«Барселона» шартномани узайтириш бўйича Неймарга сўнгги таклифни берди.
Sport.es тарқатган маълумотга кўра, каталонияиклар раҳбарияти 24 ёшли футболчига йилига 15 миллион евродан ортиқ маош тўламоқчи эмаслигини тасдиқлади.
«Барселона» Неймарни жамоада Лионель Мессидан кейин иккинчи юлдуз футболчи деб ҳисоблайди. Шу боис, аргентиналик футболчи "кўк-анорранглилар" сафида энг кўп маош оладиган ўйинчи бўлиб қолиши лозим.
Ҳозирда Неймар «Камп Ноу»да 9 миллион евро йиллик маош олмоқда. Унинг шартномасида товон пули сифатида 192 миллион евро кўрсатилган.
Аввалроқ «Реал» ҳужумчи учун 6 йиллик шартнома ва 15 миллион евро йиллик маош таклиф қилаётгани ҳақида хабар тарқатилганди. «ПСЖ» эса Неймарга 18,5 миллион евро маош бермоқчи. Бу сумма бонуслар билан бирга 28 миллион еврога етиши мумкин. «МЮ» таклиф қилаётган йиллик маош 17 миллион еврони ташкил қилмоқда.
Футболчининг отаси Неймар да Силва ва унинг агенти Вагнер Рибейро ҳамон ўйинчига «Барселона»ни тарк этишни ва 3та таклифдан бирини қабул қилишни маслаҳат беришмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Неймарнинг «Барселона» билан амалдаги шартномаси 2018 йилда ўз якунига етади.