Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Жавоб

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон чемпионатида биринчи давра якунига етди. Билмаганлар учун маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, ҳозир биринчи ўринда «Бунёдкор» бормоқда. Қалдирғочлар ҳисобида 37 очко бор. Иккинчи ўриндаги «Локомотив» эса 36 очко жамғарган. Учинчи ва тўртинчи ўринларни «Насаф» ва «Металлург» эгаллаган бўлиб, ҳар иккиси ҳам 28 очкога эга. Аммо очиғини айтсак, мулоҳазаларимизга буларнинг унча ҳам аҳамияти йўқ. Биз ҳозир «Бунёдкор», аниқроғи, унинг мураббийи Сергей Лушан ҳақида сўз юритмоқчимиз. Нима учун айнан Лушан? Сабабини қуйида англаб оласиз.

Мақола бошида «билмаганлар учун маълумот», деганимиздан ҳайрон қолгандирсиз. Зеро, олий лигада ким етакчи, ким эса иккинчи ўриндалигини билмаган одам бу газетани қўлига олмаган ва табиийки, вақт сарфлаб мақолани ҳам ўқимаган бўлар эди. Албатта, сиз барчасини яхши биласиз. Аммо афтидан «Бунёдкор» мураббийи Сергей Лушан олий лига жадвалидан унчалик ҳам хабардор эмас, шекилли. Биринчи давранинг сўнгги турида «Бунёдкор» клуби асосий рақиби бўлмиш «Локомотив»га қарши майдонга тушди ва 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади. Ўйиндан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Сергей Лушан ғалати фикр билдирди. Тасаввурингиз тўлиқ бўлиши учун мураббийдан иқтибос келтирсак.

- Биринчи даврани якунладик. Пешқадам жамоадан икки очкога орқада қоляпмиз.  Ҳеч бир футболчига эътирозим йўқ. Уларнинг барчаси астойдил ҳаракат қилди. Иккинчи давра олдидан таркибни кучайтиришни режалаштиряпмиз. Мавсумнинг иккинчи қисмида кураш янада қизғин кечади.

Эътибор берсангиз, бу ерда Лушан «иккинчи даврада кураш қизғин кечиши» ҳақида фикр билдиришдан олдин жамоаси пешқадамдан, яъни «Локомотив»дан икки очкога ортда қолаётгани ҳақида сўз очмоқда. Аслида эса юқорида ҳам таъкидлаб ўтганимиздек, «Бунёдкор» биринчи даврани етакчи сифатида якунлади. Нима, мураббий мусобақа жадвалидан бехабарми? Ахир унинг жамоаси «Локомотив»дан бир очко кўпроқ жамғарган-ку!

Йўқ, Сергей Лушан ҳаммасини билади, албатта. Шунчаки, мураббий «Локомотив» битта ўйин кам ўтказганига шаъма қилмоқчи бўлган. Ёдингизда бўлса, олий лига 14-турида «Локомотив» ва «Қизилқум» ўртасида ўтказилиши лозим бўлган учрашув номаълум муддатга қолдирилган эди. Бу ҳақида газетамизда ҳам хабар берганмиз. Хуллас, ўқигансиз. Ўша ўйин ҳамон ўтказилмади ва Лушан «пешқадамдан икки очко ортда қолаётганлари» ҳақида гапирар экан, ўша учрашувни назарда тутмоқда. Яъни, унинг мантиқига таянадиган бўлсак, «Локомотив» бу ўйинда «Қизилқум»ни, албатта, мағлубиятга учратади ва 39 очко жамғариб, биринчи ўринга кўтарилиб олади. Лушаннинг наздида бу аниқ-тиниқ факт ва амалга ошиши фақат вақт ҳукмида қолган, холос.

Хўп, энди Сергей Лушаннинг ўша гаплари маънисига тушуниб етган эканмиз, ўз навбатида, ҳақли савол туғилиши ҳам табиий ҳол - Лушан бу билан Ўзбекистон чемпионати ва айниқса, «Қизилқум» клубига нисбатан ҳурматсизлик қилмаяптими? Ахир ҳали бўлмаган ўйин натижаси ҳақида бу қадар ишонч билан гапириш қай даражада мантиққа тўғри келади?

Тан оламиз, Ўзбекистон чемпионатида натижасини олдиндан айтиш мумкин бўлган ўйинлар ўтказилган. Балки ҳозир ҳам ўтказилаётгандир. Буни ҳали расман ҳеч ким тан олгани йўқ, аммо борлигини ҳамма билади. Ана, Россиянинг Sports.ru интернет нашрида олий лига ўйинларидан бири шубҳа остига олинди. Ўша ўйин қайси бирилигини аниқ айтиш ниятимиз йўқ, зеро исботсиз нарсани кўтариб чиқиб нима қилдик, тўғрими? Бироқ шу билан бирга тан олинг, «Шамол бўлмаса, теракнинг учи қимирламайди». Шундай экан, бу иллатдан тўлиқ қутулганимиз ҳақида гапиришга ҳали эрта. Аммо шу билан бирга жорий мавсум ҳар доимгидан ўзгача ўтаётганини ҳам тан олмаслик, тўғри эмас. Ўзбек футболи мухлислари олий лигада яқин-орада бундай кураш кўрмаган эдилар. Ана қаранг, «Пахтакор» қаерда юрибди, «Насаф»га нималар бўлмоқда? «Қизилқум», «Бухоро» ва айниқса, «Металлург»нинг ўйини эса кўзни қувонтиради. Бир неча клуб ўз олдига жиддийроқ мақсад қўйган эди, бир зумда чемпионатимиз ўзгача кўриниш олди. Тўғри, ҳали қилинадиган ишлар кўп, аммо шу билан бирга, борини ҳам эътироф этишни ўрганишимиз керак эмасми?

Ҳаммадан ҳам «Қизилқум» клуби Сергей Лушаннинг бу «баёноти»га қандай жавоб қайтариши жуда қизиқ. «Бунёдкор» бош мураббийи «Локомотив» ҳисобига ҳали мавжуд бўлмаган уч очкони ёзиб қўяркан, билибми-билмайми, ишқилиб, навоийликларга нисбатан ҳурматсизлик қилди. Нима, «Қизилқум» шу қадар аутсайдерми ҳали бўлмаган ўйин учун мағлубият ёзиб қўйишса? Нима қилибди, рақиб «Локомотив» бўлса? Эътиборингиз учун, навоийликлар биринчи даврада ўтказган  14 та ўйиннинг бор-йўғи учтасида мағлуб бўлган. Олтитасида эса ғалабага эришган. Яна бир қизиқарли факт - «Қизилқум» клуби «Бухоро» билан биргаликда биринчи даврада энг кўп дуранг қайд этган жамоа бўлиб турибди - 5та. Мана шундай дуранглардан бири ўтган йилги чемпион - «Пахтакор»га қарши ўйинда қайд этилган эди (1:1). Бу эса навоийликларга бўлган ҳурматни оширмайдими?

Лушан эса, мана шундай жамоага нисбатан эътиборсизларча фикр билдириб турибди. Бу ҳолат навоийликларнинг нафсониятини қўзғатиши турган гап. Хўш, энди «Қизилқум» қандай жавоб қайтаради? Мана шуниси қизиқ. Истардик-ки, «Қизилқум» бу жавобни тилда эмас, амалда берса яхши бўлар эди. Зеро, «Локомотив»га қарши кечадиган ўйин натижаси ҳар қандай гап-сўздан яхшироқ бўлса керак...

АБДУЛЛОҲ

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 06:20, 13.07.2016.
Ўқилди: 7915 марта.
Фикрлар: 17 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.