Бельгия терма жамоаси қийин кечган ўйинда Швецияни мағлуб этиб, гуруҳда иккинчи ўрин билан плей-офф босқичига йўлланма олди.
Биринчи бўлим Бельгиянинг бироз устунлигида ўтди. Тўп уларда кўпроқ ушланиб турди. Швеция асосан ҳимояда ўйнаб, қарши ҳужумларга таянди. Лекин хавфли вазиятлар Швецияда кўпроқ бўлди.
5-дақиқада Швеция ҳисобни очиши мумкин эди. Ларссон жарима зарбасини амалга ошириб, тўпни жарима майдонига йўллади. Тўп ҳимоячиларга тегиб қайтди ва қулай вазиятда турган Берг унга зарба берди. Аммо Куртуа маҳорат билан тўпни қайтара олди
26-дақиқада Иброҳимович жарима майдони чизиғидан кучли зарба йўллаганида, тўп дарвоза устуни ёнгинасидан ўтиб кетди.
Бўлим охирида Бельгия гол уришга яқин эди. Де Брёйне бурчакдан тўпни жарима майдонига оширганида, Вертонген яқин масофадан зарба йўллади. Тўп дарвоза устуни ёнгинасидан ўтиб кетди.
Иккинчи бўлимни Швеция фаол ўтказди. Бельгия эса қарши ҳужумда ўйнаб, бир қатор хавфли вазиятларга эга бўлди.
67-дақиқада Де Брёйне узоқ масофадан зарба йўллаганида, дарвозабон Исакссон тўпни маҳорат билан қайтарди.
75- дақиқада Иброҳимович чамаси 25 метрдан белгиланган жарима зарбасидан тўпни дарвоза томон йўллади. Куртуа маҳорат кўрсатиб тўпни қайтара олди.
80-дақиқада Мертенс икки ҳимоячини алдаб ўтди ва жарима майдонига кириб келиб зарба йўллади. Исакссон қийинчилик билан тўпни қайтара олди.
84-дақиқада ҳисоб очилди. Азар ўнг қанотдан тўпни марказда турган Наингголанга етказди. У эса жарима майдони чизиғидан кучли зарба йўллаб, дарвозанинг узоқ бурчагини аниқ нишонга олди!
Ўйин охирида швецияликлар чарчаб қолишди ва Бельгия хотиржамлик билан ғалаба келтирувчи ҳисобни ушлаб қолди.
Бу натижадан сўнг Бельгия 6 очко жамғариб, гуруҳда иккинчи ўрин билан плей-оффга чиқди. Бельгиянинг кейинги рақиби Венгрия терма жамоаси бўлади.
22 июнь, Ницца, «Стад де Нис»
Швеция – Бельгия 0:1 (0:0)
Гол: Наингголан (84)
Швеция – Исакссон, Юханссон, Ольссон, Линделеф, Гранквист, Ларссон (Дурмаз, 70), Экдаль, Чельстрем, Форсберг (Зенгин, 82), Берг (Гвидетти, 63), Иброҳимович.
Бельгия – Куртуа, Алдервейрелд, Вертонген, Менье, Вермален, Наингголан, Витцель, де Брюйне, Феррейра Карраско (Мертенс, 71), Азар (Ориги, 90), Лукаку (Бентеке, 87).
Огоҳлантиришлар: Менье (30), Экдаль (33), Юханссон (36), Витцель (45).