1news.uz — Қаршининг “Насаф” профессионал футбол жамоасидаги 11-рақам Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовга берилди.
Юртбошимиз шу йилнинг 30 июнь куни “Насаф” марказий стадионини кўришга борганда унга 11-рақамли футболка топширилди.
Ушбу футболка клуб музейида сақланадиган бўлди.
16 минг томошабинга мўлжалланган “Насаф” стадиони халқаро талабларга жавоб беради. Бу ерда мамлакат ва халқаро миқёсдаги мусобақалар ўтказилиши мумкин.
Ислом Каримов стадионни реконструкция қилиш, спортчилар ва томошабинлар учун қулайликларни янада ошириш, хавфсизлик чораларини кучайтириш бўйича зарур тавсиялар берди.
«Насаф» (Қарши) футбол клуби тарихидан
Жамоа мамлакат олий лигасида 1997 йилдан бери иштирок этади.
Эришган ютуқлари:
Ўзбекистон чемпионатининг олий лигасида тўққиз маротаба (2000, 2001, 2005, 2006, 2009, 2010, 2013, 2014, 2015 йиллар) бронза медали совриндори.
Ўзбекистон вице-чемпиони, кумуш медал соҳиби (2011).
Ўзбекистон кубоги ( 2003й, 2011й. 2012, 2013 й.) финалчиси.
Ўзбекистон кубоги соҳиби (2015).
Ўзбекистон суперкубоги соҳиби (2016).
Осиё чемпионлари кубоги (2002 йил) ярим финалчиси, ОФКнинг «Ҳалол ўйин учун» соврини (2002 йил) соҳиби.
Осиё футбол конфедерацияси кубоги соҳиби (2011), мусобақанинг “Ҳалол ўйин учун” соврини эгаси.
Жамоа таркибида энг кўп майдонга чиққан ўйинчи — Рўзиқул Бердиев (314 маротаба).
Жамоанинг энг яхши тўпурари — Зафар Холмуродов (181 та).
Бир мавсумда энг кўп тўп киритган футболчи— Зафар Холмуродов (30 та, 2000 йил).
Энг йирик ғалабаси — 7:0 («Металлург» Бекобод, 2004 йил), 8:1 («Андижон», 2004 йил).
Энг йирик мағлубияти — 0:6 («Андижон», 1998 йил).
Олий лигада жами 558 та учрашув ўтказган. Шундан 311 тасида ғалаба қозонган, 106 та дуранг ва 141 та мағлубият қайд этган. Тўплар нисбати 1009-641.
Хўш, қаршилик футболчилар олий лигада қачон ва қай тариқа пайдо бўлишган? Барчага маълумки, одатда ҳар бир мамлакатнинг ҳар қандай жамоаси юқори лигада қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун дастлаб биринчи лигада ғолиб чиқиши лозим бўлган. Аммо бошқа жамоалардан фарқли равишда «Насаф» ўзига хос услубда олий лигага йўл олган. Гап шундаки, 1994 йилда қашқадарё вилояти тарихида илк маротаба Муборакнинг «Машъал» жамоаси биринчи лигада ғолибликни қўлга киритиб, келгуси мавсумдан кучлилар сафида қатнаша бошлади. Аммо ёш, тажрибасиз, асосан маҳаллий йигитлардан ташкил топган жамоа икки йил бир амаллаб олий лигада ўз ўрнини сақлаб қолди. Ўша таркибда ҳозирда барча яхши танийдиган Асрор Алиқулов, Анвар Бердиев, Олег қаҳҳоров сингари чарм тўп усталари ҳаракат қилишган. 1997 вилоят раҳбариятининг саъй-ҳаракати билан «Машъал» олий лигадаги ўз ўрнини «Насаф»га бўшатиб берди. Бунгача биринчи лигада қарши шаҳри шарафини «Динамо-Насаф» (Аввалги номлари «Геолог», «Насаф») жамоаси ҳимоя қилиб келарди. «Машъал» эса биринчи табақада «Динамо-Насаф» ўрнини эгаллади.
Шу тариқа вилоятнинг икки жамоаси ўзаро “рокировка”сидан сўнг 1997 йилги мавсумдан бошлаб «Насаф»нинг олий лигадаги фаолияти бошланди. Ўша йили қаршидаги «Меҳнат» стадиони қайта реконструкция қилиниб, «Насаф» марказий стадионига айлантирилди. қаршиликлар дебют мавсумни Виктор Борисов мураббийлигида кучли олтиликда якунлашга эришишди.
1998 йилги мавсумда ҳам «Насаф» янада юқорилашда давом этди. Гарчи «Андижон»дан қабул қилинган қақшатқич (0:6) мағлубиятдан кейин бош мураббий Виктор Борисов истеъфога чиққан бўлсада, унининг адаши Виктор Макаров билан жамоа финишга бешинчи бўлиб етиб келди. Аммо ўзининг учинчи мавсумини клуб ўз тарихидаги ҳозиргача энг ёмон натижа – 11-ўрин билан якунлади. Ўша 1999-йилги омадсизликдан кейин жамоада туб ўзгаришлар рўй берди. Таркиб 80 фоизга янгиланди. Жамоага қўқонлик мутахассис Баҳром Ҳакимов бош мураббий этиб тайинланди. Ушбу мураббий қўл остида «Насаф» бирин-кетин ўз тарихидаги энг юқори чўққиларни забт эта бошлади. ХХ асрнинг илк йилларидаёқ «Насаф» чемпионатимизда пешқадамлардан умуман ҳайиқмайдиган жамоа сифатида гавдаланди. Қаршида ўтган беллашувларда амалдаги чемпион «Дўстлик» ва “Нефтчи”, “Навбаҳор”, «Пахтакор» ҳам мағлубият аламини татиб ортларига қайтишди.. Ўша йили жамоа чемпионатда 85 очко тўплаб, 20 жамоа орасида мавсумни учинчи поғонада якунлади. Бу қаршиликларнинг олий лига тарихидаги дастлабки медаллари эди. Жамоа ҳужумчиси Зафар Холмуродов ҳам чемпионат тўпурарлари баҳсида жамоаси сингари «бронза» поғонани банд этди. Жамоа рақиблари дарвозасини 92 марта ишғол этган бўлса, шу голларнинг салкам учдан бир қисмига Холмуродов муаллифлик қилди. 2001 йилги мавсумда ҳам «Насаф» яна бронза медалини ўз музейига олиб кетди.
2001-2002 йилги Осиё чемпионлари кубогида мамлакат шарафини ҳимоя қилиш «Насаф»нинг чекига тушди. «Дўстлик» ва «Нефтчи» жамоалари бу турнирда қатнашишдан бош тортгач, бу вазифа «Насаф»га юкланди. Ва қаршилик футболчилар ўшанда қитъада шов-шувли натижаларни қайд этишганди. Дастлаб Туркманистон ва Тожикистон чемпионлари маҳв этилгач, БАА да ташкил этилган гуруҳ босқичида мезбонлар, Эрон ҳамда Қувайт чемпионларига муносиб қаршилик кўрсатишди. «Насаф»чилар мамлакатимиз жамоалари орасида «Нефтчи»дан кейин қитъанинг энг нуфузли мусобақасида ярим финалга қадар етиб келишди. Албатта мамлакатнинг учинчи жамоасининг қитъа турнирида тўртинчи поғонани эгаллаши ҳам анча юқори натижа ҳисобланади. Ўзбекистон кубогида ҳам жамоа финалга қадар етиб келди ва “Пахтакор”га мағлуб бўлди (1:3).
2003-2004 йилларда жамоа совриндорлар сафига киролмай қолиши натижасида Баҳром Ҳакимовнинг «Насаф»даги беш йиллик фаолияти ниҳоясига етди. 2005 йилда украиналик Олег Морозов жамоани бошқарувига олгач, қаршиликлар биринчи даврани биринчи поғонада якунлашди. Аммо мавсум охирига келиб жамоа учинчи бор бронза медалларга сазовор бўлди. 2006 йили Баҳром Ҳакимов яна “Насаф”га қайтди ва жамоа билан тўртинчи марта бронзани қўлга киритди.
Олий лигадаги 11-мавсумга келиб асосий таркибнинг ўзаги бир неча йиллардан бери сақланиб қолган бўлсада, барибир вақт ўз ҳукмини ўтказа бошлади. Натижада 2007 йили иккинчи даврани Фомичёв қўл остида ўтказган қаршиликлар кучли олтиликда якунлашди.. 2008 йилги мавсумда эса «Насаф» 9 – ўрин билан чекланди. Натижада йил сўнгги келиб клуб раҳбариятида жиддий ўзгаришлар амалга оширилди. «Насаф»ни олий лигадаги муваффақиятларига тамал тошини қўйган Баҳром Давлатов жамоа бош менежери этиб тайинланди. Нафақат Қашқадарёда, балки мамлакатимиздаги етакчи саноат корхоналаридан бири ҳисобланган “Шўртангазкимё” мажмуаси клуб муассиси ва бош ҳомий қилиб белгиланди.
2009 йилда Виктор Кумиков қўл остида “Насаф” футболчилари мавсумни кўтаринки руҳда ўтказиб, уч йиллик танаффусдан кейин бешинчи бор бронза медал эгасига айланишди. Мавсум-2010 да эса биринчи даврада жамоани Виктор Кумиков, иккинчи даврадан эса украиналик таниқли мутахассис Анатолий Васильевич Демяненко бошқара бошлади. Натижа эса яна – 3-ўрин. Шунингдек, кейинги икки йил ичида клубқошида футбол академияси иш бошлади ва ўзининг илк куртакларини берди. Унга украинадан Сергей Петрович Кучеренко таклиф этилди. Жамоа қошидаги футбол мактаб тарбияланувчилари (1994 – 1995 йилда туғилган) ўз тенгқурлари орасида 2010 йили мамлакат чемпионлигига айланди.
2011 йил жамоа тарихидаги энг эсда қоларли мавсум сифатида ёдда қоладиган бўлди. Мавсум аввалида таркибга бир қатор тажрибали ва иқтидорли футболчиларни жалб этган қаршиликлар олдига бир йўла учта мусобақа – Осиё футбол конфедерацияси кубоги, Ўзбекистон чемпионати ва кубоги беллашувларида муваффақиятли қатнашиш вазифаси қўйилди. Украиналик таниқли мутахассис Анатолий Демяненко қўл остида қаршилик футболчилар 2011 йили Осиё Футбол Конфедерацияси кубогини қўлга киритишди. Қаршида ўтказилган финал беллашувида улар Кувайтнинг “Ал-Кувайт” жамоаси 2:1 ҳисобида мағлуб этишди. Жамоанинг черногориялик ҳужумчиси Иван Бошкович ОФК кубоги-2011 тўпурарига айланган бўлса, жамоа ярим ҳимоячиси туркманистонлик Артур Геворкян мусобақанинг “энг яхши футболчиси” дея эътироф этилди. Финал учрашуви якунлангач, Қаршига ташриф буюрган Осиё футбол конфедерацияси президенти вазифасини бажарувчи Жанг Жилон “Насаф” футболчиларига ОФК кубоги ва мусобақа олтин медалларини топширди. Айнан шу мавсумда “Насаф” саккиз йиллик танаффусдан кейин яна Ўзбекистон кубоги финалига чиқди (финалда “Пахтакор”га имконият бой берилди-1:3). Шунингдек, жамоа 2011 йили ўз тарихида илк марта Ўзбекистон чемпионати кумуш медалларига эга чиқди.
2012 йилдан бошлаб жамоани янги мураббий мавсумга тайёрлади. 1997 йилдан буён клуб тизимида фаолият юритиб келган, дастлаб жамоа сардори, сўнгра ёрдамчи мураббий сифатида ишлаб келган Рўзиқул Бердиев бош мураббий этиб тайинланди. Ўша йили “Насаф” учта фронтда курашга киришди. Жамоа чемпионат баҳсларини мағлубиятсиз ўтказаётган бўлсада, Осиё чемпионлар лигаси баҳсларидаги муваффақиятсизлик (6 ўйин, 1 дуранг, 5 мағлубият)дан сўнг Рўзиқул Бердиев истеъфога чиқарилиб, ўша пайтда жамоа менежери сифатида ишлаб келган Усмон Тошев бош мураббий этиб тайинланди. Мавсум якунига қадар жамоа чемпионлик учун курашда имкониятини сақлаб қолди. Сўнгги тўрт учрашувда ғалаба қозонилса, 2012 йилги мавсум “Насаф” учун ўта омадли якунланиши мумкин эди. Аммо ўз Қаршида асосий таъқибчилар – “Пахтакор” ва “Локомотив”га имконият бой берилгач, жамоа ҳаттоки кучли учликка кира олмаслиги ойдинлашди. Натижада мавсум тугашига бир тур қолганда Усмон Тошев истеъфога чиқарилиб, ўринбосарлар таркибини бошқараётган Рўзиқул Бердиев бош жамоага қайтарилди.
2013 йилги мавсумни тўлиқ Рўзиқул Бердиев қўл остида ўтказган жамоамиз бир йиллик танаффусдан кейин яна чемпионатни кучли учликда якунлади. Гарчи мавсумнинг илк турларида жамоа муваффақиятсизликка учраган бўлсада, якунда бронза медал яна “Насаф”га насиб этди. Мавсумда давомида Рўзиқул Бердиев ПФЛ томонидан ўтказилган “Ойнинг энг яхши мураббийи” сўровномасида беш марта, жамоамизнинг туркманистонлик легионери Артур Геворкян эса “Ойнинг энг яхши футболчиси” сўровида тўрт марта энг яхши дея эътироф этилишди. Натижада мавсум сўнгида “Насаф” устози Рўзиқул Бердиев 2013 йилда Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийи деб тан олинган бўлса, Артур Геворкян Олий лига-2013 да “Энг фойдали футболчи” деб топилди. Қолаверса, шу йили клуб матбуот хизмати Ўзбекистон клублари орасида “Энг яхши матбуот хизмати” номига сазовор бўлди. Мухлисларни хурсанд қилган томони, 2013 йилги “бронза”дан кейин “Насаф” 2014 йилги мавсумни Осиё чемпионлари лигаси плей-офидан бошлайдиган бўлди.
2014 йилги мавсумнинг илк расмий учрашувини “Насаф” Осиё чемпионлари лигаси доирасида Қатарда “Ал Жайиш” клубига қарши ўтказди. ОЧЛ гуруҳ босқичига йўлланма берадиган бир ўйиндан иборат баҳсда вакилларимиз йирик 1:5 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйишди. Шунга қарамай 2014 йилги мавсумда “Насаф” футболчилари Олий лига беллашувларни кўтаринки руҳда ўтказишди. Жамоа бир қатор шахсий рекордларни ўрнатди. Хусусан “Насаф” ўз тарихида илк марта сафарда-Тошкентда мамлакатнинг амалдаги чемпиони “Бунёдкор” жамоасини мағлуб этди.
2015 йилги мавсумни “Насаф” футболчилари Осиё чемпионлари лигаси баҳсларида иштирок билан бошлашди. Қитъамизнинг нуфузли мусобақасида футболчиларимиз саккиз очко тўплашди ва фақатгина ўзаро ўйинлардаги фарқ туфайли гуруҳда қолиб кетишди. 2015 йили мавсумда “Насаф” ОЧЛда ўзбек клублари орасида энг яхши натижани қайд этганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Умуман 2015 йилги мавсум жамоамиз учун омадли ва тарихий йил сифатида эсда қолди. Жамоа ўз тарихида илк маротаба Ўзбекистон кубогида зафар қучди. Бунгача тўрт бора финалда қатнашган жамоамиз бешинчи уринида финал учрашувини ўз фойдасига ҳал қилди. Жиззахда ўтган ҳал қилувчи финал баҳсида футболчиларимиз “Бунёдкор”ни таслим этишди -2:1.
2016 йилги мавсумнинг илк расмий учрашувини Ўзбекистон суперкубоги доирасида мамлакатнинг амалдаги чемпиони Тошкентнинг “Пахтакор” жамоаси билан ўтказган “насаф”чилар 1:0 ҳисобида ғалабага эришиб, ўз тарихларида илк маротаба мамлакат суперкубогида ғолиб чиқишди.