Ўзбекистон миллий чемпионатининг биринчи даврасини кўтаринки кайфиятда ўтказиб, мухлислар олқишига сазовор бўлган Бекободнинг “Металлург” жамоаси айни кунларда Чирчиқ шаҳридаги “Кимёгар” стадионида иккинчи даврага қизғин ҳозирлик кўрмоқда.
Ҳамшаҳарларимиз биринчи даврадан кейинги қисқа танаффусдан сўнг бир ҳафта мобайнида Чорвоқ тоғли ҳудудида жисмоний тайёргарлик ўқув-машғулот йиғинини ўтказиб қайтишди. Чирчиқ шаҳрига қайтиб тушишгач эса икки маҳалдан тўп билан машғулотлар давом эттирилди. Шунингдек, кўрик-назорат учрашувлари ҳам ўтказилди. Жумладан, 20 июнь куни Қибрайда “Обод”га қарши ўйинда “Металлург” 0:1 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйган бўлса, кеча Чирчиқда “Андижон” билан дуранг ўйналди – 0:0.
Мазкур йиғин даврида бекободликлар таркибида янги ўйинчилар кўрикдан ўтишмоқда. Булар биринчи даврани пойтахтнинг “Обод” жамоасида ўтказган Шерзод Жалилов (23.02.1991) ҳамда Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоасидан келиб қўшилган Фаррух Шотурсунов (11.05.1992) лардир. Ўз навбатида “Металлург”ни тарк этган ўйинчилар ҳам бор. Жумладан, жамоа ҳужумчиларидан Жасур Ҳакимов Тошкентнинг “Пахтакор” жамоасига қайтиб кетди. Шоҳназар Норбеков эса пойтахт вилоятининг бошқа жамоаси – “Олмалиқ” машғулотларида иштирок этаяпти. Ҳимоячиларимиздан Улуғбек Худойбердиев ҳамда Вусол Магерамовлар Ғузорнинг “Шўртан” жамоаси машғулотларида қатнашди. Вусол ғузорликлар сафида қолган бўлса, Улуғбек яна “Металлург”га қайтиб келди. Ўз навбатида ёшлар таркибимизда ҳам ўзгаришлар бор. Бир қатор янги ўйинчилар айни пайтда мураббийлар кўригидан ўтишяпти. Улардан кимлар жамоада қолишини яқин кунларда билиб оламиз. Жамоадан кетган ҳақида тўхталадиган бўлсак, икки нафар ўйинчимиз биринчи лига вакили – “Цементчи”да фаолиятларини давом эттиришадиган бўлишди. Булар Аъзам Самижонов ҳамда Суннат Эрматовлардир.
“Металлург” “Андижон”га қарши назорат учрашувини қуйидаги таркибда ўтказди.
“Металлург”:Суҳробжон Султонов, Ҳикмат Ҳошимов, Дониёр Одилов, Шерзод Жалилов, Мирғиёс Сулаймонов, Жаҳонгир Абдумўминов, Аюбхон Нўъмонов, Эргаш Исмоилов, Фаррух Шотурсунов, Жавоҳир Эсонқулов, Зоҳид Абдуллаев.
Заҳирадан тушганлар:Дилмурод Каримов, Фарҳод Намозов, Муроджон Тошматов, Даврон Каримқулов, Саиджон Абдужабборов.