига бирма-бир таъриф бериб ўтди.
- Мавсум-2015|2016 давомидаги ўйинларингиз ва муваффақиятларингизни шахсан ўзингиз қандай баҳолайсиз?
- 10 баллик тизимда 7 баҳога тортса керак. Оддий айтганда, умумий таассуротлар ёмон эмас, аммо бундан ҳам яхши бўлиши мумкин эди.
- Айниқса, Пауло Соуза билан ҳамкорлигингиз яхши чиқди...
- Ҳа, бунисига энди 9 баҳо қўйсак ярашади.
- Асосийси, ниҳоят, бор маҳоратингизни ишга сола бошладингиз. Эндиликда сизни итальян футболчиларининг янги авлоди етакчиларидан бири сифатида эътироф этишмоқда.
- Худди шундай. Футболдаги кумирларим — Жанлуижи Буффон ва Франческо Тотти. Улар ақл бовар қилмас даражада кучли характерга эга футболчилардир. Мана, қаранг, деярли 40 ёшга етган бўлсаларда, ҳамон ёшларга ўрнак кўрсатиб келишмоқда.
- «Ювентус» билан ўйиндан сўнг Буффон сизга нимадир деганди, агар сир бўлмаса...
- Биз шунчаки, жонажон шаҳримиз — Карраре ҳақида гаплашдик. Умид қиламанки, ажойиб кунлардан бирида худди Буффон каби ўзим ўсиб-улғайган шаҳар жамоасида президент сифатида ишлайман. Жижининг «Сассуоло»га ютқазилган ўйиндан кейин айтган гаплари эсингиздами? Айнан унинг жон куйдириши натижасида «Ювентус» уйғонди ва якунда кетма-кет 5-марта скудетто соҳибига айланди. Чинакам етакчи мана шундай бўлади! Ишончим комил, туринликлар Жижисиз бундай муваффақиятга эришолмасдилар.
- Ўзингизга ўхшаган италиялик бошқа ёш футболчилар ҳақида фикрингиз қандай? Мисол учун, Алессандро Флоренцини кўп гапиришяпти.
- Бу йигит 10 баллик тизимда 9 баҳога лойиқ. Хусусан, букилмас характери билан ҳаммани шунчаки, ҳайратга соляпти.
- Стефан ал Шаарави-чи?
- Стефан юлдуз даражасига кўтарилиб улгурганди, бироқ кейинчалик нимадир ўхшамай қолди. Муҳими, у ҳали таслим бўлмоқчи эмас ва якунига етган чемпионатда ўз жамоасида муҳим ижрочилардан бирига айланди. Умуман олганда, ҳар ким эртами-кеч ўйин бобида бироз орқага кетиши мумкин - бу ўзига хос инқироз. Ўйлайманки, ал Шаарави учун бундай оғриқли жараён ортда қолди. Хуллас, у энди фақат олға борса, ажабмас.
- Даниэле Ругани...
- Ўта нафис ҳаракатланадиган футболчи! Айтганча, у «А» серияда илк сариқ карточкани менга қарши курашда олганди. Аслида Ругани энг мураккаб вазиятлардан ҳам енгиллик билан чиқиб кетиш иқтидорига эга.
- Алессио Романьоли?
- У катта клубларда футболчилар зиммасига тушадиган улкан босимни муносиб енгиб ўтди. Бошқа таърифга ҳожат йўқ.
- Доменико Берарди?
- Бир қарашда, рақиб ҳимоячиларининг кейинги ҳаракатини олдиндан сезадиган авлиё футболчи. Доменико ҳаётда анча ёқимтой йигит, аммо майдонда дарҳол мутлақо ўзгаради. Гоҳида ҳаттоки, шафқат билмас ёвуз рақибга айланади-қолади.
- Маттиа Перин ва Жанлуижи Доннарумма?
- «Милан» голкипери — туғма истеъдод ва шундай юлдуз. Уни олдинда буюк келажак кутяпти. Тахминимча, камида ўз адаши - Буффон даражасига чиқиши керак. Перинга келсак, у қадрдон дўстим. Маттианинг чаққонлигига гап йўқ - худди мушукдек сакрайди-я...
- Италия терма жамоаси бош мураббийи Антонио Конте сизда қандай таассурот уйғотди?
- Жуда кучли ва етакчилик хусусиятига эга шахс. У ҳаттоки, машғулотларда ҳам доимо барчадан 100 фоиз куч сарфлашни талаб қилади. Оддий айтганда, Конте - катта профессионал.
- Сизнингча, Евро-2016нинг бош фаворити қайси жамоа?
- Германия термаси. Лекин ишонтириб айтаманки, Италия миллийчилари ҳам чакки эмаслар. Хуллас, чемпионатда мухлисларимизни ранжитиб қўймаймиз.
- Гап-сўзларга қараганда, «Барселона», «Бавария», «Челси» каби жамоалар сизни диққат билан кузатиб боришяпти...
- Айни ҳозирги ҳолатда бу ҳақда ўйлаб, бош қотиришим ножоиз. Ахир Евро-2016 тобора яқинлашмоқда. Бундай паллада бошқа масалаларга чалғиш фақат зарар келтиради.
- Энди клубингизга ҳам озгина тўхталсак - бу йил «Фиорентина»га нима бўлди?
- Ҳа, мавсумнинг биринчи ярмида жуда яхши ўйнадик, бироқ кейинчалик негадир тезликни пасайтириб юбордик. Нима бўлганда ҳам, очиқ айтаман, ҳозирги ҳолатда 5-ўрин бизга муносиб натижа. Ҳарқалай, шахсий фикрим шундай. Турнир жадвалида биздан юқорига жойлашган жамоалар ва уларнинг таркибига қарасангиз, фикрим асоссиз эмаслигини тушунасиз.
- Сизнингча, Соуза навбатдаги мавсумда ҳам «Фиорентина» бош мураббийи лавозимида қолармикан?
- У жамоамиз учун нафақат мураббий, балки йигитларни олға ундовчи қайдайдир куч сифатида ҳам жуда муҳим шахс. Мана, Соуза секин-аста «Фиорентина»га ҳар томонлама мослашиб олди. Агар тўғри йўналишда кучайиб борсак, ўйлайманки, келаси мавсум яна Европа Чемпионлар Лигасига чиқиш учун курашамиз. Ахир бизнинг орзумиз ҳам шу.
- Айтишларича, отангиз биринчи рақамли фанатингиз экан. У одатда сизга нима дейди?
- Мудом кўпроқ гол уришимни талаб қилади.