Бугунги дастурдан ўрин олган Европа чемпионатида плей-офф баҳсларининг энг сўнггисида Хорватия ва Португалия терма жамоалари ўзаро баҳс олиб боришади.
Бу икки терма жамоа етакчилари — Криштиану Роналду ва Лука Модрич икки хил оламдаги футболчилар. Криштиану — суперюлдуз. У ўзининг шахсий натижаларини жамоа манфаати билан бир хил даражага қўяди (камида). Гол ура олмаса, асабийлашади, ғазабланади, бу ишни амалга оширмагунча тиниб-тинчимайди. Мухбирнинг микрофонини кўлга улоқтириб юборгани ёдингиздадир?!
Лука Модрич эса бошқача: камтар, хотиржам, жамоа учун ўйнайдиган, аммо газета муқоваларидан камдан-кам ҳолатларда ўрин оладиган футболчи. Аммо ҳар иккаласи жаҳон даражасидаги футболчилар ҳисобланади. Португалия термаси бахтига Луиш Нани ҳозирда ажойиб формага кириб олган. Жамоанинг ўйини кўп жиҳатдан ушбу икки футболчига боғлиқ.
Хорватлар эса ҳақиқий маънода жамоавий ўйин кўрсатишади. Бу томонлама Модричнинг атрофида Ракитич, Перишич ва Манжукич каби ўз ишининг усталари бор.
Ўйин арафасида Иван Ракитич интервью бериб, терма жамоа Криштиану ҳақида ортиқча бош қотирмаётганини таъкидлади: «Биз Роналду ҳақида ҳаддан ташқари кўп ўйлаётганимиз йўқ. Аксинча,у Хорватия ҳақида озгина ўйласин ва у хотиржам ухлай олмайди».
Лука Модричнинг маслаҳатлари хорватларига фойда келтиришига шубҳа йўқ. Испанияга қарши ўйинда унинг маслаҳати билан Даниэл Субашич Рамос томонидан йўлланган 11 метрли зарбани қайтарди. Натижада Хорватия испанларни мағлуб этди. Шу боис, Криштиану Роналдуни тўхтатиш борасида Модричнинг маслаҳатлари жамоага асқотиши мумкин.
Яна бир қизиқ факт. Евро-2016да «Реал» футболчилари бошқа клублар аъзоларига нисбатан кўпроқ гол уришди. Хўш, бугун кимнинг голи ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади: Модрич ёки Роналдуники?
Евро-2016. Нимчорак финал
00:00. ХОРВАТИЯ - ПОРТУГАЛИЯ
Имкониятлар — 50-50