Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Эътибор (Евро-2016, Копа Америка, Олий лига)

Баҳо:
+ | -

Футболнинг ҳақиқий мухлиси учун ухлаб бўлмайдиган тунлар ўтмоқда. Бу ёқда Европа чемпионати ўйинлари бошланиб кетган. У ёқда эса Америка кубоги баҳслари ўтказиляпти. Яна қандай мусобақалар бор, дейсизми? Ҳозир айтамиз...

ЕВРО-2016

Бельгияни 2:0 ҳисобида мағлуб этган Италиянинг ўйинини кўрдингизми? Шахматнинг мана-ман деган гроссмейтери ҳам «Скуадра адзурра»нинг ҳисоб-китобига  тан берган бўлса керак. Ўзиям Антонио Конте мураббиймисан, мураббий экан! Қайси ҳимоячи қаерда туришидан тортиб, қачон ва қандай вақтда ҳужум қилиш кераклигигача кўрсатиб берганми, ишқилиб, Италия иккала голини ҳам шундай аниқ геометрик ўлчам остида урди-ки, бирор футболчида ортиқча ҳаракат кўрмайсиз-ей! Шу вақтга қадар Франция ўйнади, Испания ва Германия ўйнади, аммо Италиянинг ўйини барибир, бошқача кўриняпти. Шундай эмасми?

 

АМЕРИКА КУБОГИ

Яна у ёқда Америка кубоги ҳам қизигандан-қизиб бормоқда. Шу «қизишида» охир бориб «ёниб» кетмаса бўлгани. Ахир ўзи бўладими, гуруҳ босқичининг ўзидаёқ кимсан - Бразилия ва Уругвай мусобақадан чиқиб кетган бўлса. Бундай вақтда ҳиссиётлар қай даражада жўш уришини тасаввур қиляпсизми? Ўзи шу Дунга деганлари ҳақиқатан ҳам яхши мураббий эмас экан. Умуман, охирги вақт­ларда Бразилия терма жамоаси мураббийга сира ёлчимаяпти. Жаҳон чемпионатида Луиз Фелипе Сколари шарманда қилган эди, Америка кубогида эса Дунга шу ишни қойилмақом тарзда «уддалаяпти». Афтидан бу кетишга пентакампионлар ҳам АҚШ сингари Европадан мураббий олиб келишади, шекилли...

 

ОЛИЙ ЛИГА

Хуллас, жаҳон футболида мана шундай гаплар. Яна нима дейиш мумкин? Ҳа-я, бу ёқда олий лига ўйинлари ҳам давом этаётганини айтиш ёддан кўтарилибди. Ахир Ўзбекистон чемпионати ҳам чакана ўтаётгани йўқ. Ўтган ҳафта 11-тур ўйинлари бўлиб ўтди ва чемпионликка даъвогар «Насаф» клуби сафарда «Навбаҳор» билан куч синашиб... очко йўқотди. Учрашувда 2:2 ҳисоби қайд этилди. Кутмаганмидингиз? Шунақа. Қизиқ томони, 77-дақиқага қадар қаршиликлар икки тўп фар­қи билан олдинда бораётган эдилар. Аммо «Навбаҳор» ҳам тўқсонинчи йиллардаги шонли тарихини эслаб қолди, шекилли, бир зумда ҳисобни тенглаштиришнинг уддасидан чиқа олди. Натижада «Насаф» муҳим икки очкони қўлдан бой берди. Агар «аждарлар» яна очко йўқотадиган бўлсалар, кучли учликдан тушиб кетишлари ҳам ҳеч гап эмас. Чунки тўртинчи ўриндаги «Металлург» билан орада бир очкогина фарқ бор, холос.

 

ҚИЗИҚИШ

Албатта, бундай учрашувлар олий лигага бўлган қизиқишни ошириши турган гап. Аммо бир истисно... Ўтган ҳафта бўлиб ўтган ўйинларда стадионга унча кўп мухлис ташриф буюрмади. Масалан, «Локомотив» - «Бухоро» ўйини (3:1) анча кескин курашга бой ўтиши олдиндан кутилган эди. Бироқ бу учрашувни томоша қилиш учун стадионга 802 иш­қибоз келган холос. Шунингдек, «Бун­ёдкор» - «Қизилқум» баҳси (2:0) ҳам анча кескин курашга бой бўлди. Бу ўйинни энди 968 мухлис томоша қилган. Майли, пойтахтда бўладиган учрашувларга қизиқиш ўзи аввалдан паст бўлган, дейлик. Аммо биз мақтаган ўша «Навбаҳор» - «Насаф» тўқнашувини (2:2) кўриш учун ҳам атиги 4538 ишқибоз келганига нима дейсиз? Биз одатда водийда бўладиган ўйинларга мухлислар кўп келишига ўрганиб қолган эдик. Лекин ўтган ҳафта ўтказилган баҳслар шуни кўрсатдики, олий лигага бўлган қизиқиш ҳамма жойда бирдек пасайиб кетибди. Биз ҳар доим ўйинлар вақти мухлислар учун ноқулай вақтга белгиланишини танқид қилар эдик. Бироқ айнан 11-тур масаласида ПФЛни айблашга асло ҳаққимиз йўқ. Чунки аксарият ўйинлар дам олиш кунлари, боз устига, кечки соат 19:00да ўтказилди. Хўш, ундай бўлса, мухлислар қизиқишининг бу қадар пасайиб кетишига сабаб нимада?

 

САБАБ

Албатта, бу саволнинг жавобини ўзингиз ҳам жуда яхши биласиз. Сабаб - яна ўша Европа чемпионати ва Америка кубоги баҳслари. Ўзингиз ўйлаб кўринг, у ёқда Месси, Неймар ва Суарес (захирада қолиб кетган, аммо барибир, ўйин рўйхатида бор эди) ўйнаб турса-ю, бу ёқда Озил, Руни ва Иньеста майдонга тушса, ким ҳам Искандеров билан Абдухолиқовнинг ўйинини томоша қилар эди? Ёки сиз Хорватия - Туркия (1:0) тўқнашувидан кўра «Шўртан» - «Олмалиқ« ўйини (4:3) қизиқарлироқ кечган, деб ўйлайсизми? Агар футболда ҳамма нарса голга боғлиқ бўлганда, Ла лига эмас, балки Мадагаскар чемпионати дунёда биринчи ўринда турган бўлар эди. Биласиз-а, ушбу чемпионатда ўтказилган битта ўйинда ҳисоб 149:0 бўлган. Ишонмаганлар интернетни бир «титиб» кўришсин, СОЭ ва «Адема» жамоалари ўртасида ўтказилган ўйин худди шундай ҳисобда якунига етган.

АЛАМ

Албатта, бу гапларимиз ҳазил ва кесатиқ оҳангида янграганини ҳамма тушуниб турибди. Бироқ Наманганда кечган шундай ажойиб учрашув мухлислар эътиборидан четда қолгани барибир, алам қиларкан. Ўзи олий лигамизда бундай баҳслар унча кўп эмас. Энди бори ҳам шу аҳволга тушса, кўнгил чўкади-да. Хўш, вазият шундай экан, аслида нима қилиш керак эди? Очиғи, бу саволнинг жавоби унча қийин эмас. Шунчаки, мухлислар қизиқишини «ўғирлаб» қўядиган йирик мусобақалар вақтида Ўзбекистон чемпионати тўхтатиб турилса, мақсадга мувофиқ бўлармиди. Ахир футбол ўйнашдан мақсад нима? Мухлислар кўнглини хушнуд этишми? Футбол мухлислар учун ўйналадими? Шундай экан, кўпчиликнинг қизиқиши Европага қараб турган вақтда олий лигани ўтказиш шартмикан?

Аслида, ўзбек футболи тарихида бундай ҳолатлар кам эмас. Масалан, жаҳон чемпионати вақтида ҳам олий лига ўйинлари давом этаверган. Тўғри-да, барибир, Ўзбекистон терма жамоаси у ерга бормагач, ЖЧ бўладими ёки бошқа мусобақами, бизга нима фарқи бор?! Шундайми?

ТАШКИЛОТЧИЛИК

Ўзбекистон чемпионати шу вақтга қадар ҳам ташкилотчилик борасида бошқаларга ўрнак бўлмаган. Яқин орада қандайдир ўзгариш бўлишига ҳам ишониш қийин. Аммо барибир, тақвим масаласида нимадир қиладиган вақт ниҳоят келгандир. Аслини олсак, нарёқда Германия ва Польша ўйнаб турганда бу ерда олий лига ўйинларини ўтказиш - ўзбек футболчиларига нисбатан адолатсизлик эмасми, ахир? Чунки улар ҳам Ўзил, Мюллер, Швайнштайгер ва Левандовски каби юлдузларнинг ўйинини томоша қилишни хоҳлайдилар. Бундай вақтда Ўзбекистон чемпионати шунчаки ҳисобот учун ўтказилиши кимга керак? Алам қиладигани - «Насаф» ўз майдонида «Локомотив» билан ўйнайди, «Металлург» эса «Бунёдкор» билан, аммо уларнинг ўйинига келиши керак бўлган мухлислар телевизорда Евро-2016ни томоша қилаётган бўладилар. Шундай ўйинлар мухлис эътиборидан четда қолиши яхшими?

Демак, йирик мусобақалар даврида олий лига ўйинлари тўхтатиб турилса яхши бўларди. Ўрнига нима қилиш мумкин? Ҳеч нарса. Шунчаки, ҳамма биргаликда, футбол томоша қилса маъқул эди. Тўғри, бу йил яна Олимпиада баҳслари ҳам бор ва бундай вақтда тақвимни созлаш осон иш эмас. Аммо ПФЛда бу ишга масъул бўлган ходимлар нима учун маош олишади? Йирик мусобақалар ўзаро мутаносиб келиши учун эмасми? Ҳалиям биз одатий тарзда ўзгариб турадиган тақвимни гапирмаяпмиз. Шунчаки, чуқурлашиб кетиш ниятимиз йўқ. Акс ҳолда, гапирадиган гапимиз якунига етмай қолиши мумкин. Хуллас, бизнинг таклифимиз Америка кубоги майли, аммо ҳеч бўлмаса, Европа ва жаҳон чемпионатлари вақтида қадрдонимиз олий лигани тўхтатиб туриш.

 

БЎШ ВАҚТ

Бўш вақтдан эса ҳар доим унумли фойдаланиш мумкин. Масалан, жорий мавсум Россия чемпионатининг биринчи лигасида ўзбекистонлик Вадим Афонин энг яхши ярим ҳимоячи, деб топилди. Яна «Краснодар»да тўп сурадиган Николай Марков ҳақида ҳам кўп эшитганмиз, аммо ўзини кўрмаганмиз. Шунингдек, Шоҳруҳ Гадоев ва Бобур Давлатов каби эътибордан четда қолиб кетаётган легионерларимиз ҳам бор. Аслини олсангиз, терма жамоага чақирилиб турган Санжар Турсунов ва Фозил Мусаевлар ҳам етарлича эътибордалар, деб бўлмайди. Бундай футболчилар Ўзбекистон чемпионатида ҳам топилади. Шундай экан, миллий терма жамоамиз мураббийлар штаби улар учун қўшимча йиғин ташкил қилиб, имкониятларини ўрганиб чиқишса қандай бўларкин? Нима деб ўйлайсиз, бу иш қанчалик фойда келтиради?..

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:44, 28.06.2016.
Ўқилди: 3536 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.