Давралар оралиғидаги танаффусдан кейин Тошкент вилояти Чорвоқ тоғ ҳудудида жисмоний тикланиш машғулотларини ўтаб, Чирчиқ шаҳрига қайтиб келган Бекободнинг “Металлург” жамоаси кеча Қибрайда Тошкентнинг “Обод” жамоасига қарши назорат учрашувини ўтказди.
Ўйин пойтахтликларнинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Ягона гол “Металлург” ҳимоячиси Жасур Аҳмедов ҳисобига ёзилди – автогол. “Металлург” мураббийлари ўйин давомида ихтиёрларидаги барча ўйинчиларни синаб кўришга қарор қилишди. Шу боисдан ҳам иккита таймда майдонда бошқа бoшқа таркиблар ҳаракат қилишди. Бевосита ўйинни кузатиш жараёнида “Металлург” ўйинчилари жисмоний юкламадан тўлиқ чиқиб кетмаганлиги сезилди. Пойтахтликлар эса аксинча жуда эркин ва енгил ўйин намойиш этишди.
Иккинчи давра арафасида Ғузорнинг “Шўртан” жамоасида машғулотларда қатнашган Улуғбек Худойбердиев яна бекободликлар сафига келиб қўшилди. Жамоа ҳужумчиларидан Шоҳназар Норбеков (“Олмалиқ”) ҳамда Жасур Ҳакимов (“Пахтакор”) ва ҳимоячи Вусол Магеррамов (“Шўртан”)ларнинг иккинчи даврани бошқа клубларда ўтказишлари эҳтимоли юқори. Ўз навбатида “Металлург” таркибида ҳам янги ўйинчилар пайдо бўлиши кутиляпти. Бу масалаларнинг барчаси трансфер ойнаси ёпилгунча ойдинлашади.