Кескин курашлар остида ўтган Руминия ва Швейцария ўйинида ғолиб аниқланмади. Бу натижа эса швейцарияликларни кўпроқ қониқтирди. Улар 1/8 финалга чиқиш масаласини деярли ҳал қилишди.
Биринчи бўлимда Руминия бироз ташаббусга эга бўлди. Улар рақибга нисбатан кўпроқ хавфли вазиятларни содир этишди.
Лекин ҳисобни Швейцария очиши мумкин эди. 7-дақиқада Сеферович дарвозабон билан яккама-якка чиққан вазиятда гол уролмади. Унинг зарбасидан сўнг тўп дарвоза устуни ёнидан ўтиб кетди.
Орадан 10 дақиқа ўтгач у яна бир вазиятни кўкка совурди. Жарима майдони ичида тўпни қабул қилиб олган Сеферович яқин масофадан кучли зарба йўллади. Тўп дарвозабон Тэтэрушану оёғига тегиб, майдон ташқарисига чиқиб кетди.
18-дақиқада бош ҳакам швейцарияликлар дарвозасига пенальти белгилади. Лихтштайнер жарима майдони ичида Кипчуни футболкасидан тортиб қолди. Богдан Станку пенальтини аниқ амалга ошириб, Руминияни ҳисобда олдинга олиб чиқди.
Шу заҳотиёқ ҳужумга отланган Швейцария ҳисобни тенглаштириши мумкин эди. Шер жарима майдони чизиғидан кучли зарба берганида, Тэтэрушану маҳорат кўрсатиб, тўпни қайтара олди.
26-дақиқада Кипчу яхши вазиятни қўлдан бой берди. Жарима майдони ичида тўпни қабул қилиб олган руминиялик футболчи, алдамчи ҳаракат билан икки ҳимоячини ортда қолдирди ва кучли зарба йўллади. Тўп салгина ноаниқ кетди. Орадан 2 дақиқа ўтгач, шунга ўхшаш вазиятда, Сэпунарунинг зарбасидан сўнг тўп дарвоза устунига тегди.
Иккинчи бўлимни Швейцария фаол бошлади ва 57-дақиқада ҳисобни тенглаштирди.
Бурчакдан оширилган тўпни қайтаришда руминияликлар хатога йўл қўйишди. Натижада тўп Адмир Мехмедига келиб тушди. У эса яқин масофадан кучли зарба йўллаб, ҳисобни тенглаштирди.
69-дақиқада швейцарияликлар ҳисобда олдинга чиқиб олишлари мумкин эди. Чап қанотдан оширилган тўпни Эмболо боши билан дарвозага йўллади. Бироқ унга аниқлик етишмади.
Шундан сўнг ўйин охирига қадар ҳар иккала терма жамоада яхши имкониятлар бўлса-да, ҳисоб ўзгармай қолди.
15 июнь, Париж, «Парк де Пренс» стадиони
Руминия – Швейцария 1:1 (1:0)
Голлар: Станку (18 пен) – Мехмеди (57)
Руминия – Тэтэрушану, Кирикеш, Рац (Филип, 62), Сэпунару, Григоре, Торже, Пинтилий (Хобан, 46), Препелицэ, Кипчу, Станку (Андоне, 84), Кешерю.
Швейцария – Зоммер, Шер, Родригес, Лихтштайнер, Журу, Шакири (Тарашай, 90), Жака, Бехрами, Жемаили (Ланг, 83), Мехмеди, Сеферович (Эмболо, 64).
Огоҳлантириш: Препелицэ (22), Кипчу (23), Кешерю (37), Джака (50), Григоре (76), Эмболо (90)