Кириш Регистрация
02/07 00:00 Португалия 0-0 Словения
02/07 06:00 АҚШ 0-1 Уругвай
02/07 06:00 Боливия 1-3 Панама
02/07 21:00 Руминия 0-3 Нидерландия
03/07 00:00 Австрия 1-2 Туркия
03/07 06:00 Бразилия 1-1 Колумбия
03/07 06:00 Коста-Рика 2-1 Парагвай

Еврода МДҲ термаси қатнашганда…

Баҳо:
+ | -

Францияда давом этаётган Евро-2016 мусобақасининг дастлабки омадсиз жамоаси сифатида Украина кўрсатилган бўлса, кейинроқ унинг сафига Россия ҳам қўшилди. Хўш, бу жамоаларга нима ёки ким етишмади? Тасаввур қилинг, «кўҳна қитъа»нинг нуфузли турнирида МДҲ ва Болтиқ бўйи мамлакатлари термаси иштирок этса, натижа қандай бўларди? Soccer.ru сайти шу саволга жавоб топиш илинжида ўзига хос жамоа тузди. Эътиборлиси, ушбу таркибдан ҳамюртларимиз ҳам ўрин эгаллашган.

Дарвозабон:

Игорь Акинфеев (Россия)

Россия чемпионатининг энг яхши киперларидан бири аллақачон миллий жамоанинг асосий посбонига айланиб улгурган. «Армиячилар» сардори, шубҳасиз, МДҲ термасида биринчи рақамни ўзиники қиларди. Унга муносиб рақобат туғдирадиганларни топиш амримаҳол.

 

Ҳимоячилар:

Виталий Денисов (Ўзбекистон)

МДҲнинг энг яхши чап қанот ҳимоячиларидан бирини ҳеч бир иккиланишларсиз асосий таркибга жойладик. Мудофаадаги ишончли ўйини ва ҳужумларга мунтазам тарзда қўшилиши туфайли Денисов нафақат Москва «темирйўлчилари», балки Ўзбекистон терма жамоасида ҳам алмаштириб бўлмас ўйинчига айланди.

Ярослав Ракицкий (Украина)

Дарҳақиқат, МДҲдаги энг яхши марказий ҳимоячи! Европанинг топ-клублари уни доимо кузатишади. Ярослав нафақат ажойиб зарба соҳиби, балки майдонни кўра олиш қобилиятига ҳам эга. Айнан унинг «пас»лари Донецкнинг «Шахтёр» клуби рақиблари жарима майдонида хавфли вазиятларни яратади.

Сергей Игнашевич (Россия)

Россия термаси ҳимоячиси ва Москванинг ЦСКА клуби фахрийси бутсаларини михга илиш ҳақида ўйламаяпти. Игнашевичнинг ўйини сўнгги йиллар мобайнида нафақат «армиячилар» ишқибозлари, балки терма жамоа мухлисларида ҳам илиқ таассурот қолдирмоқда.

Игорь Смольников (Россия)

Россия термаси ҳимоячиси мудофаа чизиғида сифатли ўйин кўрсатишдан ташқари, ҳужумларга ҳам фаол қўшилади. Европанинг аксарият клублари Смольниковнинг ҳаракатларини диққат билан кузатишаётгани айни ҳақиқат. Уни МДҲ термаси асосий таркибидан чиқариб юбориш жуда қийин.

 

Ярим ҳимоячилар:

Евгений Коноплянка (Украина)

Ростини айтинг, ўз термангиз таркибида Европа Лигаси ғолибини кўришни хоҳлармидингиз? Ўйлашимизча, жавоб аниқ. Евгений жамоадошлари билан ҳазиллашишни қанчалик маромига етказса, футбол ўйнашни ҳам худди шундай уддалайди.

Генрих Мхитарян (Арманистон)

Арманистон терма жамоаси ярим ҳимоячиси «қовоғарилар» сафида ажойиб мавсумни ўтказди. Шу боис унга Европанинг гранд жамоалари харидор бўлишмоқда. Бундеслиганинг энг яхши ассистенти ҳозирча фаолиятини қаерда давом эттириш борасида аниқ тўхтамга келганича йўқ. Умуман, Мхитарян билан ҳужумдаги креативликдан мутлақо хавотирланмасак бўлаверади.

Алан Загоев (Россия)

Кутилмаган жароҳат Россия термасининг етакчи ўйинчиларидан бирини Францияда ўтаётган Европа чемпионатидаги иштирокдан маҳрум қилди. Сўнгги йилларда унинг қаергадир ўтиши ҳақида кўп эшитамиз, кўплаб клублар маҳоратли «армиячи»ни ўз сафларида кўришга ошиқадилар. Табиийки, Алан МДҲ термасининг асосий кучларидан бирига айланарди.

Андрей Ярмоленко (Украина)

Киевнинг «Динамо» клуби етакчиси ёзги трансферлар дарчаси очилгач, катта эҳтимол билан жамоасини алмаштиради. Андрейнинг даражаси анча ошди, у кучлироқ чемпионатда ўйнашга лойиқ, демак янги таклиф ёш ўйинчи учун айни муддао бўлади. Ярмоленконинг салоҳиятидан тўғри фойдаланилса, у нафақат қанотда фаоллик кўрсатади, балки шериклари бошлаган ҳужумларни самарали якунлаши мумкин.

 

Ҳужумчилар:

Фёдор Смолов (Россия)

Россия чемпионатининг сўнгги мавсуми тўпурари МДҲ термаси ҳужумида йўқолиб қолмасди. «Буқалар» форвардининг Еврода иши қовушмагани ҳеч нарсани англатмайди. Бунда Фёдорни нотўғри позицияга қўйган мураббийни айбласак тўғри бўлади.

Лукас Спалвис (Литва)

Дания чемпионати вакили «Ольборг» сафида тўпурарга айланган ҳужумчи муносиб тарзда ўсишга эришди. Спалвис янги мавсумни Лиссабоннинг «Спортинг»ида - Жорже Жезуш қўл остида бошлайди. 21 ёшли футболчи ҳозирданоқ Литва термасининг асосий юлдузларидан бири сифатида кўрилмоқда.

 

Бош мураббий:

Буни қарангки, термага устоз танлашда қийналдик ва бу номга лойиқ номзод топишни мухлислар ҳукмига ҳавола қилдик. Бош мураббий ким бўлишидан қатъий назар, унинг иккинчи вариант борасида ҳам омади чопган. Захирадан жой эгаллаганлар ҳам кўпчиликка яхши таниш.

 

Захира

Дарвозабон: Андрей Пятов (Украина)

Ҳимоячилар: Юрий Жирков (Россия), Евгений Хачериди (Украина), Гурам Кашия (Грузия), Вячеслав Шевчук (Украина)

Ярим ҳимоячилар: Сергей Кривец (Беларусь), Артур Ионицэ (Молдова), Одил Аҳмедов (Ўзбекистон), Александр Зинченко (Украина)

Ҳужумчилар: Игорь Сергеев (Ўзбекистон), Артём Дзюба (Россия).

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 09:42, 01.07.2016.
Ўқилди: 6328 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.