Европа чемпионатининг 2-тур ўйинларини Россия ва Словакия терма жамоалари бошлаб беришди.
Биринчи бўлимнинг дастлабки дақиқалари тенг курашлар остида кечди. Жамоалар ҳимояда эҳтиёткорона ўйнадилар.
Дастлабки хавфли вазият 10-дақиқада юз берди. Марек Ҳамшик чап қанотдан жарима майдонига кириб, кучли зарба йўллаганида, тўп Акинфеев қўриқлаётган дарвоза тўсини устидан ўтиб кетди.
Шундан сўнг бироз устунлик Россия футболчиларида бўлди. 28-дақиқада улар ҳисобни очиши мумкин эди. Фёдор Смолов узоқ масофадан кучли зарба йўллаганида, тўп дарвоза устуни ёнгинасидан ўтиб кетди.
32-дақиқада Словакия ҳисобни очди. Ҳамшик майдон марказидан тўп ошириш орқали Владимир Вайссни қулай вазиятга чиқарди. Вайсс жарима майдонига кириб келди ва бир ҳаракатда икки ҳимоячини алдаб ўтиб, яқин масофадан тўпни дарвозага йўллади.
Бу гол словакларнинг руҳини кўтарди. 42-дақиқада уларда яна бир имконият бўлди. Ҳамшикнинг жарима майдони чизиғидан йўллаган зарбаси хавфли, лекин ноаниқ бўлди.
Бўлимнинг сўнгги дақиқасида эса Ҳамшик барибир ниятига етди. У бурчак зарбасидан йўлланган тўпни жарима майдони чизиғида қабул қилиб олиб, кучли зарба билан дарвозанинг узоқ бурчагини аниқ нишонга олди.
Иккинчи бўлимни россияликлар фаол бошлашди. Бироқ уларнинг ҳужумдаги ўйини қовушмади. Словакия эса ҳисобни ошириши мумкин эди. 54-дақиқада Роберт Мак чап қанотдан жарима майдонига кириб, кучли зарба йўллади. Акинфеев тўпни қайтара олди.
Бўлим ўрталарига кели Россия босимни оширди. 65-дақиқада Фёдор Смолов жарима майдони ичида қулай вазиятдан зарба йўллаганида, ҳимоячилар тўп йўлини тўсиб қолишди.
80-дақиқада ҳисоб қисқарди. Шатов чап қанотдан жарима майдонига кириб келиб, тўпни марказга оширганида, Глушаков боши билан зарба йўллаб, ҳисобни қисқартирди.
Сўнгги дақиқаларда россияликлар ҳарчанд уринишмасин, ҳисобни тенглаштира олишмади. Словакия жуда муҳим ғалабани қўлга киритди.
15 июнь, Лильь, «Пьер-Моруа» стадиони
Россия – Словакия 1:2 (0:2)
Голлар: Глушаков (80) – Вайсс (32), Ҳамшик (45)
Россия – Акинфеев, Березуцкий, Шченников, Смольников, Игнашевич, Головин (Мамаев, 46), Нойштедтер (Глушаков, 46), Шатов, Смолов, Дзюба, Кокорин (Широков, 76).
Словакия – Козачик, Шкртел, Губочан, Пекарик, Дюрица, Дуда (Немец, 67), Куцка, Мак (Дюриш, 80), Ҳамшик, Вайсс (Швенто, 72), Печовски.
Огоҳлантириш: Дюрица (46)