Биринчи бўлимда кичик устунлик Ирландия томонда бўлди. Уларнинг ҳужумлари бироз хавфлироқ бўлди. 8-дақиқада Ҳендрик тўпни ерлатиб дарвозага йўллаганида, дарвозабон Исакссон яхши ҳаракат қилиб, уни қайтара олди.
Орадан бироз ўтгач, яна бир вазият қўлдан чиқарилди. Чап қанотдан оширилган тўпга чиқишда Исакссон хатога йўл қўйди. Аммо О’Ши яқин масофадан дарвозани ишғол эта олмади. 28-дақиқада ирландиялик мухлислар яна бошини чангаллаб қолишди. Ҳендрик узоқ масофадан кучли зарба йўллаганида, тўп дарвоза тўсинини “ялаб” ўтди.
Ирландиялик футболчиларнинг сайъ-ҳаракатлари иккинчи бўлим бошида ўз самарасини берди. 48-дақиқада Коулмен ўнг қанотдан тўпни жарима майдонига оширганида, ҳимоячилар эътиборидан четда қолган Ҳулаҳан кучли ва аниқ зарба йўллаб, ҳисобни очди.
Шундан сўнг Швеция “уйғонди”. Улар ҳисобни тенглаштириш учун олдинга ташланишди. 50-дақиқада, жарима майдонидаги пала-партишликдан фойдаланган Форсберг яқин масофадан тўпни бўш қолган дарвозага йўллади, бироқ тўп жуда ноаниқ кетди. Сал ўтгач, Иброҳимовичнинг боши билан берган зарбаси бироз ноаниқ бўлди.
71-дақиқада шведларнинг фаоллиги натижа берди. Иброҳимович ўнг қанотдан жарима майдонига ёриб кирди ва тўпни марказга оширганида, ҳимоячи Кларк уни боши билан ўз дарвозасига йўллаб қўйди.
82-дақиқада Иброҳимович Швецияни ҳисобда олдинга олиб чиқиши мумкин эди. Бироқ у жуда қулай вазиятдан тўпга тайинли зарба беролмади.
Шундан сўнг, ўйин охирига қадар ҳар иккала терма жамоада вазиятлар бўлса-да, ҳисоб ўзгармасдан қолди.
13 июнь, Париж, «Стад де Франс»
Ирландия – Швеция 1:1 (0:0)
Голлар: Ҳулаҳан (48) – Кларк (71 автогол)
Ирландия – Рэндолф, Кларк, О′Ши, Коулмэн, Маккарти (Макгиди, 85), Брэйди, Ҳулаҳан (Кин, 78), Уэлан, Ҳендрик, Лонг, Уолтерс (Макклейн, 64).
Швеция – Исакссон, Линделеф, Ольссон, Люстиг (Юханссон, 45), Гранквист, Ларссон, Левицки (Экдаль, 86), Чельстрем, Форсберг, Берг (Гвидетти, 59), Иброҳимович.
Огоҳлантиришлар: Маккарти (43), Линделеф (61), Уэлан (77).