Португалия терма жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду Европа чемпионати арафасида ёшлигида ким бўлишни истаганини ва қайси футболчиларга ҳавас қилганини айтиб ўтди.
«Ёшлик пайтимда Луиш Фигу, Руи Кошта ва Фернанду Коуту мамлакат қаҳрамонлари бўлишган. Албатта, мен уларнинг ўйинларини кузатиб борардим. Шу билан бирга билардимки: «Мен улар билан бирга ўйнайман». Бошқа мамлакатлар чемпионатларини, «Манчестер Юнайтед», «Реал», «Валенсия», «Милан» клублари ўйинларини томоша қилардим. Профессионал футболчи бўлишимни билардим.
Терма жамоа сафида 18 ёшимдан бери ўйнаяпман ва унинг таркибидаги ҳар бир ўйиндан фахрланаман. Шубҳасиз, мен нафақат Португалиядаги, балки бутун дунёдаги одамларга ўрнак бўла олдим. Менинг асосий вазифам — ўз ўйинимни кўрсатиш ва уни янада яхшироқ амалга ошира олишимни кўрсатишдан иборат. Шунингдек, майдон ташқарисида ҳамиша ўрнак бўлишга ҳаракат қиламан, айниқса, болаларга. Улар сизга интилишади. Буни унутмаслик керак», – дейди Роналду.