Португалия терма жамоаси Евро-2016 яримфиналида Уэльсни 2:0 ҳисобида мағлуб этди ва мусобақа финалига йўлланма олди.
Биринчи бўлимда жамоалар жуда эҳтиёткорона ҳаракат қилишди. Футболчилар аввало ўз дарвозалари даҳлсизлиги ҳақида қайғуришди. Натижада бўлимдаги ягона хавфли вазият 23-дақиқада содир бўлди. Гарет Бэйл узоқдан кучли зарба йўллаганида, дарвозабон Руи Патрисиу тўпни осонлик билан эгаллаб олди.
Иккинчи бўлимни португаллар зўр бошлашди. 50-дақиқада бурчак зарбасидан оширилган тўпни Роналду яқин масофадан боши билан дарвозага йўллади. Ўтказиб юборилган гол уэльсликларга салбий таъсир қилди. Орадан 3-дақиқа ўтгач, улар яна бир марта дарвозаларидан тўпни олиб чиқишга мажбур бўлишди. Роналду узоқ масофадан дарвозани ўққа тутганида, Нани яқин масофадан тўпга зарба бериб, уни йўналишини ўзгартириб юборди ва дарвозага йўллади!
Икки тўп орқада қолаётган уэльсликлар харчанд уринишмасин, рақиб дарвозасига йўл топа олишмади. Португалия эса ҳисобни йирик кўринишга келтириши мумкин эди.
63-дақиқада Роналду чамаси 25 метрдан жарима зарбасини амалга ошириб, тўпни дарвозага йўллади. Тўп дарвоза тўсини устидан ўтиб кетди. Орадан 2 дақиқа ўтгач, Нани узоқ масофадан кучли зарба йўллади, Ҳенесси тўпни қўлидан чиқариб юборди. Қайтган тўпга Жоао Марио зарба берганида, тўп яна майдон ташқарисига чиқиб кетди.
81-дақиқада Бэйл узоқ масофадан йўллаган зарбасини Руи Патрисиу қийинчилик билан қайтарди. Бу уэльсликларнинг сўнгги хавфли ҳужуми бўлди.
86-дақиқада Роналду дарвозабон билан яккама-якка чиқди, уни алдаб ўтиб, тўпни дарвозага йўллади. Бироқ унга аниқлик етишмади.
Сўнгги дақиқаларда хотиржам ҳимояланган Португалия ўйинда 2:0 ҳисобида ғалаба қозониб, финал йўлланмасига эга бўлди.
6 июль, Лион, «Стад де Лион»
Португалия – Уэльс 2:0 (0:0)
Голлар: Роналду (50), Нани (53)
Португалия – Руй Патрисиу, Соареш, Фонте, Алвеш, Геррейру, Данилу Перейра, Саншеш (Андре Гомеш, 74), Жоау Мариу, Адриен Силва (Моутинью, 79), Нани (Куарежма, 86), Роналду.
Уэльс – Хеннесси, Гантер, Коллинз (Уильямс, 66), Уильямс, Честер, Тэйлор, Аллен, Ледли (Воукс, 58), Кинг, Робсон-Кану (Черч, 63), Бэйл.
Огоҳлантиришлар: Аллен (8), Честер (62), Алвеш (71), Роналду (72), Бэйл (88).