Бугун, 10 июнда Францияда бошланадиган футбол бўйича Европа чемпионати Халқаро футбол уюшмалари кенгаши (IFAB) томонидан қабул қилинган, футбол қоидаларига янги ўзгаришлар қўлланадиган биринчи мусобақа бўлади.
Ўзгаришлар 2016 йил 1 июндан кучга кирди. Энди ўйин бошланишига ҳуштак чалингандан кейин тўпни нафақат олдинга, балки исталган йўналишда тепиш мумкин.
Жароҳат олган ўйинчи қоидабузарлик учун сариқ ёки қизил карточка билан жазоланган футболчи билан тўқнашганда майдон ташқарисида эмас, балки майдоннинг ўзида тезкор тиббий ёрдам олиши мумкин.
Евро-2016’да "уч карра жазолаш" қоидасининг ўзгартирилган вариантини синаш бўйича 2 йиллик синов муддати киритилади. Аввал бу қоидага кўра, ўз жарима майдончасида охирги умид қоидабузарлигига йўл қўйган ўйинчига жазо тариқасида пенальти, қизил карточка ва четлатиш кўзда тутилганди. Эндиликда ҳакамлар бу қоидабузарлик учун қизил карточка эмас, балки сариқ карточка кўрсатиш билан кифояланишади.
Шунингдек, ушбу мусобақада биринчи марта дарвозаларга тўп киритилишини аниқлаш технологияси қўлланади. Унга кўра, компьютер тизими ва бош ҳакамнинг қўшимча ёрдамчилари гол кирган-кирмаганини аниқлаш учун биргаликда ишлайдилар.