Исландия терма жамоаси бош мураббийи Ларс Лагербек Евро-2016 турнири чорак финалида Франция терма жамоасига қарши кечадиган учрашув олдидан фикрларини билдирди.
«Мураббий ишининг 90 фоизини ўйин бошлангунича қилади. Учрашув бошланганидан кейин эса футболчиларга ишонишга мажбур бўласан.
Баъзида статистика алдайди, баъзида тўғри чиқади. Статистикага қарайдиган бўлсак, голларимизнинг кўп қисми жарима зарбалари белгиланганидан кейин урилмоқда. Биз жарима нуқтасидан тўпни рақиб майдонига етказиб беришнинг турли вариантларини кўриб чиқмоқдамиз, шунингдек тўғридан-тўғри дарвозага зарба беришни ҳам.
Ҳозир бизнинг олдимизда икки йўл бор – уйга қайтиш ёки Марселга бориш. Биз албатта Марселга боришни истаймиз.
Франция – фаворит, лекин уларга қаршилик кўрсатмасдан таслим бўладиган анойи йўқ. Биз майдонга Европа чемпионати мезбонларини енгишимизга ишонган ҳолда тушамиз. Уйда ўтказиладиган чемпионат – бу ҳамиша жамоага қўшимча куч бағишлайди, лекин биз ўз характеримизни намойиш этмоқдамиз, бизнинг руҳий ҳолатимиз юқори даражада. Биз «Стад де Франс» ўйингоҳига ҳеч нарсадан тап тортмасдан тушамиз.
Биз катта тажрибага эга бу футболчиларга қарши энг яхши стратегия топишга ҳаракат қиламиз. 9 футболчида карточка бор, – бу жуда кўп. Лекин аввалига ярим финалга чиқишни ўйлашимиз керак. Буни уддаласак, кейинги ўйинда ким ўйнай олиши ёки ўйнай олмаслигини кўриб чиқамиз», – деган Лагербек.
Франция-Исландия учрашуви бугун, Тошкент вақти билан соат 23:59да бошланади.